islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Гўшти ҳаром қилинган ҳайвонлар зикри

Албатта, У зот сизларга фақат ўлимтикни, қонни, чўчқанинг гўштини ва Аллоҳдан бошқага сўйилганни ҳаром қилди. Кимки мажбур булсаю, зулм қилмай, ҳаддан ошмай (еса), унга гуноҳ бўлмас. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир. Ушбу ояти каримада мусулмонларга ҳаром қилинган нарсалардан тўрт хили зикр этилмоқда. Биринчиси — ўлимтик. Яъни, Аллоҳ таоло ҳалол қилган ҳайвонлардан ўзи ўлиб қолганининг гўшти ҳаром бўлади. Соф инсоний табиат ўлимтикни хоҳламаслиги ҳаммага маълум. Ўлимтикни билиб туриб ейиш учун инсонлик табиатидан чиқиш керак. Бунинг устига, ҳайвонлардан касаллик етмаса, ўзидан-ўзи ўлмайди. Касаллик билан ўлган ҳайвондаги турли иллатлар ва микроблар унинг бутун гўштига тарқалиб кетади. Тиб илми бунга ўхшаш ҳикматларни кўплаб кашф этган. Биз билмаган яна қанча ҳикмати бор.

Иккинчиси — қон. Яъни, ҳайвонни сўйганда оққан қонини тўплаб олиб, истеъмол қилиш ҳам ҳаромдир. Сўйилган ҳайвонларнинг томирларида қолган қонлар ҳаром эмас. Сўйилган ҳайвонларнинг бўғзидан оққан қони ҳам соф инсоний табиат инкор этади. Тиббий нуқтаи назардан қараганда ҳам, ҳайвон сўйилганда ундаги мавжуд барча микроблар, касалликлар ва бошка зарарли иллатлар қон билан чиқиб кетади, уларни тўплаб, тановул қилиш кони зиён.          Аллоҳ таоло инсонга зарар келтирадиган нарсаларнинг барчасини ҳаром қилади.

Учинчиси — чўчқанинг гўшти. «Гўшти» дейилганидан ёғи ёки бошқа жойи ҳалол экан-да, деган фикр келмаслиги керак. Чўчқа буткул ҳаром. Ўлимтик қон каби нажас — ифлос бўлгани учун ҳаром.

Қолаверса, чўчқа табиати бузуқ ифлос ҳайвон, нима кўринса, еяверадиган махлуқ. Соф табиат эгалари ундан нафрат қиладилар.

Ейилган озуқа инсон вужудига сингиб, ўз таъсирини ўтказади. Масалан, баъзи дориларни ичсангиз, Аллоҳ у моддаларга берган хусусият туфайли танадаги оғриқ қолади, баъзилари истеъмол қилинса, асаб ўрнига тушади ва ҳоказо. Шунингдек, баъзи овқатлар иссиқлигингизни ошириб юборса, бошқаси совуқлигингизни оширади. Хулоса шуки, тановул қилинган озуқалар инсонга ҳар жиҳатдан таъсир ўтказади.

Тажрибалиларнинг таъкидлашича, дунёда эркаги урғочисини қизғанмайдиган бирдан бир ҳайвон чўчқа экан.

Балки шу боисдандир, чўчқа гўшти кўп истеъмол қиладиган халқларнинг эркаклари аёлларини қизғанмайдилар, бу масалада иффат ва номус нималигини билмайдиган даюсларга айланиб қолганлар. Тиб олимлари чўчқа гўштида қон-томир ва юрак касалликларини тарқатувчи моддалар борлигини ҳам аниқлашди. Яна бошқа кўпгина зарарлари ҳам аён бўлди. Бу ҳақида ҳатто ўзлари чўчқа гўштини истеъмол қиладиган халқдарнинг вакиллари, Қуръон ва Исломдан бехабар кишилар илмий ишлар қилдилар, алоҳида китоблар ҳам ёздилар.

Тўртинчиси — Аллоҳдан бошқанинг номини айтиб сўйилган ҳайвоннинг гўшти. Аввал айтилган ўлимтик, қон ва чўчқа гўштларининг ҳаромлиги улардаги мавжуд нажосат ва моддий зарарлар эътиборидан эди. Аммо Аллоҳдан бошқанинг номи айтиб сўйилган ҳайвон гўштининг ҳаром бўлишида унга эътибор мутлақо йўк, балки бошқа эътибор бор.

      Аввало,  таъкидлаш керакки, таомларнинг ҳалол-ҳаромлигини белгилашда инсоннинг амалига қараб ҳукм чиқариладиган фақат бир ҳолат бор, у ҳам бўлса, гўштини Аллоҳ ҳалол қилган ҳайвонларни сўйиш чоғидир. Бошқа таомларда бу ҳолат мезон бўлмайди. Мисол учун, нонни ким ёпади, бисмиллоҳ айтадими, айтмайдими, барибир ҳалол бўлади. Шунингдек, мевалар ва сабзавотлар ва бошқа озиқ-овқатларнинг ҳукми ҳам инсоннинг амалига боғлиқ эмас.

