Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок Суламий Буғий Термизий милодий 824-825 – 892 йиллар оралиғида яшаган машҳур муҳаддисдир. Имом Термизий Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида туғилди. Ёшлик чоғларидан илмга катта қизиқиш ва иштиёқ кўрсатди. Самарқанд, Бухоро, Марв каби шаҳарлардаги машҳур уламо ва муҳаддислар асарларини ўргана бошлади.
Имом Термизий ҳадис ўрганиш ва уларни йиғиш учун қарийб 20 йил ўзга юртларда бўлди. Нишопурда Имом Бухорий билан учрашиб, кўпгина ҳадислар хусусида фикр алмашди. Имом Бухорий билан беш йил биргаликда яшаши “Сунани Термизий” асарининг яратилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Имом Термизий ҳадиснинг саҳиҳлигини аниқлашда “Сунан”да “саҳиҳ”дан кейин “ҳасан” даражасини ҳам киритди. Термизий “ҳасан” иборасини ўз китобида бундай таърифлайдилар: “Ушбу китобимизда “Бу ҳадис ҳасан” деган пайтимизда биз санадининг ҳасан эканлигини назарда тутганмиз. Чунки ровийси ёлғончи деб тахмин қилинмаган ҳар бир ҳадис, деярли бошқа сабабдан ривоят қилинса ва шоз(з) бўлмаса, у ҳадис, бизнинг фикримизча, ҳасандир”.
Абу Исо Муҳаммад Термизий Имом Муслим ва Имом Абу Довудлар билан ҳам илмий суҳбатда бўлиб “Сунан”дан ташқари “Шамоили Набавия”, “Китоб уз-зуад” (“Зоҳидлик китоби”) “Асмоъ ус-саҳоба” (“Саҳобаларнинг исмлари”), “ал-Асмоъ вал-куно” (“Исмлар ва кунъялар”), “Китобул-илал” (“Иллатлар китоби”) ва бошқа асарлар ёзган.
1990 йилда Абу Исо Муҳаммад Термизий таваллудининг 1200 йиллиги Ўзбекистонда кенг нишонланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2017 йил 14 февралда 2774-сонли “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини имзолади.
Марказ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигида ташкил этилди.
Ислом динининг, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳиятини, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асосларини, Имом Термизий ҳамда термизий алломалар, юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир зотлар меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш Имом Термизий халқаро марказининг асосий вазифаси этиб белгиланди.
Марказ Адлия вазирлиги томонидан 2017 йил 14 мартда давлат рўйхатидан ўтказилди.
Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев