Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонасида бўлиб ўтган брифингда шайх Аҳмад Муҳаммад Таййибнинг халқаро ишлар бўйича маслаҳатчиси, элчи Абдураҳмон Муса Миср бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи тарихий муҳим воқеа бўлганини таъқидлади, деб хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати.
– Миср бош имоми анчадан бери ислом илмий ва маданий меросининг рамзи бўлмиш Ўзбекистонга ташриф буюриш, бу ердаги кенг миқёсдаги ислоҳотларга шахсан гувоҳ бўлишни мақсад қилиб юрган эдилар.
Бош имомнинг Ўзбекистонга ташриф дастури расмий учрашувлар ва воқеаларга жуда бой бўлди. Ташриф чоғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев, Бош вазир Абдулла Арипов, Диний ишлари бўйича қўмита раҳбарияти, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом ал-Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбарияти билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом ал-Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Абу Райхон ал-Беруний номидаги шарқшунослик институти фаолияти билан яқиндан танишди, бу ерда ушбу таълим ва илмий муассасалар билан келгуси ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандумлар имзоланди.