Аллоҳ таоло: “Албатта, у Қуръони каримдирки, (у) яширин Китобда (Лавҳул-маҳфузда) дир. Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар”, деган ( Воқиаъ, 77-79).
Абдурраҳмон ибн Язид ҳикоя қиладилар: Биз Салмом (розияллоҳу анҳу) билан бирга эдик. У бизни ёнимиздан туриб, чиқиб кетди ва ҳожатини қилиб келди. Мен эй Абу Абдуллоҳ таҳорат қилдингизми? Биз Аллоҳнинг каломидан сўрамоқчи эдик дедим. У мен Мусҳафни ушламайман, уни покланганлар ушлайди, деди. Ва бизга сўраган оятларимизни тиловат қилди, (Байҳавий ва Дорақутний ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуронни фақатгина таҳоратли кишигина ушлайди”, деганлар, (Термизий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва Сунани Доримий 447-ҳадис).
Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хайз ва жунуб ҳолатдаги кишини Қуронни тиловат қилишдан қайтарган”, эдилар ( Мабсут Сарахсий 3-жуз 301-саҳифа).
Қуръони каримни жунуб, ҳайз, нифос ва таҳоратсиз ҳолдагилар ушлаши мумкин эмас. Фақат Қуръони каримнинг ташидан унга ёпишмаган нарса ила ушлашлари жоиз. Улар бутун бир ояти карима ёзилган қоғозни ҳам ушлашлари дуруст эмас.
Баъзи уламолар: балоғатга етмаган болалар Қуръонни ўрганаётган вақтларида енгил таҳоратсиз ушлашларини жоиз деганлар. Агар таълим берувчи жунуб, ҳайз, нифос ва таҳоратсиз ҳолда бўлса, ана шу ҳолатларда Каломуллоҳни ушламасдан сўзма-сўз ўқиш ила таълим беради.
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
Абдусамад Тожиддинов