Мисрда хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Миср олийгоҳларида таълим олаётган талабалар ва у ерда меҳнат қилаётган ватандошлар билан мулоқот қилди, хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. Ушбу тадбир Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси ташаббуси билан “Хилтон” меҳмонхонасида ташкил этилди.
Учрашувда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, уларнинг мазмун-моҳияти ва келгусидаги режалар хусусида йиғилганларга сўзлаб бердилар. Шунингдек, ҳар бир талаба ва ватандошимизнинг мурожаатига қулоқ тутиб, уларнинг ҳол-аҳволи сўралди ва келгусидаги ишларига муваффақиятлар тиланди.
Мисрдаги ўзбекистонлик талабалар ва ватандошлар мана шундай юксак эътибор ҳамда амалга оширилаётган хайрли ислоҳотлардан чексиз мамнун бўлдилар. Ҳукуматимиз раҳбарияти, она-Ватанимиз ва халқимизга эзгу тилакларни изҳор қилдилар.