Бугун, 30 октябрь куни “Энг маърифатли имом“ мусобақасининг Тошкент шаҳри босқичи ўтказилди. Бу ҳақда ЎМИ сайти хабар бермоқда.
Мусобақа доирасида иштирокчилар бир қанча шартлар бўйича билимларини синовдан ўтказдилар. Якуний натижаларга кўра эса, биринчи ўринни Юнусобод туманида жойлашган “Кулол қўрғон“ жоме масжиди имом-хатиби, Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси Яҳё Абдураҳмонов қўлга киритган бўлса, иккинчи ўринни “Ҳазрати Имом“ жоме масжиди имом ноиби Ҳабибуллоҳ Абдураззоқов эгаллади ва учинчи ўрин Шайхонтоҳур тумани “Зангиота“ жоме масжиди имом-хатиби Илҳомжон Мадвалиевга насиб этди.
Эътиборли жиҳати, мусобақада “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири Жаҳонгир Неъматов қироат бўйича, “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Ҳасан Қодиров фиқҳ бўйича иштирокчиларнинг билимларини ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида баҳоладилар.
Тошкент ислом институти жамоаси “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси Яҳё Абдураҳмоновни ғалаба билан муборакбод этади.