Аллоҳ таоло инсон зотини барча мавжудотлар ичида азизу мукаррам қилиб яратган.
Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:
“Дарҳақиқат, (Биз) одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро, 70-оят).
Бу ояти каримада Аллоҳ азза ва жалла инсоннинг нақадар улуғ мавжудот эканига гувоҳлик беради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин киши Аллоҳ наздида фаришталардан ҳам мукаррам ва афзалдир”, деганлар (Байҳақий ривояти).
Мана шундай азиз инсонлар ичида Аллоҳ таолога янада мукаррам бўлган бандалар бор. Улар тақводорлардир. Бу тўғрисида Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилади:
“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ва бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азиз) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор Зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Араб билан ажамнинг ўртасида фақат тақвосидагина фарқ бўлади”, деганлар (Термизий ривояти).
Яратган Роббимиз инсонни олиймақомларга Ўзи кўтарган. Ана шундай улуғ мақом соҳиби бўлган инсонлар бир-бирлари билан ака-укадирлар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:
“Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар…” (Ҳужурот сураси, 10-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминлар бир-бирлари билан оға-инидирлар”, дея лутф қилганлар.
Демак, мўминлар бир-бирлари билан бамисоли оға-инидек дўст бўлишлари ва ўзаро гўзал муносабатда бўлишлари тақозо этилади. Бу алоқа фақат Аллоҳ йўлида яхши кўриш билан ўз ифодасини топади. Зеро, инсонлар ўзаро бир-бирларини Аллоҳ учун севсалар бу дунё ва охират яхшиликларига эга бўладилар. Шундагина бу дўстлик уларга дунёда ҳам, охиратда ҳам наф келтиради.
Қуръони каримда шундай дейилади:
“У кунда тақводорлардан ўзга дўстлар бир-бирларига душмандирлар” (Зуҳруф сураси, 67-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
“Аллоҳ таоло соя бўлмайдиган қиёмат кунида етти тоифа кишини Ўзининг сояси остида соялантиради. Улар: Адолатли бошлиқ, Роббисининг ибодатида ўсган йигит, қалби масжид билан боғланган киши, Аллоҳнинг розилигида бир-бирларини яхши кўриб жамланган ва ажрашган икки киши, чиройли ва мансабдор аёл зинога чақирганда, мен Аллоҳдан қўрқаман деган киши, ўнг қўли қилган эҳсонини чап қўли билмайдиган киши, ёлғиз ҳолида Аллоҳни эслаб кўз ёш тўкадиган киши”
Зотан Аллоҳ йўлида муҳаббатлашган инсонларни Аллоҳ қиёмат куни бир жойга жамлайди ва уларни бирга қилиб қўяди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар икки инсон Аллоҳ учун дўст тутинса, улардан бири мағрибда, иккинчиси машриқда бўлса, Аллоҳ уларни қиёмат кунида бирга қилиб: “Мен учун дўст тутингандилар” дейди”, дея марҳамат қилганлар.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: “Албатта, киши жаннатга кирганда “фалончи дўстим нима қилди экан”, деб сўрайди. Ваҳоланки унинг у дўсти жаҳаннамда бўлади. Шунда Аллоҳ таоло унинг дўстини “жаннатга чақиринглар”, дейди. Жаҳаннамда қолганлар эса: “Энди бизлар учун на оқловчилар бор, на бирор қадрдон дўст” (Шуаро сураси, 100-101) оятини айтадилар”.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи: “Дўстларни кўпайтиринглар. Мўмин дўстлар қиёмат кунида бир-бирларини шафоат қиладилар”, деб айтганлар.
Ҳадиси шарифда шундай дейилади:
“Қиёмат қоим бўлганида унинг даҳшатидан инсонлар яқинларидан қочади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Ўша куни киши ўз биродаридан қочади. Яна онаси ва отасидан ҳам, хотин ва ўғилларидан ҳам (қочур). (Чунки) у кунда улардан ҳар бир кишида ўзига етарли нарса (ташвиш) бўлур” (Абаса сураси, 34-37 оятлар). Бир банданинг амал дафтари тарозига тортилганда зарра миқдоридаги савоб камлик қилади ва жаннатга киришига етмай қолади. Шунда юқоридаги ояти каримада таъкидланганидек яқинларидан ёрдам сўрар экан. Нажот чиқмагач Аллоҳ йўлида дўстлашган дўстини кўриб қолади. Дўсти ундан: “Нега ғамгинсан”, деб сўраса, у: “Жаннатга киришимга зарра миқдордаги савобим етмай қолди. Яқинларим ўзлари билан ўзлари оввора бўлганлари учун мендан қочишди”, дейди. Шунда дўсти унга: “Етмай қолган савобингга мен ўз савобимдан бераман”, деб, дўстига ўз савобидан беради. Шу пайт Аллоҳ таоло Ўзи билган ҳолда фаришталарни гувоҳ қилиш мақсадида фаришталаридан: “У банданинг амал дафтари тортилганми? У ўз савобидан бериб юборди”, дея сўрайди. Фаришталар: “Йўқ”, деб жавоб беришади. Аллоҳ таоло: “Ундай бўлса, нимани эвазига бундай қилди”, деб яна сўраганида, улар: “Эй, Аллоҳ! Булар Сенинг йўлингда дўст тутинганлар”, дейишади. Шунда Аллоҳ таоло: “Сизлар гувоҳ бўлинглар! Мен уларнинг иккисини ҳам гуноҳларини авф қилдим. Жаннатимга киритинглар!” дейди”, дейилган.
Аллоҳ йўлида бир-бирлари билан дўстлашган кишилар учун жаннатда ҳатто пайғамбарлар, шаҳидлар ўтирмайдиган тахтларни тайёрлаб қўйилгандир.
Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатда бир тахт бор. Унга на пайғамбарлар, на шаҳидлар ўтирадилар” деганларида, саҳобаи киромлар: “Эй, Аллоҳнинг Расули! У тахт ким учун?”, деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У Аллоҳ йўлида дўстлашган бандалар учундир”, дея марҳамат қилганлар (Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир инсонни яхши кўрсангиз унга яхши кўришингизни билдириб қўйинг”, деганлар.
Аллоҳ таоло барчаларимизнинг бир-бирларимизга бўлган дўстлигимизни фақат Ўзининг йўлида бўлишини таъминласин. Дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликларга шерик бўлишимизни насиб этсин.
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси
Жалолиддин Ҳамроқулов