islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Абдулғаний Мақдисий

Шом диёри ислом оламига кўплаб олимларни етиштириб чиқарган. Шундай олимлардан бири имом, аллома, ҳофиз, муҳаддис, фақиҳ Тақиюддин Абу Муҳаммад Абдулғаний ибн Абдулвоҳид ибн Алий ибн Сарур Алмақдисий Алҳанбалий роҳматуллоҳи алайҳдирлар. Уламолар у кишининг насаблари Жаъфар ибн Абу Толибга етиб боришини айтадилар. Ҳижрий 541чи, милодий 1146-йилда Фаластиннинг Наблус минтақаси Жаммоил қишлоғида туғилганлар. Бу ерлар Байтул мақдис атрофи бўлгани учун Мақдисий нисбатини олганлар. Лекин, салбчилар томонидан Байтул мақдис босиб олингани учун ёшликларида оилалари билан Дамашқ шаҳрига кўчиб ўтганлар.

Уламолар оиласида туғилганлари учун ёшликларидан илм ўрганишга қаттиқ киришдилар. Дастлаб, оилаларининг раҳбари аллома Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Қудомадан дарс оладилар. Сўнгра Дамашқнинг шайхлари, олимларидан илм ўргандилар. Илм талабида Искандария, Боғдод, Ҳаррон, Мўсул, Исфаҳон ва бошқа кўплаб шаҳарларга сафар қилдилар ҳамда замонасининг буюк олимларида таълим олдилар.

Машҳур устозлари:

  • Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Қудома
  • Абул Макорим ибн Ҳилол
  • Салмон ибн Алий Арроҳбий
  • Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳамза Алқуроший
  • Абдулқодир Жийлоний

561-йилда холаларининг ўғли ибн Қудома билан Боғдодга келганларида Абдулқодир Жийлонийнинг уйларида турадилар ва у кишидан жуда кўп нарсалар ўрганадилар.

Имом Мақдисий ёшликларидан ҳадис илмини алоҳида иштиёқ билан ўргандилар, катта шаҳарларда уламолардан ҳадис эшитдилар, натижада ўзлари ҳам буюк муҳаддис бўлиб етишдилар. Сўнгра Дамашққа қайтиб келдилар ва китоблар таълиф қилиш ҳамда исломий билимларнинг турли соҳаларидан дарс бера бошладилар.

​Шогирдлари:

  • Изуддин Муҳаммад
  • Абу Мусо Абдуллоҳ
  • Абу Сулаймон Абдураҳмон (учовлари ўғиллари)
  • Хофиз Сулаймон ибн Рохмаҳ
  • Абдулазиз ибн Абдулжаббор Қоланисий ва бошқалар.

​Имом Мақдисий ислом оламига бебаҳо асарлар тортиқ қилдилар. Имом Абдуллоҳ Басирийнинг айтишларига кўра Мақдисий ҳазратлари 50 дан ошиқ асарлар ёзганлар. Энг машҳур асарлари:

  • Умдатул Аҳком (Саҳиҳайндаги аҳком ҳадислари жамланган)
  • Алкамол фий асмаир рижал (кутуби ситтадаги ровийларнинг таржимаи ҳоллари баён қилинган)
  • Аннасиҳату фил адъиятис соҳиҳаҳ (Росулуллоҳдан ривоят қилинган дуолар жамланган китоб)
  • Алмисбаҳ фий уйуни аҳадисис сиҳоҳ
  • Ниҳаятул мурод мин калами хойрил ибад
  • Миҳнатул имам Аҳмад
  • Манақибус соҳабаҳ
  • Иътиқоду Имам Шофеъий ва бошқа китоблар.

​Имом Мақдисий ҳақларида уламоларнинг мақтовлари:

  • Имом Заҳабий Сиярда: имом, хофиз, содиқ, обид деганлар.
  • Ибн Нажжор: Имом Мақдисийнинг хифзлари ниҳоятда кучли эди, ҳадис илмининг барча соҳасини қамраб олган билимга эга эдилар.
  • Сабт ибн Жавзий: хифз ва ҳадис илмида замонанинг ягонаси эдилар.

Имом Абдулғани Мақдисий умрларини илмга хизмат қилишга бағишладилар ва ҳижрий 600чи, милодий 1203-йилда 59 ёшларида Қоҳирада вафот қилдилар. Аллоҳ у зотни раҳматига олсин ва ислом умматига қилган хизматлари сабабидан олий неъматлар билан мукофотласин.

Тошкент Ислом институти талабаси

Умарходжаев Мурод

48460cookie-checkАбдулғаний Мақдисий
1 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: