islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Обид ва шайтон қиссаси

Имом Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ “Иҳёу улумид-дин“ китобида бир обид киши билан иблис алайҳиллаъна орасида бўлиб ўтган қуйидаги воқеани келтирадилар. Мазкур обид одамлар Аллоҳни қўйиб, дарахтлардан бирига сиғинишаётганини эшитиб қолиб, қаттиқ дарғазаб бўлади ва дарҳол болтасини қўлига олиб, ўша дарахтни чопиб ташлаш ва бир йўла фитна илдизига болта уриш учун йўлга тушади. Бироқ, йўлда унга иблис йўлиқиб, шаштидан қайтаришга уринади. Обид кўнмайди. Шунда иблис унга ҳужум қилади ва иккови бир-бири билан ростмана олишувга киришади. Жангда обиднинг қўли баланд келиб, иблисни ерга юзтубан қулатади. у обиднинг қўлида бамисоли патдек енгил бўлиб қолган эди. Обидга кучи етмаслигини англаган шайтон макр-ҳийласини ишга солиб, музокара йўлига ўтди.

“Қўй!“, дейди у – “уйингга қайтиб кет. Бу дарахтни кесишдан нима фойда?! Уни кесганинг билан одамлар барибир ибодат қилиш учун бошқа дарахт топиб олишади“. Маккор душман васваса қилишда давом этди: “Агар дарахтга тегмай уйингга қайтиб кетсанг, ҳар куни сенга бир динордан тилла бераман. Уни ҳар тонгда ёстиғинг остидан топасан!“.

Ахири, обид бу сўзларга кўнди ва бошланғич тўловни нақд қўлга киритгач, ортига қайтиб кетди. У ўша кундан бошлаб ҳар тонгда келишганларидек ёстиғи тагидан бир динор тилла топадиган бўлди. Лекин бир куни кутилмаганда ёстиқ остидан динор чиқмади. Обид бир неча кун сабр қилди. Эҳтимол, ҳаммасини битта қилиб берар, деб ўйлади, у. Аммо умидлари пучга чиқди. Шайтон ваъдасида турмади. Бундан ғазабга минган обид дарҳол болтасини кўтариб, яна дарахтни кесиш учун йўлга тушди. Йўлда иблис унга рўбарў бўлиб, уни азмидан қайтарди. Иккови уришдилар. Лекин, бу сафар иблис бир деганда обидни ерга қулатди. Обид унинг оёғи остида чумчуқдек ожиз бўлиб қолган эди.

Обид бундан ҳайратга тушиб, “Нима учун бу сафар енгилдим, ахир, олдинги сафар уришганимизда, сени осон мағлуб қилган эдим-ку?!“, дея иблисга савол берди.

Иблис жавоб берди: “Чунки, олдинги сафар сенинг ғазабинг Аллоҳ учун эди. Шу боис сенда шундай куч-қувват пайдо бўлдики, уни қаршилашга менда ҳеч қандай тоқат йўқ эди. Шунинг учун ҳам олдингда яшин тезлигида мағлуб бўлдим. Бу гал эса ғазабинг динорлар тўхтаб қолгани учун пайдо бўлди. Табиийки, аввалгидек қувват ҳосил бўлмади сенда. Натижада ҳузуримда яшин тезлигида мағлуб бўлдинг“.

Шу тариқа, дирҳам-у динор учун бир иш қилиш билан Воҳиду Қаҳҳор учун бир иш қилиш орасидаги фарқни обидга келиб-келиб инсониятнинг энг катта душмани бўлмиш иблис ўргатган эди.

“Тиллар” кафедраси ўқитувчиси
Алишер Султонхўжаев

Манба

69840cookie-checkОбид ва шайтон қиссаси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: