islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ислом динида ўз жонига қасд қилиш гуноҳи кабирадир

Маълумки, Ислом дини тинчлик, инсонлар ўртасида меҳр-мурувват, ўзаро ҳурмат ва инсоний фазилатларни тарғиб қилувчи диндир. Унинг таълимотида ер юзини обод қилиш, эзгу амаллар билан машғул бўлиш, ато этилган неъматлардан фойдаланиб шукрона келтириш улкан савобларга сабаб бўлувчи солиҳ амаллар ҳисобланади. Аксинча, ер юзида фисқу фасод қилиш, ноҳақ қон тўкиш, қолаверса, ўз жонига қасд қилиш кабилар қораланиб, улар оғир гуноҳлар эканлиги таъкидланади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсоннинг шаънини баён қилиб: “Биз одамзотни азизу мукаррам қилиб яратдик ҳамда уларни сувда ҳам, қуруқликда ҳам юрадиган қилиб қўйдик. Уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқ ато этиб, уларни бошқа ҳамма махлуқотдан афзал этдик[1]– деб марҳамат қилган. Мазкур оят инсоннинг қадру қиймати нечоғли баланд эканлигини очиқ-ойдин кўрсатади. Парвардигор одамзотга шунчалик мурувват кўрсатган экан, инсон бу неъматнинг қадрига етмоғи, унинг шукрини адо этмоғи, қолаверса, ўша мақом ва даражага мос тарзда ҳаёт кечирмоғи лозим бўлади.

Инсониятни икки дунё саодатига элтувчи Ислом динининг асослари бўлмиш Қуръони карим оятлари ҳамда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида инсоннинг ҳаётига ноҳақ тажовуз этиш, ўзини ўзи ўлдириш, бировнинг моли, ор-номуси, ақли ва эътиқодига зарар етказиш қатъиян ман этилади. Ҳаёт инсон учун берилган энг қадрли омонатдир. Шунингдек, у Аллоҳ таоло томонидан инсонга топширилган имконият ва масъулиятдир. Инсон бу неъматни асраб авайлаши, унга хиёнат қилмаслиги лозим, акс ҳолда энг оғир жиноятга қўл урган, ўз зиммасига катта гуноҳ орттирган бўлади. Қуръони каримда инсонни ўзининг яшаш ҳуқуқига тажовуз қилишидан ман этилиб: “Ўз қўлингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламангизлар[2]– дейилган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам ўз ҳадиси шарифларида ўз-ўзини ўлдириш ҳаром эканлиги, бундай ишни қилган кишига охиратда қаттиқ азоблар бор эканлиги ҳақида айтиб ўтганлар. Жумладан, бир ҳадисда:

Жундуб ибн Абдуллoҳ рoзияллoҳу анҳу ривoят қиладилар: «Пайғамбар сoллаллoҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизлардан илгари ўтганлардан бир киши жарoҳатланди. Бeсабрлик қилиб пичoқ oлди-да, қўл(тoмири)ни кeсиб ташлади ва кўп ўтмай, қoн йўқoтиб, вафoт этди. Аллoҳ: «Бандам жoнига қасд этди, унга жаннатни ҳарoм қилдим», дeди[3]».

Ўз-ўзини ўлдириш нақадар оғир гуноҳ эканини шундан ҳам билиш мумкинки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ишни қилган кишига жаноза намозини ўқимаганлар. Шунга кўра, исломий манбаларда ўз-ўзини ўлдирган кишига масжид имоми жаноза намози ўқиши дуруст эмас, дейилган. Бугунги кунда ўзларини гўёки мусулмонлардек кўрсатиб, одамларни динга “даъват” қилиб юрган, асл мақсадлари эса, жангарилик ва ноҳақ одам ўлдиришдан ўзга нарса бўлмаган кимсаларни бутун жаҳон кўрмоқда. Ҳозирга келиб буларнинг фаолиятига ҳар томонлама нуқта қўйилганда, улар ўзларини мужоҳид деб эълон қилиб, ўлсак шаҳид бўламиз, деб айюҳаннос соладилар. Аслида эса бу Ислом динига мутлақо зиддир.

 

3-курс талабаси
Ажинияз Жиемуратов 

[1] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. – Т.: Шарқ, 2004. Исро сураси, 70-оят.

[2]  Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. – Т.: Шарқ, 2004. Бақара сураси, 195-оят.

[3] Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳул Бухорий. – Байрут: Дару ибн Касир. 1987.

90510cookie-checkИслом динида ўз жонига қасд қилиш гуноҳи кабирадир

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: