Аллоҳ таоло:
“Эй пайғамбар, сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарсани етказинг! Агар қилмасангиз, Унинг элчилигини етказмаган бўлурсиз, Аллоҳ Сизни одамлардан сақлагай. Албатта, Аллоҳ кофир қавмни ҳидоят қилмас” – Моида сураси, 67-оят.
Бу оятда Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини одамларнинг зараридан ҳимоя қилишини таъкидлаган. Ислом тарихидан маълумки, Набий алайҳиссаломнинг ҳимояси саҳобалар орқали ҳам бўлган, яъни У зотнинг қўриқчилари бор эди.
Бу оят нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига, Аллоҳ таоло менинг ҳимоямни ўз зиммасига олди, деб хабар берган. Бу ҳадисни Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ “Сунани Термизий”да ривоят қилган, 3046-ҳадис.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Аллоҳ таоло томонидан ҳимоя қилинишлари мўъжизалардандир.
Оят нозил бўлгунга қадар қуйидаги машҳур саҳоба розияллоҳу анҳум Набий алайҳиссаломнинг қўриқчилари эди:
- Саъд ибн Муоз;
- Муҳаммад ибн Маслама;
- Зубайр ибн Аввом;
- Муғийра ибн Шуъба;
- Абу Аюб Ансорий;
- Саъд ибн Абу Ваққос;
- Билол ибн Рабоҳ;
- Заквон ибн Абдул Қайс.
Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев