islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қалб тарбияси

Бизга Ўзини танувчи ва севувчи қалб ато этган ва ўша қалбни фақат Ўзигагина интилиши учун иймон нури билан нурлантирган ҳаким Роббимиз Аллоҳ Таолога ўзи рози бўладиган ададича ҳамду санолар бўлсин!

Қалб ҳақида суҳбатга киришар эканмиз, беихтиёр инсоннинг инсонийлигини намоён этувчи ҳисларни ўзида мужассам этган ҳамда инсонни Аллоҳ Таоло яратган бошқа махлуқлардан ажратиб турадиган латиф, нуроний ва билувчи бўлган муҳим бир нарса ҳақида сўзлашга киришаётган бўламиз.

“Қалб” сўзи араб тилидаги “қалаба” феълидан олинган бўлиб, “ағдариш”, “ўзгартириш” деган маъноларни англатади. Инсон қалбига шу ном берилганининг сабаби, унинг доим бир хил турмай у ёқ бу ёққа ағдарилиб тургани учундир.

Дарҳақиқат, инсон қалби доимо бир хил ҳолатда турмайди. Бу ҳақида Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпинча: “Эй қалбларни айлантирувчи Зот, қалбимни динингда собит қилгин”, дер эдилар. Бас, биз: “Эй Аллоҳнинг Расули, сизга ва сиз келтирган нарсага иймон келтирдик. Бизга бирор нарса бўлишидан қўрқасизми?”, – дедик. “Ҳа, албатта, қалблар Аллоҳнинг панжаларидан икки панжа орасидадир. Уларни У Зот қандай хоҳласа, айлантириб туради”, – дедилар”.

Албатта, борлиқдаги ҳар бир нарса Аллоҳ Таолонинг қабзасида ва У Зот уларни хоҳлаган тарафга буради. Аммо қалб иши энг нозик иш бўлгани учун ҳамда иймон ва куфр, жаннат ва дўзах масаласи айнан қалбга боғлиқ бўлгани учун у алоҳида зикр қилинмоқда. Яна ҳадиснинг маъносидан шуни тушунишимиз мумкин эканки, инсон ўз қалбини ўзгариб қолишидан, яъни иймондан куфр томонга оғиб кетишидан қўрқиб доимо Аллоҳдан ўз қалбини иймонда собит қилишлигини сўраб илтижо қилиши лозим экан. Чунки қалби доимо иймонда бўлган, яъни Аллоҳнинг ягоналигини ва ўлимидан кейинги ҳаётнинг борлигида заррача бўлса хам шак шубҳадан саломат бўлган қалбгина инсонга қиёмат куни фойда бериши мумкин. Бу ҳақида Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда шундай зикр қилган: “Магар Аллоҳнинг ҳузурига соғлом қалб билан келган кишигагина (фойда берур)”, (Шуаро,89).

Амр ибн Абдулҳамид ал-Амулий роҳматуллоҳи алайҳ қилган ривоятда айтилишича, Аллоҳ Таолонинг “соғлом қалб билан” деган сўзи ҳақида айтдиларки: “У холис қалбдир”, – деб.

Демак, соғлом, яъни Аллоҳ Таолога ва қиёмат кунига шак-шубҳасиз ишонадиган, ширкдан тоза бўлган ҳамда холис қалбгина инсонга фойда берар экан.

Энди мана шу ҳислатларга эга бўлиш учун қалбни қандай қилиб тарбиялаш мумкинлиги ҳақида суҳбатлашамиз. Қалб софлигига эришиш, уни тарбиялаш “Тиббул қулуб” – “Қалблар табобати” деб номланади. Бу номнинг ўзига хос шарҳи ва ҳикмати бор. Тиб илми икки қисмга бўлинади: бадан ва қалб табобати. Бадан табобатида инсоннинг бадани унинг соғлиғини сақлаш ва беморлигини кетказиш учун ўрганилади. Қалб табобатида эса инсон қалбининг ҳолатлари унинг тузалиши, бузилиши ва хаста бўлиши жиҳатидан ўрганилади. Чунки қалб инсон баданидаги бош аъзодир. Агар у соғлом бўлса, бошқа аъзолар ҳам соғлом бўлади. Агар у бузуқ бўлса, бошка аъзолар ҳам бузилади. Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис буни қўллаб қувватлайди: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Огоҳ бўлингким! Албатта жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлингким! Ўша нарса қалбдир”, – дедилар”.

