islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Муносабат: “жаноб расул” ва “насафий”

Ўзи ростини айтсам, шу вақтларда кўп нарсага муносабат билдиришни кўп суймайман, ундан ташқари айни дамда чарчаб, дам олиб ўтирган эдим, лекин, ҳозир эшитган нарсам, компьютеримни ёқиб, ушбу сатрларни битишга мажбур қилди.

Бир одам “жаноб расул” номли қўшиқчи ҳақида айтиб қолди. Аниқроғи, “жаноб Расул” деб айтса, мен қандайдир зиёратгоҳ ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли бирор нарсани айтдимикин деб ўйлабман. Кейин билсам, ундай эмас экан.

Мен шахсан у санъаткорни танимайман, аммо у танлаб олган номи ҳақида айтмоқчиман. Яқинда “Насафий” номлиги ҳақида ҳам эшитган эдим. Ўзим Имом Насафийнинг бир неча китобларини ўқиб, у зот раҳимаҳуллоҳнинг ватандоши эканимдан фахрланиб юрган эдим. Лекин бу насафий номли қўшиқчини эшитганимда Насафдан ўтган буюк бобокалонларимиз номига катта доғ тушганини ўйлаб, ичим эзилган эди. Энди эса “жаноб расул”. Нима дейишга ҳам ҳайронман.

Ҳеч бўлмаганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳурматидан ундай ном танланмаслиги керак эди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшиқчи эмас эдилар. Насафий уламолар ҳам сочларини сариққа бўяб олиб, қўшиқ айтиб юрмаган эдилар.

Ахир Аллоҳ таолонинг ҳузурига қайтишимиз бор. Ҳаммамиз, аввало ўзим гуноҳкорман, Аллоҳдан жавоб беришимиз ҳақида ўйлашимиз керак. Ахир ҳеч ким ёрдам бера олмайдиган қиёмат кунида бизни айнан Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шафоат қиладилар. Иложи йўқ, гуноҳлар қиламиз, аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга, уламоларимизга тегишли нарсалар билан гуноҳ қилмасак яхшироқ бўлади. Чунки бундай гуноҳларни Аллоҳ кечириши қийинроқ бўлса керак…

Тошкент ислом институти талабаси
Бахтиёр Нажмиддинов

77080cookie-checkМуносабат: “жаноб расул” ва “насафий”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: