Ҳар йили ноябрь ойи бошида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг буйруғига биноан Тошкент ислом институти битирувчи курс талабалари юртимизнинг турли ҳудудларида жойлашган ислом билим юртлари (мадрасалар)да педагогик амалиёт ўташ учун йўл оладилар.
Шундай талабалардан бир гуруҳи айни пайтда Бухорои шарифда жойлашган нуфузли ислом билим юртларида таълим бериш йўлидаги илк қадамларини қўймоқдалар.
Нурбаев Ҳурмуҳаммад, Маткаримов Турсунбой ва Жамбилов Мансур Мир Араб Олий мадрасасида, Раҳимов Неъматуллоҳ, Холназаров Азизбек, Нажмиддинов Ҳамидуллоҳ, Неъматов Сулаймон, Асатуллаев Фарҳоджон, Ғуломов Зарифжон ва Баҳодиров Ҳожакбар Мир Араб ислом билим юртида ҳамда Жўйбори Калон аёл-қизлар ислом билим юртида эса Нажмиддинова Робия ўзларининг педагогик амалиётларини ўтамоқдалар.
Ушбу амалиётчи талабаларга Тошкент ислом институти Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси Зафар Маҳмудов раҳбарлик қилмоқда. 2018 йилнинг 4-6 декабрь кунлари Зафар Маҳмудов талабаларнинг амалиётдаги фаолиятларини назорат қилиш ва улар ўтказадиган очиқ дарсларни таҳлил қилиш мақсадида юқорида айтиб ўтилган Бухородаги таълим муассасаларига ташриф буюрди.
З.Маҳмудов, сафар давомида амалиётчи талабаларининг Қуръон қироати ва тажвид, тафсир, фиқҳ, ақоид ва араб тили каби мутахассислик фанларидан ўтган очиқ дарсларини кузатди. Дарслардан сўнг мадраса мударрислари билан ўқув жараёнининг таҳлили ўтказилиб, амалиётчиларнинг ютуқ ва камчиликлари ўзаро муҳокама қилинди.
Шунингдек, Зафар қори Маҳмудов Мир Араб Олий мадрасаси, Мир Араб ислом билим юрти ва Жўйбори калон аёл-қизлар ислом билим юртларининг 1–2 курс талабалари иштирокида “Қуръон ёдлаш фазилатлари” тўғрисида давра суҳбати ўтказди.