Нодир жуда ҳам одобсиз бола эди. Ўзининг қўпол ишлари ҳамда сабабсиз жанжаллари билан укаларини ғашига тегарди. Нодирнинг бу хатти-ҳаракатлари онасини қаттиқ ранжитарди. Онаси унга: “Болажоним, ҳеч кимга озор берма, атрофдагиларга ёмон гапирма, дилларини оғритма”, – деб кўп насиҳат қиларди. У доим ўзини ҳақ ва айбсиз деб ҳисоблар ва шундай эканлигига онасини ишонтиришга ҳаракат қиларди. Қолаверса, ўзини мана шундай тутишга бошқалар сабаб бўлаётганини ҳам таъкидлар эди.
Бир куни онаси Нодир билан бозор айланиб юрган вақтида унга: “Агар бугун ҳеч ким билан урушмасдан ақлли бола бўлиб юрсанг мана бу камарлардан ўзингга ёққанини олиб бераман”, – деди. Уйга қайтганларида бу гапдан Нодирнинг укалари ҳам хабардор бўлишди. Шу сабабдан кун давомида уни жаҳлини чиқаришга ҳаракат қилишарди. Аммо ҳарчанд уринсалар ҳам унинг жаҳлини чиқара олмадилар. Чунки у ўзини қўлга олиб бошқалар билан уришмасликка қатьий қарор қилган эди. Кеч бўлганда онаси: “Ўғлим, мана кун давомида сен биргина камарга эришиш учун ўзингни жуда яхши тутдинг. Лекин аслида буни оддий нарсалар учун эмас, балки Аллоҳ таоло шундай бўлишини хоҳлагани ва У хулқи гўзал бандаларини яхши кўргани учун қилишинг керак ” – деди. Қанийди Нодир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларини билганида:
(من ترك المراء و هو محقّ بُني له في وسط الجنة)
“Мен ўзи ҳақ бўлсада тортишишни тарк қилган киши томондаман. Ваъда бераманки, ўзи ҳақ бўла туриб инсонлар билан тортишмаган кишига жаннатда бир қаср бино қилинади”.
Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси