Бизни Ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматларидан қилган ва “Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор”, деган Аллоҳ таолога чексиз ҳамд-у санолар бўлсин.
Ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси биз учун ибрат манбаи бўлган ҳабибимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга батамом мукаммал саловоту дурудлар бўлсин.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни оламларга раҳмат қилиб юборди. Ислом умматининг бу дунёда ҳидоят сари йўлбошловчиси ва охиратда шафоатчиси бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилишлари биланоқ олам нурга тўлди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин, Қуръон, таълимотлар барча оламларга раҳмат-шафқатдир.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз меҳр-муҳаббат тасдиғи сифатида, жорий йилнинг 1 декабрь куни, Тошкент ислом институти талаба қизлари томонидан “Севмай бўлурми Сизни?!” номли мавлид тадбири ташкил этилди. Тадбирга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Оила илмий-амалий тадқиқот маркази Оила психологияси бўлими раҳбари Ферузахон Акромова, Ўзбекистон мусулмонлари идораси аёллар билан ишлаш бўлими ходималари Марямхон Абдуллаева, Мунирахон Абубакирова, Зарифахон Қосимова, Ўзбекистон халқаро ислом академияси илмий ходимаси Нигорахон Ҳакимова, Тошкент шаҳар бош отини Дилбархон ая Атабаева, “Хадичаи Кубро” аёл қизлар ўрта махсус ислом билим юрти вакилалари, Олмазор, Миробод ҳамда Яккасарой туманларининг бош отинлари, “Muslimaat.uz” аёл-қизлар сайти ходималари ва бошқа меҳмонлар ташриф буюрдилар.
Тадбирда талаба қизлар томонидан тайёрланган Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатларини акс эттирувчи саҳна кўринишлари ва саловотлар тақдим этилди.
Сўнгра, “Ҳадис ва ислом тарихи кафедраси” томонидан ташкил этилган иншолар танлови, “Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танийсизми?” islaminstitut.uz телеграм каналида бўлиб ўтган савол-жавоб танлови ва “Расулга муҳаббат” номли хоналарни безаш танлови ғолибалари “Вақф” хайрия жамоа фонди томонидан қимматбаҳо совғалар ва диний-маърифий китоблар билан тақдирландилар.
Тадбир сўнггида талаба қизлар томонидан уюштирилган савол-жавобларда барча йиғилганлар иштирок этишди ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари ва фарзандлари ҳақидаги саволларга фаол бўлиб жавоб бердилар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз муҳаббат акс эттирилган бу тадбир жуда қизиқарли ва файзли бўлиб ўтди.
Маънавият, маърифат
иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими,
талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова