islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳурмат ва эҳтиромдасиз, азиз устозлар!

Устоз – муаллимсиз  қолганда  замон,
Нодонликдан   қаро  бўларди  замон.

Абдураҳмон  Жомий

Илму маърифат зиёсини тарқатиш савобли амалдир. Бу вазифага мутасадди бўлган кишининг даражаси ҳам мислсиз. Ислом динида устоз ва мураббийларнинг эҳтироми чексиздир. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Илм ўргатувчи устозлар бежизга «Пайғамбарларнинг меросхўрлари» деб эъзозланмаганлар.  Борлиқдаги ҳамма нарса устознинг ҳаққига дуо қилиб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар: «Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳатто ковагдаги   чумоли   ва  ҳаттоки   балиқгача   одамларга  яхшиликни  таълим берувчига салавот айтадилар» (Имом Термизий ривояти).

Юртимизда ҳар йили “1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрами сифатида кенг нишонланади. Албатта, бу байрам мустақил юртимизда устозларга бўлган ҳурматнинг рамзий ифодаси бўлиб, аслида устозларга эҳтиром аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган буюк қадриятларимиздан саналади. Устоз ва мураббийлар жамият биносининг бинокорлари, онгу тафаккур муҳандислари ва маърифат боғининг боғбонларидир. Устоз ва муаллим ҳаёт бўстонидаги ниҳолнинг бақувват дарахтга айланиши учун беқиёс меҳнат қилади. Шунинг учун ҳам унинг шогирд устидаги ҳаққи бениҳоя катта ва улуғдир. Устоз шогирдини ўз фарзандидек кўради. Унинг юпун ва совуқ бўлган маънавий оламини ўзининг қалб қўзи билан иситади. Зимистон дунёсини илм қуёшининг мўъжизакор зиёси билан мунаввар этади. Сабр ва меҳр билан парваришлайди. Дунёю охиратда улуғлик, манфаат ва нажот келтирадиган йўлга йўллаб қўяди. Бунга қўшимча равишда шогирдининг салоҳияти учун туну кун дуода бўлади. Натижада унинг қўлига ниҳол бўлиб келган ўқувчи ва талаба совуқ урмасдан, зулматларда абгор бўлмасдан униб-ўсади ва вақти келиб бу ниҳол ҳаёт бўстонидаги сербарг ва муҳташам дарахтга айланади. Кейин у ҳам ўз навбатида маънавият боғига ўзининг ҳар хил меваларини тақдим қилади.

Аждодларимиз “устоз отангдек улуғ” деб, бежиз айтишмаган. Чунки, ота фарзандни дунёга келтирган бўлса, устоз унга одамийликдан сабоқ берган. Бу ҳақида бир машҳур зотдан, нима учун устозингизни  отангиздан ҳам ортиқ кўрасиз, деб сўрашганда: Отам мени жисмимни тарбиялаб ерга тушишимга сабаб бўлган, устозим эса руҳимни тарбиялаб кўкка етишимга сабаб бўлди, деган экан.

Устозлар  маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар, улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар, уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан омонлик қирғоғига етишадилар. Бинобарин, устозу муаллимларни рисоладагидек ҳурматламай туриб, ҳақларини муносиб равишда адо қилмай туриб, фарзандларимиздан эл-юрт, жамият, қолаверса, бутун дунё учун фойдаси тегадиган етук шахслар, олиму зиёли, шифокору муҳандис, ходиму тадбиркор каби кишилик жамиятига фойдаси тегадиган керакли ва фидойи инсонларни кутиш мумкин эмас.

Жамиятнинг кўп қисмини ташкил қилувчи ёшларимизга таълим-тарбия бериб келаётган устоз ва мураббийларимизни ҳар вақт ҳурматлашимиз, эъзозлашимиз, буни бурч деб билишимиз керак. Фарзандларимизга ёшлигидан уларни ҳурмат қилиш, уларни розилигини ва дуосини олиш муҳимлигини уқтиришимиз лозим. Зеро, устознинг дуосини олган шогирд илмидан барака топади, элу юрт ҳурматида бўлади. Инсон учун устозининг фазли отасининг фазлидан устун эканлигида ҳеч қандай муболаға йўқ. Зеро, ота фарзандини юқори оламдан ерга тушишига сабаб бўлган бўлса, устоз унинг ердан юқорига қараб кўтарилишига хизмат қилади. Шу боис ҳам мусулмон халқи қадим-қадимдан устоз ва мураббийларга мисли кўрилмаган ҳурмат кўрсатиб келган. Чунки фарзандларининг камолотга етиб, дунёю охират саодатига эришишлари учун устознинг ўрни беназир эканлигини яхши англаган.

Муҳаддислар султони Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) бир муддат Маккаи мукаррамада дарс берганлар. Бир зиёратчи Имом ҳазратларига Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб келтиради. Шунда Имом Бухорий зиёратчининг устозлар юртидан келганини билиб, уни қучоқ очиб кутиб олганлар ва чексиз эҳтиром кўрсатиб меҳмон қилганлар. Ундан салом хабарини эшитганларида Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олганлар ва  табаррукона мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан танишиб чиққанлар.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади: «Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. (Нафақат у) Балки, кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта, ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман».

Устоз деганда фақатгина диний билимларни таълим берган кишиларни эмас, балки ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс назарда тутилишини ҳам унутмаслигимиз лозим. Чунки муқаддас динимиз ‒ Исломда илмлар диний-дунёвийга ажратилмайди. Балки фойдали ва фойдасизга тақсимланади. Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади.

Ўзбекистон бугунги дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда тенглар ичра тенг овоз билан халқаро майдонда ўз мавқеига эга бўлишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир.

Устозларни қадрлаш ҳақида сўз кетганда беихтиёр ҳазрати Мир Алишер Навоийнинг ушбу сўзлари ёдимизга тушади:

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила.

Жамият олдида катта масъулият соҳиби бўлган барча устоз ва мураббийларимизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизга  катта муваффақиятлар тилаб қоламиз. Аллоҳ таоло устоз мураббийларимизнинг машаққатли меҳнатлари, юрт равнақига қўшган ҳиссаларини даргоҳида қабул айласин, Уларнинг умрларини узун, амалларини солиҳ қилсин, шогирдлари ва фарзанлари ортидан доим раҳмат эшитишларини насиб айласин.

Одилжон  Нарзуллаев,

ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,

Янгийўл тумани “Қирсадақ” жоме  масжиди имом-хатиби

 

433930cookie-checkҲурмат ва эҳтиромдасиз, азиз устозлар!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: