islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қуръон таълимини қалбида топган инсон

Қуръони каримнинг энг улуғ фазилатиларидан бири Буюк Аллоҳнинг Каломи эканлигидир. Аллоҳ таоло уни кўп оятларда мадҳ қилиб, жумладан, бундай деб марҳамат этади:

Дарҳақиқат, бу Қуръон тўғри йўлга бошлайди (Исро сураси, 9-оят).

“Қуръонда зоҳирий ҳам, ботиний ҳам ботил йўқ” (Фуссилат сураси, 42-оят).

… Жаҳолатга ботган араб қабилалари узра нубувват қуёши порлади. Бу қуёш уларнинг тун зулматларини ёритиб, кечаларини кундуз каби нурафшон этди. Ер кенгликлари узра сочилиб, шимолу жануб осмонида балқиб, шарқу ғарб дунёсини ёритди. Саҳобалар юлдузлар каби бу қуёшдан нур олар, унинг атрофида айланиб бу мавжли илм денгиздан ҳўплаб-ҳўплаб ичар эдилар. Улар ваҳий орқали нозил бўлган ҳақиқатларни нафсларида жам этиб, вужудлари ер юзида юрса ҳам, руҳлари самоларда учар эдилар. Қуръон таълимини қалбида топган инсон – Қуръон оятларини ўқийдиган ва у билан ҳидоятланган кишилардан ҳисобланарди.

Асрлар давомида уммат учун йўлчи юлдуз бўлиб келган саҳобалардан бири Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг Қуръонга бўлган чексиз муҳаббатлари сийрат китобларида ўз аксини топган.

Ибн Масъуд Исломнинг асоси бўлмиш Қуръони каримга бутун эътиборини қаратиш билан бирга одамларни бу Каломни фахмлашга, амал қилишга ва тиловат қилишга ундадилар. Уларнинг Қуръони карим ва унинг оятларига амал қилиш тўғрисида бир неча фикрларини келтириб ўтамиз:

Мурра Абдуллоҳдан шундай ривоят қилади: “Агар илм истасангиз, Қуръон ифорини сочинглар. Дарҳақиқат, аввалгилару охиргиларнинг илми бу Қуръондир”.

Абу Ахвасдан ривоят қилинишича, “Ибн Масъуд айтадилар: Дарҳақиқат, Қуръон Аллоҳнинг зиёфати, кимки ундан бирон нарса ўрганмоққа қодир бўлса, бас, ўргансин! Билингки, энг ҳақир уй – ичида Аллоҳнинг Китоби бўлмаган уйдир! …”

Ибн Масъуд шундай дедилар: “Қуръонни ёд олувчи киши одамлар уйқуга кетганида, узун туни билан, одамлар еб-ичишга шўнғиганида, ғариб кундузи билан, одамлар шовқин-сурон билан тошганида, жимлиги билан бўлсин! Қуръонни ёд олувчи одам йиғиси кўп маҳзун, илми кўп ҳикматли, сукути кўп босиқ киши бўлиши лозим. Қуръонни ёдолувчи киши қўпол, ғофил, сершовқин бўлмаслиги керак” .

Ва яна айтадиларки: “Қуръон унга амал қилиш учун нозил бўлди. Бас, Қуръонни амал қилиш учун ўрганингиз. Ҳали шундай қавм келадики, улар Қуръонни ҳудди асони йўниб силлиқлаган каби зийнатлайдилар. Улар сизнинг яхшиларингиз эмас! Илмига амал қилмайдиган олим шифони беҳуда сифатлаётган беморга, таомнинг лаззатини васф қилиб, ўзи ундан бебаҳра оч кишига ўхшайди”.

Аллоҳ таоло барчамизни Қуръонни ўрганиб унга амал қилувчилардан қилсин!

Тошкент Ислом институти талабаси

Ғофурова Оминахон

53380cookie-checkҚуръон таълимини қалбида топган инсон

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: