islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ширинсухан фарзанд жаннатийдир

Жамиятда шундай инсонлар борки, дунёга келтириб тарбиялаган ота-онаси билан қўпол муносабатда бўлади. Дилини оғритади, кўнглини қолдиради, ҳолидан хабар олмайди. Ота-онаси устидан бошқаларга шикоят қилиб нолиб юради. Ўшалар ҳам мусулмон…

Ислом ота-онанинг мавқеини жуда юқори қўяди. Қуръони каримда Аллоҳ таоло бир қанча ўринларда ота-онага яхшилик қилишга буюрган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан энг биринчи кимга яхшилик қилиш лозимлиги тўғрисида савол сўраган саҳобага Ул зот 3 марта “онангга”, кейин “отангга” деб жавоб берганлар. Халқимизда “Ота рози – Худо рози” деган мақол бор. Шу ҳам аслида ҳадисдан олинган.

Биласизми, ота-она билан мулоқот қилганда ширинсуханлик қилишнинг ўзи мўминни жаннатга етишига сабаб бўлар экан. Муҳаддислар султони имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ “ал-Адаб ал-муфрад” асарида келтирган бир ҳадисга эътиборингизни тортсам:

حَدَّثَنَا مُسَدَّدٌ ، قَالَ : حَدَّثَنَا إِسْمَاعِيلُ بْنُ إِبْرَاهِيمَ ، قَالَ : حَدَّثَنَا زِيَادُ بْنُ مِخْرَاقٍ ، قَالَ : حَدَّثَنِي طَيْسَلَةُ بْنُ مَيَّاسٍ ، قَالَ : “ كُنْتُ مَعَ النَّجَدَاتِ ، فَأَصَبْتُ ذُنُوبًا لا أَرَاهَا إِلا مِنَ الْكَبَائِرِ ، فَذَكَرْتُ ذَلِكَ لابْنِ عُمَرَ ، قَالَ : مَا هِيَ ؟ قُلْتُ : كَذَا وَكَذَا ، قَالَ : لَيْسَتْ هَذِهِ مِنَ الْكَبَائِرِ ، هُنَّ تِسْعٌ : الإِشْرَاكُ بِاللَّهِ ، وَقَتْلُ نَسَمَةٍ ، وَالْفِرَارُ مِنَ الزَّحْفِ ، وَقَذْفُ الْمُحْصَنَةِ ، وَأَكْلُ الرِّبَا ، وَأَكْلُ مَالِ الْيَتِيمِ ، وَإِلْحَادٌ فِي الْمَسْجِدِ ، وَالَّذِي يَسْتَسْخِرُ ، وَبُكَاءُ الْوَالِدَيْنِ مِنَ الْعُقُوقِ ، قَالَ لِي ابْنُ عُمَرَ : أَتَفْرَقُ النَّارَ ، وَتُحِبُّ أَنْ تَدْخُلَ الْجَنَّةَ ؟ قُلْتُ : إِي وَاللَّهِ ، قَالَ : أَحَيٌّ وَالِدُكَ ؟ قُلْتُ : عِنْدِي أُمِّي ، قَالَ : فَوَاللَّهِ لَوْ أَلَنْتَ لَهَا الْكَلامَ ، وَأَطْعَمْتَهَا الطَّعَامَ ، لَتَدْخُلَنَّ الْجَنَّةَ مَا اجْتَنَبْتَ الْكَبَائِرَ

Тайсала ибн Маййос айтади: “Мен ҳарбий сафарда аскарлар билан эдим. Иложсиз бир қанча гуноҳларга қўл уриб қўйдим. Ўзимча ўша гуноҳларни ҳаммаси кабира гуноҳлар деб ўйлаб, ичимдан эзилардим. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга ичимни кемираётган бу ғашликни гапириб бердим. У киши: ўша гуноҳларинг нима ўзи? – деб сўради. Мен: фалон-фалон ишлар, дедим. У киши эса: булар гуноҳи кабира эмас. Гуноҳи кабиралар тўққизтадир, деб қуйидагиларни санаб берди:

1. Аллоҳга ширк келтирмоқ;
2. Бегуноҳ одамни ноҳақ ўлдирмоқ;
3. Шаръий жиҳоддан орқа қилиб қочиб қолмоқ;
4. Покиза аёлларни зинога нисбат бериб ҳақоратламоқ;
5. Судхўрлик;
6. Етимнинг молини емоқ;
7. Масжидда диндан чиқмоқ;
8. Бошқаларни масхара қилмоқ;
9. Ота-онасининг дилини оғритиб, оқ бўлиб уларни йиғлатмоқ.

Кейин сўзида давом этди:

-Сен жаҳаннамни ёмон кўрасанми? Жаннатга киришни истайсанми?
– Мен: Аллоҳга қасам, албатта дедим.
– Отанг тирикми?—деди.
– Менинг онам ҳаёт дедим.
У киши шунда: “Аллоҳга қасам, агар онангга ширинсуханлик билан яхши гапирсанг ва таомини едирсанг албатта жаннатга кирасан. Шарти шуки, юқорида айтилган кабиралардан сақлансанг…”—деди.

Хулоса шуки, инсон ҳаётида гуноҳ қилмай иложи йўқ. Бандамиз, албатта осийлик қиламиз. Лекин, кабира гуноҳлардан нафсимизни тийиб, ота-онамиз билан муносабатларимизни ислом таълимотига мослай олсак Раббимиз албатта жаннат билан сийлар экан.

Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имом хатиби
Авазбек МЎМИНОВ

61150cookie-checkШиринсухан фарзанд жаннатийдир

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: