islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Муаллимларга насиҳат (2-қисм)

1. Талабага ёмон муомалада бўлиш. Бундай муомала талабада муаллимга нисбатан нафрат туйғуларини уйғотади, натижада у муаллимдан манфаат олишдан маҳрум бўлади, илмдан безиб қолади, ўқишни ташлаб, бирор касб билан шуғулланиш ҳақида ўйлай бошлайди. Бундай ҳолатдаги бола атроф-муҳитнинг таъсирида ёмон йўлга кириб кетиши ҳам мумкин.

2. Баҳс ва савол эшигини ёпиб қўйиш. Бу хато туфайли талаба зерика бошлайди, дарсда ўтилган тушунчалар зеҳнига ўрнашмайди. Муаллим эса талабалар у берган маълумотлар қанчалик тўғри ёки нотўғри фаҳмлаганини била олмайди. Ваҳоланки агар талабалар дарсни яхши тушунмаган бўлса, уни қайтадан, бошқа услубда шарҳлаши керак эди. Дарсда жонли, икки томонлама мулоқот бўлмаса, талаба бу жараёнда ўзининг ҳам ўрни борлигини ҳис қилмай қўяди, муаллим ҳам ўзи ҳисобга олмаган, аммо талабаларнинг эътиборидан четда қолмаган кўпгина мулоҳазалардан бехабар қолади.

3. Талабанинг ҳолатини билмасликка олиш. Бу хато талабани ноқулай вазиятларга солиб қўяди. Гоҳида талаба ўзининг ҳолатини ўртоқлари олдида очиқлаб беришга ийманади. Талаба топшириқ-вазифаларни бажаришда оқсагани, унутиб қўйгани ёки фикри тарқоқлиги ва ҳоказолар учун кечириш керак бўлган вазиятлар бор. Масалан, талабанинг яқинларидан бири вафот қилган бўлиши ёки оилавий муаммо гирдобида бўлиши мумкин. Бу каби ҳолатларни ҳисобга олмаслик муаллимнинг жиддий хатосидир.

4. Аълочиларни тақдирламаслик. Бу хато илм чўққилари сари интилаётган талабанинг ҳафсаласини пир қилади, умидларини пучга чиқаради, дангасанинг эса яхши томонга ўзгаришига туртки бўлмайди.

5. Талабанинг қобилиятини ҳисобга олмаслик. Бу хато айрим талабаларни ранжитиши мумкин, чунки уларнинг ақлий ва фаҳмлаш қобилиятлари ҳар хил бўлади. Шунинг учун муаллим маълумотларни ҳамма тушунадиган қилиб тақдим қилиши керак, чунки зеҳни пастроқ ўқувчилар ҳам дарсдан зеҳни ўткирлардек баҳраманд бўлиши лозим.

6. Дарсга атайлаб кечикиш. Дарс пайтида шахсий ишлар билан машғул бўлиш (масалан, муаллиманинг пардозланиши). Қўл телефонидан заруратсиз фойдаланиш.

7. Айрим талабаларни бошқаларидан ўзгача кўриш. Ўқитувчи бу хато туфайли ўқувчилар орасига адоват уруғини экади.

8. Бир кишининг қилмиши учун ҳаммани жазолаш, уларни муваффақиятсизликда айблаб, келажаги йўқлигини айтиш. Аксинча, йўл қўйилган хатони биргалашиб бартараф қилишга ундаш, уларнинг руҳини кўтариб, юксак ютуқларга эришишга истеъдодлари борлигини уқтириш керак.

9. Дарс мавзусидан узоқлашиб, талабалар учун бефойда нарсаларга ўтиб кетиш.

10. Дарсга тайёрланиб келмаслик. Бу хато тутилиб қолишларга, саволларга нотўғри жавоб бериб қўйишга олиб келади.

 Аллоҳим, сўз ва амалларимизда тойилишдан Ўзинг асра!

Муҳаммад Али МУҲАММАД ЮСУФ таржимаси

Манба: Islom.uz

46770cookie-checkМуаллимларга насиҳат (2-қисм)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: