islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ИСЛОМ БИНОСИГА ПУТУР ЕТКАЗМАЙЛИК

Давоми.
Муаммо нимада?

Муаммо сафга беэътибор бўлиб, хонақоҳ тўлмасдан ҳовлига чиқиб намоз ўқилаётганида.

Шундай ҳолатда адо қилинган намознинг ҳукми қандай?

Шу мавзудаги уламоларнинг турли фикрларини ўрганиб, хулоса қилган ҳолда, қуйидагиларни айтиш мумкин:

Сафга қаттиқ эътибор қаратишни таъкидлайдиган, сафларга бепарво бўлишдан қайтарадиган ҳадисларнинг кўплигидан уламолар хулоса қилиб: “Сафларнинг жипс бўлиши, унга эътибор қаратиш вожиб бўлади десалар, баъзилари бу ҳадислар вожибликка далолат қилмаса-да, таъкидланган суннат дея, ким сафни бузиб, унга бепарво бўлса, гуноҳкор бўлади, бироқ масжид ичида шундай ҳолат бўлса, намози дуруст бўлаверади”, деганлар.

Масжид ҳовлисини масжиднинг ичи деб олсак, уларнинг намози ҳам макруҳ билан дуруст бўлади. Ана энди масжид ташқарисидагиларнинг намози нима бўляпти?!

Нима бўлганда ҳам имом-хатибларимиз бу ҳолатга кўпроқ эътибор қаратиб, янги намозхонларга саф борасидаги ҳадисларни ўргатишлари, такбир айтилишидан олдин шошилмай сафга эътибор қаратишлари, саф мукаммал бўлгандан кейингина намозга қулоқ қоқишлари лозим бўлади. Шунда намозхонларга имкон қадар шароит қилиб берган бўладилар. Зеро, ҳадиси шарифларда имом-хатиб ўз ортидан эргашган намозхонларга жавобгар эканлиги таъкидланади.

Имом домлаларимиздан бундай ҳолатга янада кўпроқ эътибор қаратишларини, бепарволикка йўл қўймай, юзлаб намозхонларнинг намози бузилишига тўсқинлик қилишларини илтимос қилардик. Зеро, сафларнинг бузилиши мусулмонларнинг бирдамлигига, Ислом биносига путур етказади, фикр айирмачилиги, ўзаро тотувликнинг бузилиши, бир-бирига қарама-қаршиликни келтириб чиқаради.

Ҳурматли намозхонлар, азиз мўмин-мусулмон биродарлар! Имом домлаларимизни тўғри тушунган ҳолда, уларга кўмакчи бўлайлик. Ичкари иссиқ бўлса ҳам, мушкулотга сабр қилинган ибодатда савобу ажрлар улкан бўлишини умид қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қанчадан-қанча ҳадисларига амал қилайлик ва асосийси, ИСЛОМ БИНОСИ – мусулмонларнинг ҳар томонлама бирдам бўлишининг сабабчисига айланайлик!!!

Бу ҳолат Рамазон бошидан бери бизни ташвишга солиб, қийнаб келаётган эди. Алҳамдулиллаҳ, Яратганнинг амри билан ҳаво анча совиб қолди. Натижада, масжидлардаги сафларимиз ҳам анчагина тартибга келиб қолди. Бу ҳам кишини Аллоҳ таолога ҳамд айтишга илхомлантиради.

Азизлар, доимо бирдам бўлайлик, турли ихтилофларга бархам берайлик, мана шундай оддий кўринса-да, аслида қалбларнинг тарқоқ бўлишига олиб келадиган ҳолатларга бепарволик қилмайлик!

Сўзимиз сўнгида шуни таъкидлашни жоиз деб билдикки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам диний кўрсатмаларнинг бирортасини ўзларидан келиб чиқиб айтмаганлар, балки буларнинг барчаси Аллоҳ таоло томонидан ваҳий қилинган ёки илхом орқали айтилган. Сафга бепарволик қалбларнинг тарқоқлигига олиб келади дея марҳамат қилдиларми, демак шундай бўлмай қолмайди.

Сафларимиз тўғри бўлишига интилайликки, қалбларимиз жипслашсин, ўзаро улфат бўлсин, бир-бирига мувофиқ келсин! Аллоҳ таоло барчамизни икки дунё саодатига эриштирсин, Рамазондан қалбларимизни бир-бирига улфат, мувофиқ бўлиб чиқишини таъминласин! Ўзи рози бўлмайдиган ҳар қандай ихтилофларга барҳам берсин!!!

ТИИ ўқитувчиси
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ

 

85610cookie-checkИСЛОМ БИНОСИГА ПУТУР ЕТКАЗМАЙЛИК

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: