Шу йил 20-21 сентябрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов Москва шаҳрида бўлиб ўтган “Тинчлик йўли: Мулоқот биргаликда уйғун яшашнинг асоси сифатида” XX Халқаро мусулмонлар форумида иштирок этди.
Халқаро форумда дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатидан келган таниқли уламолар, машҳур муфтийлар, профессор-олимлар, жамоат ва дин арбоблари ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарлари қатнашди.
Форумда жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини замонавий таҳдидлар, динлараро муросасизликка қаратиб, дунё ҳамжамиятини тинчлик-осойишталикни қарор топтиришга чақирилди. Шунингдек, бугунги таҳликали даврда диний уламоларнинг самарали таъсир механизимини шакллантиришга урғу берилди.
Сўзга чиққан нотиқлар мусулмонлар бирдамлиги, давлат ва дин муносабатлари, конфессиялараро мулоқотни ривожлантириш, диний бағрикенглик, зўравонлик ва терроризмга қарши биргаликда курашиш каби мавзуларда чиқишлар қилди.
Сафар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов мамлакатдаги дин ва жамоат ва арбоблари самимий билан мулоқот ўтказди.
Мулоқотларда мазкур мамлакатда вақтинча яшаб меҳнат қилаётган ватандошлар фаолияти, яшаш тарзи, муаммолари ҳақида суҳбат қилинди. Жумладан, ватандошларимизнинг диний эътиқодини тўғри йўлга солиш, мазҳабсизликни олдини олиш каби масалаларда олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, ватандошлар учун Ўзбекистондан имом-домлаларни жалб қилган ҳолда ўқувларни ташкил этиш, уларга таълим беришда юртимизда нашр этилган диний адабиётлардан фойдаланиш масалалари муҳокама этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати