islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Ҳайвонларни тановул қилишдан бошқа мақсадда овлашнинг ҳукми

Баъзида кўчаларда,  далаларда, ўрмонларда айрим ака-укаларимиз қушларни ёки ҳайвонларни овлаётганларига гувоҳ бўлиб қоламиз. Баъзилар у ҳайвонларни танавул қилиш учун овласа, баъзилар эса шунчаки кўнгилхушлик учун овлашади. Хўш, бу биродарларимизнинг қилаётган ишлари қанчалик тўғри?! Бунга шариатимиз нима дейди?!

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو  رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَا مِنْ إِنْسَانٍ قَتَلَ عُصْفُورًا فَمَا فَوْقَهَا بِغَيْرِ حَقِّهَا إِلاَّ سَأَلَهُ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ عَنْهَا قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ وَمَا حَقُّهَا قَالَ: يَذْبَحُهَا فَيَأْكُلُهَا وَلاَ يَقْطَعُ رَأْسَهَا يَرْمِي بِهَا. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَالشَّافِعِيُّ وَالْحَاكِمُ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қай бир инсон чумчуқни ёки ундан каттароқ нарсани ноҳақдан қатл этса, албатта, Аллоҳ таоло ундан у ҳақида сўрайди», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, унинг ҳақи недир?» дейилди.

«Уни сўйиб, емоғидир. Бошини кесиб отиб юбормас!» дедилар».

Имом Насаий, Имом Шофеъий ва Имом Ҳоким ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифни «Ейиладиган ҳайвонлар ҳақида» бобида келтиришдан асосий мақсад чумчуқ ҳалол қуш эканини билдиришдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Уни сўйиб, емоғидир» дейишлари шуни англатади.

Аммо бу ҳадисда шу билан бирга бир оламга татигулик улкан маъно ётибди. Худди ана шу маънога инсоният ўзининг узун тарихи давомида доимо муҳтож бўлиб келган ва ҳозирги кунда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтож бўлиб турибди.

Ана ўша улкан маъно ҳаётга доимо жиддият билан қараш, инсон ўз масъулиятини тўлиқ ҳис қилиши ҳақиқатидир. Ислом ҳаётга доимо тўлиқ жиддият билан қарашни талаб қилади. Инсоннинг заррача қилган яхшилиги ҳам, ёмонлиги ҳам охиратда ҳисоб-китоб қилинишига алоҳида урғу беради.

Эътибор берайлик, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда нима демоқдалар:

«Қай бир инсон чумчуқни ёки ундан каттароқ нарсани ноҳақдан қатл этса, албатта, Аллоҳ таоло ундан у ҳақида сўрайди».

Бошқа бир ривоятда ўша ноҳақ ўлдирилган чумчуқ қиёматда даъво қилиб: «Эй Роббим, манави мени манфаат учун эмас, ўйнаб ўлдирди» дейиши айтилган.

Исломдан узоқлашиш оқибатида ҳаётнинг ҳамма соҳаларида инсоният бошига тушган сон-саноқсиз мусибатларни бир томон қўйиб турайликда, бизга аҳамияти йўқ бўлиб кўринган чумчуқни беҳуда ўлдириш масаласини олиб кўрайлик.

Худди ана ўша масъулиятсизлик оқибатида ҳозирги кунимизга келиб дунёдаги кўплаб ҳайвонлар қирилиб битмадими?!

Қиёматни, ундаги сўроқ-саволни, ҳисоб-китобни унутган инсоният ваҳшийлашиб, қанчадан-қанча ҳайвон турларини йўқ қилиб юбормадими?!

Яна қанчадан-қанчаси йўқ бўлиш арафасида турмаяптими?!

Бугунги кунда табиатни муҳофаза қилиш энг долзарб масала бўлиб қолмаяптими?!

Шунинг ўзидан инсоният Исломга қанчалар муҳтож эканини билиб олсак бўлаверади.

Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдаларимиз:

  1. Каттаю кичик ҳар бир ишга жиддият билан қараш зарурлиги.
  2. Арзимаган ҳайвонни овлашда ҳам фақат зарур манфаат юзасидан ов қилиш кераклиги.
  3. Банда кичик бир ҳайвонга қилган ноҳақлиги учун ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузурида жавоб бериши борлиги.
  4. Чумчуқнинг ҳалоллиги.
  5. Чумчуқ бўлса ҳам ҳайвонни овлагандан кейин сўйиб емоқ лозимлиги.
  6. Овланган ҳайвоннинг бошини ёки бошқа бирор жойини узиб, отиб юбормаслик лозимлиги.

 

 4-курс талабаси
Иброҳим Бурҳон

88150cookie-checkҲайвонларни тановул қилишдан бошқа мақсадда овлашнинг ҳукми
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!