islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Шайх Муҳаммад Тақий Усмонийнинг икки насиҳати

Суҳбат давомида Тақий Усмоний барчага икки қимматли насиҳатни айтиб ўтдилар. Улар: дуо ва шукр қилишдир.

Бу гапларини баён қилишда Шайх ҳазратлари шариъат ва тариқат бир нарса экани, уларни бир-биридан айро ҳолда тасаввур қилиш катта хато эканини айтиб ўтдилар. Тариқат шариъат илмларининг амалий-ахлоқий қисми эканини, шариъатсиз тариқат, тариқатсиз шариъат бўлмаслигини тушунтириб бундай дедилар: “Амалсиз илм ўз эгасига бало ва уқубатдир. Илмсиз амал қилиш эса залолатдир”.

Яна Шайх бундай дедилар: “Тариқатнинг бош вазифаси бандани ҳар бир ҳолатида Роббисига боғланиб туришни ўргатишдир. Бу эса мурид-талаба ва ҳар бир инсон доимий тарзда ҳар бир ишида Аллоҳ таолога дуо қилиши ва тинимсиз шукр қилишини талаб қилади. Бу нарсалар шариъатда мукаммал баён қилингандир. Жумладан,уйқуга кетишда дуо қилади, уйғонишда шукр қилади, уйдан чиқишда дуо қилади, ишлари битиб уйига киргач шукр қилиб дуо қилади, уловга минганда ва ундан тушганда ҳам шундай, ҳожатхонага киришда шайтоннинг ёмонлигидан, зараридан паноҳ сўрайди, чиқишда эса шукр қилади ва ҳоказо…

Шайтон инсонни Роббисидан тўсишни аввало, уни дуо қилишдан тўсиш ва ношукрликка чорлаш билан бошлаб, бу мақсадига эришгач эса инсонни осонгина йўлдан оздиришини бир неча мисоллар билан тушунтириб бердилар ҳамда инсон ҳар бир ишида Аллоҳга дуо қилиб, ортидан шукр қилиши билан шайтоннинг макридан халос бўлишини уқтирдилар. Дуо ва шукр қилиш мусулмон умматининг энг асосий ва доимий вазифаси эканини уқтирдилар.

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири
Б.Аъзамов

76740cookie-checkШайх Муҳаммад Тақий Усмонийнинг икки насиҳати

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: