islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Йўлларнинг ҳаққи

Мукаммал ва гўзал хулқларни ўзида жамлаган мусаффо Ислом динимиз ўзгаларга озор беришдан, дилозорликдан қаттиқ қайтаради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир муборак ҳадисда шундай дейдилар: “Мусулмон – тили ва қўлидан мусулмонлар омонда бўлган кишидир” (Муттафақун алайҳ).

Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон одамга қисқа ва лўнда таъриф бермоқдалар. Яъни, ким Исломни дин деб рози бўлса ва ўзини мусулмонман деб даъво қилса, мана шу даъвосининг ҳужжати ва исботи сифатида битта хунук сифатдан сақланади. Бу сифат эса – ўзгаларга озор беришликдир. Озор бериш эса икки хил кўринишда бўлади:

1) Тил орқали. Яъни, кишиларга қўпол ва дағал гапириш, уларни камситиш, мазах қилиш, хақорат қилиш, алдаш ва ғийбат қилиш, шаъни ва обрўсига нолойиқ сўзларни гапириш ёки шундай ишларга далолат қилиш сабабли озор бериш.

2) Қўл орқали. Яъни, гарчи инсонларга қўпол муомалада бўлмаса-да, лекин қилаётган қайсидир амали билан уларга машаққат туғдириш орқали озор беришдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида ушбу: “Эй инсонлар! Албатта, молларингиз, жонларингиз, шаънингиз ва обрўларингиз бир-бирингиз учун ҳаромдир”, деган муборак васиятлари ила юқоридаги ҳадисни тасдиғини кучайтириб, мусулмонга озор етказадиган барча моддий ва маънавий зарарларни мутлақ ҳаром қилдилар.

Юқоридагилардан маълум бўладики, инсон ўзгаларга озор берадиган сўз ёки амаллардан барчасидан эҳтиёт бўлиши лозим. Чунки, озор сабабли банда билан банда ўртасидаги ҳақ суистеъмол бўлади. Айниқса, бу ҳолат кўпчиликнинг мулки ҳисобланган, ҳамма инсонларнинг фойдаланиши мумкин бўлган жамоат йўллари билан боғлиқ бўлган озорларда кўп учрайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлнинг ҳаққи тўғрисида ниҳоятда эҳтиёткор эдилар. У зот бу эҳтиёткорликни ўз саҳобалари ва келажак умматларига ҳам қаттиқ тайинлар эдилар.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўлларда ўтиришдан сақланинглар!” дедилар. Шунда: “Эй Аллоҳнинг Расули, ўтирмасликка иложимиз йўқ, чунки у ерда гаплашиб ўтирамиз”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар ўтиришдан бошқага кўнмасангиз, у ҳолда йўлнинг ҳаққини беринглар”, дедилар. Улар: “Йўлнинг ҳаққи нима?” дейишди. У зот: “Кўзни тийиш, озор етказишдан тийилиш, саломга алик олиш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш”, дедилар (Муттафақун алайҳ).

Шунга кўра, киши аввало беҳуда ва бесабаб жамоат жойларида, хусусан йўл бўйларида ўтиришдан сақланмоғи керак. Агар зарурат юзасидан шундай вазиятга тушиб қолса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига мувофиқ кишиларга озор берадиган барча амаллардан сақланиши шарт қилинди.

Демак, инсонларга озор бериш қанчалик оғир гуноҳ бўлса, энди бу озорни четлатиш эса аксинча, жуда ҳам савоби ва ажри улуғ амаллар сарасидандир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонларга йўл ўртасида озор бераётган дарахтни кесиб ташлаган бир кишининг жаннатда ҳузур-ҳаловат ила яшаётганини кўрдим”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Бошқа бир ривоятда: “Бир киши йўлдан ўтаётиб, ўртадаги дарахт шохини (кўриб), “Аллоҳга қасамки, мен буни мусулмонларга азият бермаслиги учун четлатираман”, деганида, у жаннатга киритилди”, дейилган.

Икковларининг бошқа бир ривоятларида: “Бир киши кета туриб, йўлда тиканли шохни кўриб, уни четга олиб қўйди. Аллоҳ ундан мамнун бўлиб, гуноҳини кечирди”, дейилган.

Бугун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларига амал қилмаслик натижасида кўча-кўйда, хусусан, қатнов йўлларимизда бир қанча дилхираликлар содир бўляпти. Бунинг натижасида эса, қанчадан-қанча инсонларнинг ҳаққи поймол бўлмоқда. Яна қанча одамлар эса озор кўрмоқда.

Илмсизлик ва эътиборсизлик сабабли ўз чегарасидан ташқари ҳисобланган йўл бўйларига дарахтлар экиб, панжаралар қилиб, ёки тўхташ мумкин бўлмаган жойларга транспорт қўйиш орқали кишиларнинг ҳаракатини қийинлашишига сабаб бўлаётган, қурилиш баҳонасида кўча тарафга бир неча ойлаб қурилиш материалларини тахлаб қўйганча бемалол юрган кишилар шубҳасиз кишиларга озор бермоқдалар. Бу озорлар эса албатта, кишининг гуноҳкор бўлишига кифоя қиладиган сабаблардандир.

Аллоҳ таоло барчамизни ўзгалар ҳаққига хиёнат қилишдан ва инсонларга озор бериб қўйишдан сақласин.

Тошкент ислом институти

сиртқи бўлим 1-курс талабаси,

“Мевазор” масжиди имом-хатиби

Раҳимжон Марҳумов

56250cookie-checkЙўлларнинг ҳаққи
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!