islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

ТИЛГА ХИЁНАТ ЭЛГА ХИЁНАТ

Тилга эътибор элга эътибор, деган гапнинг маъносида тил элнинг кўзгуси, унга эътибор замирида элга, миллатга эътибор гавдаланади. Шундан келиб чиқиб тилга хиёнат қилинса, демак элга, миллатга хиёнат қилинган ҳисобланади. Шу кунларда ўзбек тили давлат тили этиб белгиланган сананинг ўттиз йиллиги арафасида турар эканмиз, тўсатдан айрим “зиёлилар” ўзларининг аслида одам бўлмаганларини: уларни одам қилган миллат рус миллати эканини кесата туриб, бунга ташаккур ўлароқ Ўзбекистонда рус тилини давлат тили мақомига олиб чиқиш керак, деган таклифларни қилишибди. Бу таклифни ўртага ташлаган инсонлар ва унга хайрихоҳ бўлган тўдалар зеҳниятида шовинизмга мойиллик, қонларида эса хиёнатнинг бадбўй ҳиди анқиб турибди. Уларга туз берганнинг  тузлиғига тупурган, ўзлари тан олиб турганидек одамийликдан маҳрум бўлган нусхалардир. Ўша “зиёлилар”дан бири Бернара Кариева айтади: “Агар рус тили давлат тили қилинса, бизни одам қилган рус халқига раҳмат айтганимиз бўлади!”

Ушбу қисқа жумла ичида бизнинг мустақил давлат эканимизни менсимаслик,тилимизга нисбатан камситиш,  бизни босиб олган даҳрий тузумни қўмсаш, ўшалардан бошқани одам санамасили, бир сўз билан олганда жирканч хиёнатнинг бадбўй иси анқиб турибди.

Хоним! Сиз айтган мустабид тузум бизни одам қилганмиди?! Мабодо адашиб кетмаяпсизми?!

Аксинча, ўшалар эмасмиди тарихимизни йўққа чиқарган?!

Ўшалар эмасмиди динимизни ман қилган?!

            Ўшалар эмасмиди, тилимизни ўзгартирган, инсоний анъаналаримизга чанг солган?!

Ўшалар эмасмиди, сизни, бизни, бутун инсониятни маймундан тарқалган деган?!

Улар бизни одам қилиш эмас, балки одамийлигимизни суғуриб олиш пайида эди.

Улар бизни манқуртлаштириш илинжида эди!

Улар бизни тарихсиз, тилсиз, динсиз ва ахлоқсиз қилиш учун сафарбар бўлган босқинчилар эди.

Ва афсуски, урунишлари самара ҳам берди, айримларни одамийликдан чиқаришга улгуришди ҳам.

Мустақилликчи!

Истиқлол бизга тилимизни қайтарди, динимизни уйғотди, тарихимизни шавкатини жонлантирди…

Тилимиз давлат тили дея тан олинди.

Динимиз мустабидларнинг исканжасидан қутулиб, улар таққан зулм занжирларини парчалаб, халқимизга ўзлигини, ахлоқ ва маданиятини, тарих ва аслиятини яна баралла элон қила бошлади, Одам фарзанди эканимизни қайта ёдимизга солди, одамийликни ўргатди.

 Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва огоҳдир». Ҳужурот сураси, 14 оят.

Ушбу ояти каримада инсон зоти бир оила вакили экани, уларнинг турли халқ ва элатларга бўлиниб кетиши ўзаро маданий танишувга хизмат қилишини таъминлаши, ҳеч бир миллатнинг бошқасидан устун эмаслиги, афзаллик фақат тақво билан ўлчаниши каби бир қанча инсоний тамойилларни баёни келмоқди. Ҳа, Ислом бизга инсон эканимизни, бошқаларни инсон сифатида ҳурмат қилиш лозимлигини ўргатди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар:

“Бу оят Собит ибн Қайс ҳақида нозил бўлган. У ўзига жой бермаган киши ҳақида:

“Фалончи аёлнинг ўғли!”, − деб айтган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Фалончи аёлни зикр қилган ким?” – дедилар. Собит туриб:

“Эй Расулуллоҳ, менман”, − деди.

 У киши:

“Одамларнинг юзига қара!”, − дедилар. У қаради. У киши:

“Эй Собит нимани кўряпсан?” − дедилар.

У:

“Оқ, қизил, қора юзларни”, − деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Сен улардан фақатгина дин ва тақво билангина афзал бўлишинг мумкин холос”, − дедилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди…

Ҳа, бизни одам қилган динимиз, адашманг Хоним, сиз айтган “Оғалар”  эмас! Сиз хоҳлаган тилда гапиришга ҳақлисиз, аммо бизнинг тилимизни камситишга мутлақо ҳаққинггиз йўқ!

Бу уруниш орқасида мустақиллигимизга тажовуз, дунёдаги кўплаб илм ва фан асосларига тамал тошини қўйган аждодларимиз тажовуз, БМТ минбарида туриб баралла Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг исмлари жаранглаганидан безовталик бу!

Халқнинг асл қадриятларини камситишга уриниш бу!

Ҳаддинггизни билинг! Сиза эркинлик берган, нон туз тутқазган миллатга нонкўрлик қилманг!

Бу миллат энди эркини, тилини, дини ва тарихини ўрганиб, аслида ким эканини мушоҳада қилиб бўлди, фитна назарияларингиз инша Аллоҳ, иш бермайди!

ТИИ Ахборот маркази

79910cookie-checkТИЛГА ХИЁНАТ ЭЛГА ХИЁНАТ
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!