islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Бас, ким зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам кўради. Ва ким зарра оғирлигида ёмонлик қилса ҳам кўради

Дамашқдаги бозорлардан бирида икки киши тортишиб қолди. Улардан бири қуролини олиб, рақибига ўқ узди, лекин ўқи хато кетди. Ўша ердаги бир киши бу тортишувни эшитиш учун дўконидан бошини чиқариб, қараб турган эди. Ҳалиги ўқ шу одамнинг бўйнига, умуртқа поғонасига яқин жойга тегиб, уни шол қилиб қўйди…
Орадан бир неча кун ўтиб бозордан ўтиб кетаётган шайх Ротиб Ан-Наблусийни бир киши тўхтатиб, шу воқеа ҳақида савол берди: “Устоз, сиз доим Аллоҳ азза ва жалланинг адолати ҳақида гапирасиз. Лекин бу одам нима қилган эди? У оддий савдогар, дўконини очиб, оила, бола-чақасига ризқ топишга ҳаракат қилаётганди. Газлама сотарди. Ҳеч қандай айби йўқ. Тортишувни эшитиб, бўйнини чўзиб қараган вақти дайди ўқ келиб бўйнига тегибди. Шол бўлиб қолди. Қани Аллоҳнинг адолати?!”
Шайх Наблусий жавоб берди: “Аллоҳга қасамки, мен Унинг одил эканлигини биламан. Сиз менга ўша киши ҳаётидан ўзингиз билган бир қисминигина айтиб бердингиз. Эҳтимол унинг ҳаётида сиз ҳам, мен ҳам билмаган бир иш бордир. Мен Аллоҳнинг адолати ҳақ эканлигига ишонаман”.
Орадан йигирма кун ўтиб шайх Наблусий Ал-Майдон маҳалласида яшайдиган дўсти билан гаплашиб қолди. Дўсти унга: “Эй шайх. Бизда ажойиб бир воқеа юз берди. Бир қўшнимиз бўлиб, у вафот этган укасининг етим болаларига васий эди.
Етимларга отасидан 20 минг лира қолганди (ўша пайтда бу бир уйнинг пули эди). Пулни сақлаб туришга масъул бўлган амаки уни эгаларига, етимларга қайтаришдан бош тортди. Улар Ал-Майдондаги олимлардан бирига шикоят қилишди. Олим у одамни ва укасининг болаларини олдига чақириб, насиҳат қилди, лекин амаки пулни тўлашни истамади.
Шунда ҳалиги олим жиянларга: “Амакингиз пулни бермайман, деяпти. Бу масалани энди қозига кўтариб юрманглар, сизлар амаки-жиян бўлиб тортишиб юришинглар тўғри иш бўлмайди. Аксинча, осмонлару ернинг Робби бўлган Аллоҳга шикоят қилинглар”, деб маслаҳат берди.
Бу кечқурун соат саккизда бўлаётган гап эди. Эртаси куни эрталаб соат саккизда амаки дўконидан бошини чиқариб, тортишув бўлаётган жойга қараган ва ўқ тегиб, шол бўлиб қолган…”
Шайх Ротиб Ан-Наблусий айтадилар: “Бу дунёда дайди ўқ, тасодифий иш деган нарсаларнинг ўзи йўқ. Ҳар бир ҳолат Аллоҳнинг ҳикмати ва адли билан, ўз ўрнида юз беради. Буни тушунган тушунади… Жоҳил жоҳиллигича қолади… Яшаб турган жойимизда, ҳаётимизда нимаики содир бўлмасин, ҳикматли, адолатли Робб томонидан, етук ҳикмат асосида юз бераётганига иймон келтиришимиз лозим. У Зотнинг ҳузурида ҳеч кимга бир мисқол миқдорида ҳам зулм қилинмайди. Банда яхшилик қилган бўлса, яхшилик билан, ёмонлик қилган бўлса, ёмонлик билан мукофот олади.
Аллоҳ Таъоло айтганидек:

“Бас, ким зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам кўради. Ва ким зарра оғирлигида ёмонлик қилса ҳам кўради”.
Ер юзидаги, одамларнинг адолатини эътиборга олмасак ҳам майли (дунёдаги жазолардан қутулиб қолишимиз мумкиндир, балки). Лекин осмонлару ернинг эгаси бўлган Зотнинг адолатини унутмайлик!”

89820cookie-checkБас, ким зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам кўради. Ва ким зарра оғирлигида ёмонлик қилса ҳам кўради
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!