         Ҳайвонни сўяётганда эса сўювчи шахсга, унинг ниятига ва сўйиш услубига қаралади. Сўювчи ҳайвонни Аллоҳдан бошқанинг номини айтиб сўйса, гўшт ҳаромга айланади. Бу ерда моддий эмас, балки маънавий-руҳий ҳолат эътиборга олинган. Инсонни яратиб унга жон ато этган Зот Аллоҳ таолодир. Ҳудди шунингдек, сўйиладиган ҳайвонни ҳам яратиб, унга ҳам жон ато қилган Аллоҳ таолонинг Ўзидир. У Зот бир махлуқига (инсонга) бошқа баъзи махлуқларини (айрим ҳайвонларни) сўйишга ва гўштга айлантириб фойдаланишга рухсат берди. Бу ишни амалга ошириш пайтида бир неча шартга риоя этишга буюрди.

      Аввало, ҳайвонни сўйиб жонини чиқариш пайтида  жонни берган Зотни эслаш. Агар у ҳайвонга жон ато қилган Аллоҳни қўйиб, бошқанинг номи зикр этилса, маънавий жиноят содир бўлган бўла­ди. Бу эса қалб, руҳ ва виждон поклигига зиддир. Демак, маънавий нажосатдир. Шунинг учун, маънавий нажосатга айланган бундай гўшт ҳам ҳаром ҳисобланади. Аллоҳ таоло жон берган ва мўминларга ҳалол этилган ҳайвонларни сўйганда гўшти ҳам ҳалол бўлиши учун ҳайвонни Аллоҳнинг исмини айтиб, «Бисмиллаҳи, Аллоҳу ак-бар», деб сўймок лозим.  Кейин қассоб эътиқодли одам, яъни Ислом ақидасидаги ёки аҳли китоб — яҳудий ёки насроний ақидасидаги киши бўлиши керак. Ва ҳайвонни шариат ҳукмига мувофиқ сўйиш лозим.

         Ҳайвонни сўйишда Ислом шариатининг ҳукми бундай: томоғидан сўйиб, бўйнидаги йўғон қон томирларининг иккиси ёки биттаси, ҳалқуми ва қизил ўнгачи кесилиши керак. Шу шартларга кўра сўйилган ҳайвон гўшти ҳалол бўлади. Бўлмаса,

  «Албатта, У зот сизларга фақат ўлимтикни, қонни, чўчқанинг гўштини ва Аллоҳдан бошқага сўйилганни ҳаром қилди», деган Аллоҳ таолонинг каломига биноан ҳаром бўлади.

         Лекин айрим истисно ҳолларда, «ҳаром» саналган мазкур нарсалардан тановул қилишга рухсат берилган.

        «Кимки мажбур булса-ю, зулм қилмай, ҳаддан ошмай (еса), унга гунох, бўлмас. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва рахмлидир».

        Масалан, дейлик, бир одам оч қолди, ўлим хавфи туғилди, мазкур ҳаром нарсалардан бошқа ейдиган нарса йўқ, шундай ҳолдагина ўлмай қолиш учун еса бўлади. Фақат ояти каримада таъкидланганидек, зулм қилмай, ҳаддан ошмай еса, унга гуноҳ бўлмайди. Мутлақо заруратсиз, қийинчилик бўлмаса ҳам еса, ўзига зулм қилган бўлади. Еган пайтида тўйиб, керагидан ортиқ еб юбориши эса, ҳаддан ошишга киради. Уламоларимиз: «Ўлим хавфида қолган одам ушбу нарсалардан ўлмай қоладиган даражада ейишига рухсат ушбу оятдан олинган», дейишади.

         Аммо, «Бу ҳаром нарса, ўлсам ҳам емайман!» дея қайсарлик билан ўлиб кетган инсон гуноҳкори азим бўлади.

          Ўтган азизлардан Масруқ раҳматуллоҳи алайҳи: «Ким мажбур бўлса-ю, емай-ичмай ўлиб кетса, дўзахга киради», деганлар.

         Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Саъд  розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломга:

       «Эй, Аллоҳнинг Расули, дуо қилинг, Аллоҳ мени дуоси қабул бўладиганлардан қилсин», — дедилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом:

«Эй Саъд, таомингни ҳалол қил, дуоси қабул бўладиган бўласан. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот билан қасамки, бир одам ҳаром луқмани қорнига ташласа, Аллоҳ унинг дуосини қирқ кунгача қабул қилмайди. Қайси банданинг гўшти ҳаромдан ва рибодан ўсса, унга дўзах муносибдир»,—дедилар.

      4-курс талабаси
Дадаев Фатхуллох

89220cookie-checkГўшти ҳаром қилинган ҳайвонлар зикри

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: