Амр ибн Шуъайб, отасидан, бобосидан розияллоҳу анҳум ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қўрқинчда ўқиладиган калималарни ўтгатар эдилар:
«Аъузу бикалимаатиллаҳи ат-тааммати мин ғазабиҳи ва шарри ибадиҳи ва мин ҳамазаатиш шайятийн. Ан яҳзурууни».
Ибн Умар буларни болаларидан ақли кирганларига ўргатар, ақли кирмаганларига ёзиб илиб қўяр эди».
Абу Довуд, Термизий, ал-Ҳоким ва Аҳмад ривоят қилган.
Дуонинг маъноси: Аллоҳнинг тугал калималари ила Унинг ғазабидан, бандаларининг шарридан ва шайтонларнинг қалбга соладиган хатарларидан паноҳ сўрайман.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайнга паноҳ тилаб:
«Уъийзукумаа бикалимаатиллаҳи ат-тааммати мин кулли шайтонин ва ҳаамматин. Ва мин кулли айнин лаамматин» дер ва сўнгра:
«Бобонгиз булар ила Исмоил ва Исҳоқга паноҳ тилар эди», дер эдилар».
Абу Довуд ва Термизий яхши санад ила ривоят қилган.
Дуонинг маъноси: Иккингизга Аллоҳнинг тугал калималари ила ҳар бир шайтондан ва зараркунандадан ҳамда гуноҳкор кўздан паноҳ тилайман.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, «бобонгиз булар ила Исмоил ва Исҳоқга паноҳ тилар эди», деганлари Иброҳим алайҳиссалом ўз ўғиллари Исмоил ва Исҳоқ алайҳимассаломларга худди манашу дуо ила паноҳ сўрар эди деганларидир.
«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй, Аллоҳнинг Расули, кечаси бир нарса чақиб олиб, тонг отгунча ухлай олмадим», деди. Шунда у зот:
«Нима чақди?» дедилар.
«Чаён», деди.
«Кечқурун бўлганда, Аъузу би калиматиллаҳи тааммаати мин шарри маа халақ» деганингда, иншааллоҳ сенга зарар қилмас эди», дедилар[1]».
Абу Довуд ва Насаий яхши санад ила ривоят қилган.
Дуонинг маъноси: Аллоҳнинг тугал калималари ила У зот халқ қилган нарсалар шарридан паноҳ тилайман.
Демак, манашу дуони ёдлаб олиб доимо ўқиб юрса яхши бўлади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иситма ва барча оғриқлар учун, бисмиллаҳил кабири. Аъузу биллаҳил азийми. Мин шарри кулли ирқин наъарин ва мин шарри ҳаррин наари»ни ўқишни таълим берар эдилар».
Термизий ривоят қилган.
Дуонинг маъноси: Азим Аллоҳдан ҳар бир наъра солувчи томирнинг шарридан ва оловнинг иссиғи шарридан паноҳ тилайман.
Қуръоннинг ҳеч бир ҳукми замонавий илмга тескари келмагани каби, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам ҳар бир айтган тав-сиялари замонавий илму фанга зид келмайди.
Ҳа, асрлар ўтиб ҳар бир нарса ўзгаради, фақат бундай ҳақиқатлар ўзгармайди. Ҳар бир кашфиёту илм-фан бу ҳақиқатлар ва у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюклиги олдида бўйин эгмоқда.
4-курс талабаси
Махсумов Мақсуд
[1] Сулаймон ибн ал-Ашъас Абу Довуд ас-Сижистоний. Сунан Абу Довуд. – Байрут: Дарул фикр. 1990й.