Бу ҳадис буюк ҳадисдир, у исломнинг асоси бўлган учта ҳадисдан биридир. Шунинг учун бу ҳадисни исломнинг учдан бири десак бўлади. Бу ҳадиси шарифнинг улуғлиги шундаки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг бошида ҳалол ва ҳаромни баён қилганлар ва бу ишда қалб асосий рол ўйнашини таъкидлаганлар.

Энди ҳадиснинг шарҳи билан ҳам бир оз танишиб ўтсак. Ислом тушунчаси бўйича қалб икки хил бўлади: зоҳирий ва ботиний қалб. Зоҳирий қалб инсоннинг зоҳирида, яъни жисмоний қисмида жон вазифасини ўтайди. Ботиний қалб эса инсоннинг ақлий, руҳий-маънавий ҳаётида жон вазифасини ўтайди. Ҳадисда ботиний қалб назарда тутилгандир. Жисм соғ ёки бемор бўлиб, сўнг ўлгани каби қалб ҳам соғ ёки бемор бўлади ва ўлади. Шунинг учун ҳам қалбга алоҳида эътибор бериш ва уни бузилиб, натижада ўлиб қолмаслиги учун уни доим тарбиялаб туриш лозимдир. Бу иш Қуръони карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари асосида амалга оширилади. Бу ҳақида Қуръони карим “Юнус” сурасининг 57-оятида шундай дейилган: “Эй одамлар! Сизга ўз Роббингиздан мавъиза, кўксингиздаги нарса (қалб)га шифо, мўминларга ҳидоят ва рахмат келди”.

Яъни, Қуръон қалбингиздаги руҳий, маънавий дардларингизнинг барчасига шифо бўлиб келди, дейилмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса қалб табибларининг имоми бўлганлар ва бу ишда ҳаммага намуна кўрсатганлар.

Инсон ўз қалбининг соғломлигини сақлаб қолиш учун:

-Биринчи навбатда, Аллоҳ Таолодан ўзининг “мустақим йўли”да қалбини собит қилишлигини, уни ўзгартириб қўймаслигини сўраб доим дуо қилиши керак экан;

-Иккинчидан, ислом шариати ҳаром қилган нарсаларни тановвул қилиш ва ҳаром қилган гуноҳ ишларни қилишдан тийилиш билан қалбни бузилиб кетишдан асраш;

– “Шуаро” сураси 89-оятининг тафсирида баён қилинганидек, қалбини шак-шубҳалардан тоза, холис сақлаши керак. Яъни, Аллоҳ Таолога нисбатан тоза, самимий, фақат Унинг розилигини истабгина амал қилиш билан бир қаторда инсонларга нисбатан ҳам ёмон шубҳа, гумонлардан пок бўлган, самимий қалбга эга бўлиш. Бу жуда катта масала бўлиб, бунинг ичига икки турдаги қалбни бузувчи амаллар, яъни Аллоҳга нисбатан: куфр, ширк, мунофиқлик, риё, фосиқлик, осийлик каби ва яна бошқалар киради. Ҳамда одамларга нисбатан: ёлғончилик, ғийбат, чақимчилик, ҳасад, мазаҳ қилиш, иккиюзламачилик ва шунга ўхшаш яна кўп иллатлардан қалбнинг соғлом бўлишидир.

Амалларимизнинг мезони бўлган қалбимизни тарбиялашга эришсак ва Қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида хор бўлишдан нажот топсак, Инша Аллох!

49230cookie-checkҚалб тарбияси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: