islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ИСЛОМ ШАРИАТИДА ТИЖОРАТ ВА УНИНГ ТУРЛАРИ ТАҲЛИЛИ Муомалада саховатли бўлиш

Сотувчи баҳони пастроқ қилишда ва ўлчашда саховатли бўлишга ҳаракат қилиши лозим. Харидор ҳам қаттиқ шартларни талаб қилиб туриб олмайди.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон сотса, қачон сотиб олса ва қачон ҳақини талаб қилса, саховатли бўлган одамни Аллоҳ раҳм қилсин», – дедилар».

Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифалик даврларида Мадина аҳлига қаҳатчилик етди. Ҳаттоки, шаҳар аҳолисига ҳалокат ета бошлади. Ўша вақтда Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг карвонлари мингта туя устида буғдой, зайтун ва майиз тўла қоплар олиб келди. Савдогарлар карвондаги мол ва озиқ-овқатларни кўриб, ҳарид қилиш учун шошилдилар. Савдогарлар айтдилар: “Келган моллар ва озиқ-овқатларни бизларга сотгин, албатта, бу нарса инсонларга жуда зарур. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу: “Ким менга бу моллар учун кўпроқ фойда қолдира олади?” – дедилар. Савдогарлар: “Бир дирҳамлик молни икки дирҳамга оламиз” – дедилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу: “Бу ҳақдан зиёда қиладиган борми?”, дедилар. Савдогарлар: “Бир дирҳамлик молни тўрт дирҳамга оламиз”, дедилар.

– Бу ҳақдан зиёда қиладиган борми?

– Бир дирҳамлик молни беш дирҳамга оламиз.

– Бу ҳақдан кўпроқ берадиган борми?

– Эй Абу Амр! Мадинада биздан бошқа бирор савдогар бундан зиёда қила оладими?

– Албатта, Аллоҳ таоло ҳар бир дирҳам молга ўн ҳисса зиёда қилиб беради, сизлар бундан зиёда бера оласизларми?

– Йўқ.

Аллоҳга қасамки, ушбу карвондаги молларнинг барчаси Аллоҳ йўлида камбағал мусулмонлар ва мискинларга, садақа қилиб бердилар.

Қасам ичишдан четда бўлиш

Савдо пайтида ўз гапини тасдиқлаш учун қасам ичмаслик керак. Чунки,

бу нарса бараканинг қочишига сабаб бўлади.

أبي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآله وسَلَّمَ يَقُولُ:الحَلِفُ مُنَفِّقَةٌ لِلسِّلْعَةِ، مُمْحِقَةٌ لِلْبَرَكَةِ متفق عليه.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қасам ичиш савдо молини ўтказувчи, баракани ўчирувчидир», – дедилар».

Имом Муслимнинг ривоятида: «Савдода кўп қасам ичишдан ҳазир бўлинглар. Чун­ки у ўтказади ва ўчиради», дейилган.

  1. Кўп садақа қилиш.

Савдо пайтида бўладиган баъзи камчиликларнинг ювилиши учун тожир одам кўпроқ садақа қилиб туриши лозим.

Қайс ибн Абу Ғазара розияллоҳу анхудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида «даллол» деб аталар эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимиздан ўтдилар ва бизларни ундан яхшироқ исм билан номладилар: «Эй тожирлар жамоаси! Албатта, савдода беҳуда нарса ва қасам ҳозир бўлади, бас, уни садақа ила аралаштиринглар», – дедилар».

4-курс талабаси
Меҳриддин Баҳодиров

86410cookie-checkИСЛОМ ШАРИАТИДА ТИЖОРАТ ВА УНИНГ ТУРЛАРИ ТАҲЛИЛИ Муомалада саховатли бўлиш

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: