islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Хушхабар! Институтимиз қория талабаси 30 пора Қуръонни бир кунда тўлиқ ўқиб берди!

Бугун, 27 октябрь куни Тошкент Ислом институти 4-“В” курс толибаси Нажмиддинова Робия ўттиз (30) пора Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда 12 соат мобайнида ёддан ўқиб беришга муваффақ бўлди.
Талабанинг Қуръони каримни ёддан ўқиш жараёнини “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов, устозлардан Исломхон қори Убайдуллаев, Зафар қори Маҳмудов, Жаҳонгир қори Рўзиев, Абдулбосит қори Қобилов, Муҳаммадсолиҳ қори Мажидов, ҳамда талаба қизлар кузатиб бордилар.
Нажмиддинова Робия эрталаб тонгдан Қуръони каримни ёддан ўқиб беришни бошлаб, Шом намозида якунлади. Хатми Қуръон дуосини Тошкент Ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов ва бир гуруҳ устоз ва талаба қизлар билан биргаликда қилинди.
Маълумотларга кўра, Нажмиддинова Робия 2016 йилнинг февраль ойидан бошлаб Қуръони каримни “Таҳфизул Қуръон” ўқитувчиси устози Зафар қори Маҳмудовга кунига бир бетдан ёдлаб топширишни бошлаган ва охирги маротаба 15 бет топширган. Қарийб 6 ой мобайнида Каломуллоҳни тўлиқ ёд олиб, икки ярим йилда тўлиқ кўтаришликка муваффақ бўлиб, бугун эса бир ўтиришда бутун Қуръони каримни устозлари гувоҳлигида ёддан ўқиб топширди.
Эслатиб ўтамиз, Нажмиддинова Робия 2016 йил, Ўзбекистонда таълим муассасалари ўртасида ўтказилган Қуръони карим мусобақасида “Зийнат қория” сифатида иштирок этган.
2017 йил,Таълим муассасалари ўртасида бўлиб ўтган Ўзбекистон Қуръон мусобақасининг Республика босқичининг мужаввид йўналиши бўйича олий ўрин соҳибаси.
2018 йил, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ташкил этилган “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018”да ҳифз йўналиши бўйича мутлоқ ғолибликни қўлга киритиб олий ўрин соҳибаси бўлди.
2018 йил, Малайзия Қироли Муҳаммад (V) Фарис Петра ташаббуси билан ташкил этилган халқаро Қуръон мусобақасида мураттаблик йўналиши бўйича кучли еттиликдан жой олган.
Бугунги дин соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан бир қаторда қори ва қорияларимизни қуллаб қувватлаётган Юртбошимиз Ш.М.Мирзиеёвга ва таълим муассасаларидан етишиб чиқаётган бу каби иқтидорларга шароит яратиб бераётган Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Тошкент Ислом институти мутасаддиларига ўзимизнинг чуқур миннатдорлигимизни билдириб қоламиз. Барчамиз учун урфга айланиб бораётган Қуръони каримни тўлиқ ёддан бир ўтиришда ўқиб бериш анъанаси бундан кейин ҳам ривожланиши ҳамда юртимиздан мана шундай қори ва қориялар кўплаб чиқишини Аллоҳ таоло Ўзи осон ва муваффақ айласин! Юртимиз мусулмонлари ва Тошкент ислом институтига яна бир мураттаб қория муборак бўлсин!

Тошкент Ислом институти
“Тахфизул Қуръон” кафедраси
ўқитувчиси Зафар Маҳмудов

54610cookie-checkХушхабар! Институтимиз қория талабаси 30 пора Қуръонни бир кунда тўлиқ ўқиб берди!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: