islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мусулмон ва Европа аёли: қиёс ва таҳлил

Милодий 586-йил… Европа конгресси аъзолари “Аёл инсонми?” деган мавзуда баҳс юритиш учун тўпландилар. Узоқ баҳс-мунозаралардан сўнг “Аёл – инсон, лекин у эркак кишининг хизматини қилиш учун яратилган”, деган қарор қабул қилдилар. Бу қарор жорий этилганига кўп бўлмасидан, қумтепаликларию сувсиз чўллардан ташкил топган Арабистон яриморолидаги бир кичик шаҳарда Аллоҳнинг сўнгги элчиси Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) баланд овозда ўзининг бутун оламларни ларзага солувчи ушбу гапларини айтдилар: “Аёллар – эркакларнинг туғишганларидир. Сизлар Жаннатга киришни истамайсизларми? Ана ўша сиз истаётган Жаннат – оналар оёғи остидадир ва ҳар бир аёл онадир!!”

Милодий VII аср… Рим конгресси аъзолари аёлларнинг қадр-қиммати борасида бўлиб ўтган баҳсларидан сўнг ушбу қарорни қабул қилдилар: “Аёл – тирик мавжудот, лекин унинг қалби ҳам, жони ҳам йўқ”. Конгрессдаги баъзи кишилар аёлни бамисоли улкан ифлослик, деб таърифлаган бўлса, баъзилари ҳатто улар ҳеч қачон кулмаслиги, гапирмаслиги керак деб, аёллар оғизларини беркитиш кераклигини (!) таклиф қилдилар. Бу вақтда дашту биёбонлардан чиқиб, бутун Осиёни ларзага солган, Европа томон зафарли жанглар олиб бориб, Буюк Андалус давлатини бунёд қилган мусулмонларнинг ўз аёлларига қилган гўзал муносабатларини кўрган барча европалик аёллар борки, Андалус аёллари ўрнида бўлишларини орзу қилар эдилар. Чунки муслималарда…ҲУҚУҚ ва ҲУРМАТ бор эди!

Бу ерда минтақанинг ёки ҳудуднинг ҳеч қандай эътибори йўқ. Негаки, Араб диёрининг ўзида ҳам Ислом келмасидан аввал аёлларга бўлган муносабат ҳайвонларга кўрсатиладиган муносабатдан ҳам ёмон эди. Аёл учун мулк, сўз эркинлиги, илм олиш ҳуқуқи у ёқда турсин, ҳатто яшаш ҳуқуқи ҳам йўқ эди. Қавмининг маломатидан қўрқувчи эркаклар аёли қизалоқ туғадиган бўлса, тириклай ерга кўмар эдилар. Неча-неча қизалоқларнинг нолаларини тилсиз ер ўз бағрида яширар эди. Эри вафот этган аёл эри ўлиб, ўзи тирик қолгани учун тақдирга ҳамиша лаънатлар ёғдирар эди. Чунки бева аёл ёки қул қилиб сотилар, ёки эрининг бошқа аёлдан бўлган хотини ёки бошқа қариндошига хотин бўлишга мажбур бўлар эди. Аёлнинг яшаши у учун энг катта бахт деб ҳисоблайдиган мушриклар унга вафот этган яқинидан қолган мулкдан мерос тегиши кераклигини ўйлаб ҳам кўрмас эдилар.

Аммо Аллоҳ Ўзининг то Қиёматга қадар давом этувч шариати билан Муҳаммад (соллаллоҳу лайҳи васаллам)ни пайғамбар этиб юборгач, ҳуррият ва бахт шамоли аёл-қизлар кўксигада етиб борди. Энди улар ҳам жамиятнинг тўлақонли аъзоси, эрки ва мулки ўз қўлида бўлган шахс деб эътироф этилдилар. Бундан кўринадики, аёлга ҳуқуқини бериш, уни эҳтиром этиш, бирор ҳудудга оид ёки бирор халққа хос одат эмас, у ИСЛОМдир! Фақатгина Аллоҳнинг динидагина аёллар барча соҳаларда, ҳаётнинг ҳамма жабҳаларида ўз ҳуқуқ ва эркинликларига эга бўлдилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) муслима аёлга тижорат ва саноат ишлари билан шуғулланишга рухсат бердилар, илм олишга буюрдилар, унга Аллоҳ тарафидан берилган мерос олиш, нафақа олиш, ажрим талаб қилиш, маҳр олиш каби ҳуқуқларни ўргатдилар, уни ҳуқуқлари топталишидан, хорлашдан қайтардилар.

