Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг очилиш маросимида иштирок этиш учун 6 апрель куни Сурхондарё вилоятида бўлди. Давлатимиз раҳбари ташриф доирасида Термиз яқинидаги Султон Саодат ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди, мажмуада маҳаллий ва хорижий зиёратчилар учун қулай шароит яратиш, уни янада обод қилиш бўйича кўрсатмалар берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Султон Саодат ёдгорлик мажмуасининг мусулмон оламида тутган ўрни хақида ЎзА мухбирига эксклюзив интервью берди:
– Бисмиллоҳир роҳмонир роҳийм. Оллоҳга беадад шукроналар бўлсинки. юртимизга жуда ҳам улуғ неъматлар, тинчлик-осойишталикни берди. Бугун Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда барча соҳаларда катта катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, диний соҳада ҳам. Улуғ алломалар, маърифатпарвар зотлар мангу қўним топган жойларни обод қилишга катта эътибор берилаяпти. Давлатимиз раҳбари Сурхондарё вилоятига ташрифлари доирасида Султон Саодат ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди.
Бу мажмуада Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима онамизнинг бешинчи авлод набираси Ҳасан ал-Амир мангу қўним топган. Бу улуғ зот Термиз амирларининг султони бўлган.
Манбаларда қайд этилишича, Ҳасан ал-Амир ўз яқинлари билан Самарқандга кўчиб келган. Бу ерда ўн йиллар яшаб маърифат тарқатиш, халқни бирдамликка чорлаш билан машғул бўлган. Шундан сўнг Балхга кўчади. У ерда бир муддат яшайди, тахминан 865 йилда Термизга қелиб, умрининг охиригага яшаб қолади.Шу ерда дафн этилади. Асрлар давомида у мўътабар зотнинг авлодлари учун ҳам маҳобатли мақбаралар қурилган.
Султон Саодат, Саййидлар султони деган маънони англатади. Шунинг учун ҳам бу жойнинг мақоми улуғ, руҳонияти баланд. Кимки келиб зиёрат қилса, ўзига маърифат, улгу олади.
Ўз даврида буюк алломаларимиз, олимларимиз саййидларнинг дуоларини олганлар, уларга эъҳтиром кўрсатганлар. “Темир тузуклари”да қайд этилишича, Соҳибқирон Амир Темур Ҳиндистонга юришлари чоғида ҳамиша Термиз саййидлари хонадонида тўхтаб, меҳмон бўлгани қайд этилган. Саййидлардан бир қанчаси Соҳибқироннинг юришларида қатнашгани айтилган. Саййидлар ўз халқига Ватанига садоқатини изҳор қилган. Амир Темур ўз тузукларида мен саййидларни, илм-аҳлини ҳурмат қилар эдим, деган битикларини қолдирган.
Султон Саодат зиёратгоҳи ободонлаштирилган бўлишига қарамай, бошқа зиёратгоҳларга нисбатан кам маълумот берилган. Бизнинг тарихмиз жуда бой. Лекин ўрганилмаган жиҳатлари кўп.
Президентимиз бу муқаддас қадамжога ташриф чоғида ёшларимига тарихимизни илмий асосда тушунтириш, бу улуғ зотлар қандай ишларни амалга оширганликларини, Ватанига содиқлигини, илм-маърифатини ўрганиш юзасидан кўрсатма бердилар. Шу жойда қисқа муддатли ўқишларни ташкил қилишни таклиф этдилар. Унда ёшлар ва мутахассисларга тарихимиздан билим берилади.
Мана шундай улуғ зотларни йўлидан борсак, улар қолдирган маърифатни ўргансак юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.