Шайх Абул-Айнайн Шийшаъ раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Кўпчилик кишилар “Аллоҳ таолонинг Китоби йўқ бўлиб кетмаслиги учун биз Уни ёдлашимиз ва ўзимиздан кейингиларга етказишимиз керак, деб ўйлайдилар. Ваҳоланки, оламларнинг Робби бўлган Зот Ўзининг Қуръони каримида марҳамат қилиб:
إنا نحن نزلنا الذكر وإنا له لحافظون
“Дарҳақиқат, Биз Қуръонни Ўзимиз нозил қилдик ва Уни Ўзимиз сақлагувчимиз” (“Ҳижр” сураси, 9-оят) деган.
Аллоҳ таоло Каломини “Ўзим сақлайман!” дедими, демак, уни муҳофаза қилишда бандасига ҳеч қандай эҳтиёж йўқ. У агар хоҳласа кофирнинг қўли билан ҳам Қуръонни сақлайверади. Ҳозир кўплаб ноёб мусҳафлар, Қуръонга оид осору атиқалар Европанинг энг машҳур музейларидат қаттиқ ҳимоя остида эҳтиётлаб сақланмоқда. “Фалон жойда уй ёниб кетибди, аммо ичида биргина Қуръон мусҳафи ёнмай қолибди”, “фалон шаҳарда машина портлаб кетибди, аммо ичидаги мусҳафга битта чўғ ҳам илашмабди”, “фалон масжидга ёнғин тегибди, аммо деворининг Қуръон оятлари ёзилган қисмлари омон қолибди” каби хабарларнинг жуда кўп шоҳиди бўляпмиз.
Аллоҳ таоло Қуръонида нима деди?! У зот “Биз У (Қуръон)ни Ўзимиз сақлагувчимиз!” деди!
Эй, инсонлар! Ақл юритиб кўринглар, мусҳаф нима у?! Саҳифаларига Аллоҳ таолонинг оятлари битилган оддий қоғозлар жамланмаси! Нега битта масжид тўла ёниб кетади-ю, аммо деворининг Аллоҳ оятлари ёзилган қисмлари ёнмай қолади?! Тафаккур қилинглар! Оддий қоғоз ёки оддий девор, унга Аллоҳ таолонинг оятлари битилгани учун Аллоҳ уларни оловдан асрамоқда. Энди агар сиз Каломуллоҳни қалбингизга жойласангиз, Аллоҳ таоло сизга дунё ва охират фитналаридан нажот бермайдими?! Агар сиз тилингиз билан Аллоҳ таолонинг оятларини тиловат қилсангиз, У зот азза ва жалла тилингизнинг оловда ёнишидан паноҳ бермайдими?! Агар сиз жисмингиз билан Аллоҳ таолонинг Китобига амал қилиб яшасангиз, У зот азза ва жалла жисмингизни жаҳаннам оташига абадий ҳаром қилмайдими?!
Эй, инсонлар! Билингки, Қуръони каримнинг муҳофазасида бизнинг ҳеч биримизга эҳтиёж йўқ. Балки биз ўзимизнинг дунё ва охиратдаги барча уқубатлардан, фитналардан омонда бўлишимизда Қуръони каримга муҳтожмиз!”
(Шайх Тоҳо Маждий Мажийдий. “Насоиҳ ли ҳуффази Китабиллаҳи азза ва жалла ва қурроиҳ”. Ал-мактабатул-бустанийя. 2016).
4-курс талабаси
Йўлдошбек Нуриддинов таржимаси