Бир аёл У зотнинг ҳузурларига келиб, ўзининг савдода қиладиган бир иши бўйича фатво сўрайди. У бирор молни сотиб олишда савдолашиб, ўзи белгилаган нархга етганида сотиб оларди, бирор нарсани сотишда ҳам шундай иш қилар эди. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) у аёлни савдолашмай ўзи белгилаган нархда сотишдан қайтардилар.

Европада Инжилда келтирилган Одам (алайҳиссалом)нинг Жаннатдан қувилиши борасидаги ривоят кенг тарқалиб, бунинг оқибатида “Инсонлар Одамнинг чап қовурғасидан яратилган Момо Ҳавонинг хатоси оқибатида Жаннатдан Ерга туширилдилар. У маън қилинган мевани еди ва Одамни ҳам бунга чорлади, аёллар ана ўша хатокор Ҳавонинг авлодларидир. Улар ҳамиша эркаклардан қуйида, ахлоқ жиҳатдан заиф бўлиб қоладилар”, деган тасаввур шаклланган эди. Ҳатто ривоятларга ишланган суратларда Момо Ҳавонинг боши устида уни Аллоҳга исён қилишга чақирган илон тасвирланар эди. Исломда эса, Аллоҳ таоло Одам (алайҳиссалом)нинг ҳам, уларнинг хотинлари Ҳаво онамизнинг ҳам тавбаларини қабул қилган, деган эътиқодда бўлинади. Аёлнинг эркак чап қовурғасидан яратилганлиги унинг эркакдан паст табақада бўлиши учун сабаб эмас, балки уларни яна-да эъзозлаш учун сабаб қилинади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёлларга доимо яхшилик қилинг! Чунки улар қовурғадан яратилгандирлар. Албатта, қовурғанинг энг эгри жойи юқори қисмидир. Агар уни тўғрилайман деб уринсанг, синдирасан. Агар уни тек қўйсанг, эгрилиги бўйича қолур. Бас, аёлларга доимо яхшилик қилинг!” дедилар”.

Европа Уйғониш даври бўсағасида… Аёллар шайтоннинг малайлари ҳисобланиб, улардан четланилар, аёлларни кўрган роҳиблар тинмай Худога тавба–тазарру қилар эдилар. Балоғатга етган европалик қиз борки олдида фақат икки йўл бўлар эди: отаси танлаган кишига турмушга чиқиб, бир умр эри ва фарзандларини хизматини қилиш ёки тарки дунё қилиб, бир умр роҳиба бўлиб, ибодат ва дуолар асосида ҳаёт кечириш. Илм олиш, етук мутахассис бўлиш у ёқда турсин, ҳатто ўқишни биладиган қизлар ҳам бармоқ билан санарли эди.

Ислом эса… аёл кишига таълим олиш, ўзи истаган соҳада илмий фаолият олиб бориш ҳуқуқини берди ва бу ишга эркакларни масъул қилди. Шариат бу ҳуқуқда ҳур аёл ва қул аёлни тенг қилди. Чунончи Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дейдилар: “Қай бир кишини ҳузурида жория бўлса-ю, у унга яхши таълим берса, яхши одоб берса ва сўнгра озод қилса, унга икки ҳисса ажр бўлади”.

