Устозлар! Ушбу сўзни эшитган ҳар бир қалб соҳиби бор-ки, ич-ичидан ўтаётган ажойиб туйғуларни ҳис қилади. Кўз ўнгидан илк бор қўлига қалам тутқазган кишидан тортиб унинг камолотига сабаб бўлган барча шахслар бирма-бир ўтади. Ушбу мақолага қўл уришдан аввал бир-икки талабаларга савол билан юзландим. Сиз Устоз деб аталмиш кишига қандай таъриф берар эдингиз?
Кимнингдир шавқдан лаблари қимирламас, кимдир ҳаракат қилар эдию, лекин ичидагиларни тўлиқ баён қила олмас эди. Лекин мени жалб қилган жиҳат – ҳамма ушбу калимани эшитганда ич-ичидан бир нарсаларни сезарди, лекин таърифлаб бера олмас эди. Ҳа, азизлар, Устозлар шундай таърифларга тил ожиз бўлган кишилардир.
Муаллиф фалсафасини ишлатиб маддоҳлик қиляпти деманг, магарам бу нарса Устозлар ҳақида жоиздир, лекин мен ўзимиз таълим олиш асносида гувоҳ бўлган устозларнинг баъзи ишларини эътироф қилмоқчиман, холос.
Маъҳад остонасига илк қадамларни қўйдик. Ўқув йилини биринчи ҳафтаси ҳам тугамоқда. Танаффус вақти тугай деб қолганда, Устоз шоша-пиша кириб келдилар. Устларида одатий уйда кийиладиган кийим. Кастюмларини кафедрадан олиб, бир шогирдлари ҳозирлаб турган экан, кийимларини алмаштириб чиқиб, дарсга кечикмай, ўтиб бердилар. Дарсдан сўнг бу ҳолат мени қизиқтирди ва суриштириб билдимки, Устоз бир неча кун аввал водийга кетган эканлар. Шунча масофадан Устозни шошилтириб олиб келган нарса бизга таълим бериш илинжи, холос. Аҳёнда талабалар дарсга кечикиб ёки дарс қилмай ҳам келиши мумкин.
Мадрасада ўқиш мобайнида бир Устозимиз бизни мадрасадан уйга олиб кетар эдилар. Йўлда қаерда ишимиз бўлса, бориб битирар эдик, ҳеч малолланмас эдилар. Ҳатто бир куни манзилни топа олмай қийналдик. Шунда ҳижолат ўлароқ устозга узр айтдик. Шунда Устоз жавоб бериб “Илм толибларининг хизмати ибодат, Аллоҳ таоло бунга ажр беради. Қаерга десанглар олиб боравераман дедилар”. “МашаАллоҳ”, деб юборасиз беихтиёр.
Биз каби ўқишни ҳали яхши билмайдиган талабаларга қимматбаҳо вақтини малолланмай сарфлаётган бу кишилар қандай кишилар экан-а?! Туни билан ухламай талабаларга дарсни ҳозирлаб келган бу зотлар қандай кишилар экан-а? Шунча қилган меҳнати билан дарсга кирганда“Мен дарс қила олмадим”, деган талабага жилмайиб ундай қилманг дея олган киши ким экан-а?
Бир оз илм ўқидик араб тилида феъл-фоилни ажратдик, ўзимизнинг наздимизда. Гоҳида бирор шеригимиз хато ўқигудек бўлса, дарров ким ўзарга тўғрилашга ўтилар эди. Устоз эса жилмайиб “ҳозир сизлар янги қайнаётган сувга ўхшайсизлар, чойнак қопқопларини жўмбушга келтириб юборасизлар. ИншаАллоҳ, қайнаб-қайнаб оҳиста қайнайдиган бўлиб қоласизлар”, дер эдилар. Шу ва шу каби азиятлар етса ҳам Аллоҳдан бизни ҳидоятимизни сўраб турган Устозларни қандай таърифлаш мумкин? Қўшимча тўгарак дарслар асносида гоҳида китоб ўқиш билан кўп шуғулланардик. Шундай дарсларнинг бирида Устоз менга қараб, “гоҳида талабаларни фарзанлариму-аҳлларимдан ҳам афзал кўриб кетаман”, дедилар. Ушбу сўзларга эътибор берайлик. Эрта тонгдан уйқусидан, тунлари билан ўз фарзандларидан-да бизни устун қўйиб таълим бериб турган Устозларга қандай таъриф бериш мумкин? Бу борада сўз юритадиган бўлсам, бундай мисолларнинг чеки йўқ. Лекин хулоса ўлароқ шуни айтаман-ки, албатта ҳар-бир камолотимизда сизларни беқиёс ҳиссангиз бор, гарчи буни ўзимиз ҳис қилмасак-да.
Азиз Устозлар!!! Доимо сизлар каби бўлишга интиламиз. Доимо сизларга эҳтиромдамиз. Аллоҳ қилаётган хизматларингиз эвазига ажру-азимларни насиб қилсин. Сизлар каби ходими дин Раббоний Устоз бўлиш бизларга ҳам насиб қилсин.
Тошкент ислом институти талабаси
Мухторали Саматов