Бундан ташқари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) аёлларни динларини чуқур эгаллашлари йўлида қайғуриб, бир кунни таъйин қилиб, ўша кунда аёлларни шариат борасидаги саволларига жавоб берар эдилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарар эдилар. Шифо бинти Абдуллоҳ ал-Адавийя (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: “Ҳафсанинг олдида ўтирган эдим. Пайғамбар (алайҳиссалом) кириб қолиб, менга: “Сен бунга худди ёзишни ўргатгандек, ҳуснихатни ҳам ўргатмайсанми?”, дедилар”.

ХХ аср… ғарбда техника, саноат ривожланди, қатор урушлар ва географик кашфиётлар натижасида “кучли” давлатлар “кучсиз” мамлакатларни ўзларига бўйсундирдилар. Асрлар давомида танаю-дашномлар ва оғир меҳнат билан азоб чеккан аёллар эндиликда фабрикалар, конларда ишлай бошладилар. Кўп соатли иш кунидан машаққат чеккан ғарб аёллари ниҳоят бош кўтардилар. 1908-йил 28-февралда Нъю-Йоркнинг сoциал-демократик аёллар жамияти аёллар тенг ҳуқуқлигини талаб қилиб илк бора митинг ўтказди. Жаҳон ҳамжамияти эса бу масалага фақатгина II жаҳон урушидан кейин, 1948-йилда эътибор қаратди. “Инсон ҳуқуқлари бўйича Декларация”да эркак ва аёллар тенг ҳуқуқлилиги белгилаб қўйилди.

Аммо аёлларга бўлган эъзоз, ҳурмат ифодаси Ислом шариатида бу Декларация қабул қилинишидан тақрибан 14 аср (!) аввал қабул қилинган эди… Ғарбликлар ўз аёлларини қоронғу ва машаққатли кон ишларига жалб этар эканлар, Саодат даврида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўз аёлларига уй ишларида ёрдам берар эдилар.

Келинг, энди бугунги кунимизга назар солайлик. Биз Ислом умматимиз, Аллоҳни илоҳ деб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни пайғамбар деб эътироф этган мусулмонлармиз. Ислом аёлларни эъзозлашга, ҳуқуқларини кафолатланишига буюрар экан, буни бажаришимиз бўйнимиздаги фарздир. Уни хорлаш, бадном қилиш, инсон сифатида мумала қилмаслик – Аллоҳнинг амри, Расулиниг тутган йўли, шону шарафлари билан биз фахр қиладиган аждодларимизнинг одати эмас.Юқорида фактлар орқали маълум бўладики, аёлларни таҳқирланиши, хўрланиши, камситилиши – фақат дин ва маърифатни англамаган, жаҳолат даврининг одамларига хос одатдир.

Эй сиз туғилганингиздан бошлаб то ўзида дармон қолмагунича сизни катта қилган онангизни қариган чоғида “Меҳрибонлик уйлари” дарвозаси олдида ҳайрон ташлаб кетаётган ўғиллар!

Эй уч марта қиз кўриб, агар тўртинчиси ҳам қиз бўлса, олдирасан деб аёлига таҳдид қилаётган оталар!

Эй эртаю-кеч хизматингизни қилиб, бир бор касал бўлгач, “касал хотин менга керак эмас” дея аёлини уйидан ҳайдаётган эркаклар!

Эй ён-атрофда аёлларнинг хўрланишини, ерга урилишини интернет орқали кузатиб, ёрдам беришга келганда facebookда “пост қолдириш” билан чекланаётган эркаклар!

Мусулмонмисиз? Унда мусулмонча яшанг, мусулмон бўлинг! Исломга тўлиғича риоя қилинг! “Китобнинг баъзисига иймон келтириб, баъзисини инкор этган” яҳудийлар каби бўлманг! Аёлга бахт беринг, ҳурмат қилинг, ана ўшанда сиз ундан солиҳ фарзанд кўрасиз, у билан иймонингиз ярмини тотасиз ва оёқларининг пойидан ўзингиз истаган – Жаннатни топасиз!

1-курс талабаси
Р.Юсуфий

69520cookie-checkМусулмон ва Европа аёли: қиёс ва таҳлил

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: