islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мактаб формаси ҳозирча мажбурий бўлмайди. Форма етказиб бериш бўйича иш бошлаб қўйган тадбиркорлар вазирликка боришди

17 июнь куни Халқ таълими вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 14 майдаги ПФ-5718-сонли Фармони билан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасига мурожаат этган бир қатор тадбиркорлар билан учрашув ўтказилди.

«Учрашувда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари ва «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси вакиллари ҳамда республикамизнинг турли ҳудудларидан келган 30 нафардан ортиқ тадбиркор иштирок этди.

Суҳбат жараёнида тадбиркорлар томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги 666-сон қарори юзасидан оммавий ахборот воситаларида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг мажбурий ягона замонавий формасига ўтилишига доир чиқишлар, улардаги турли хил қарашларга муносабат билдириш сўралди.

Хусусан, янги 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар учун мактаб формаларининг ихтиёрий деб маълум қилингани, шунингдек мажбурий этиб белгиланиш муддати жуда кечга суриб юборилиши ҳақидаги ахборотлар тадбиркорлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар савдосини ташкил этишда салбий таъсир кўрсатаётгани, сотилган маҳсулотларни ота-оналар қайтариб келаётгани ҳам учраётгани, шу билан бирга тадбиркорларнинг аксарияти мазкур ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун банклардан кредитлар олгани сабабли бундай ҳолат охир-оқибатда уларни банкрот ҳолатига олиб келиши мумкинлиги айтиб ўтилди. Бу эса ўз навбатида жойларда ишчи ўринлар камайишига сабаб бўлади.

Бундан ташқари, тадбиркорлар қарор билан тасдиқланган форма фасонлари ва уларни тикишда қўлланадиган матолар ота-оналар томонидан маъқулланаётганини билдирди. Жойлардаги учрашувларда ота-оналарнинг аксарияти ушбу формани жорий этиш таклифини маъқуллашаётгани, кимдадир уни сотиб олишга молиявий қийинчилик бўлса, уларга имкон борича тадбиркорлар ёрдам беришга ҳаракат қилаётгани таъкидланди.

Шунингдек, тадбиркорлар томонидан шу кунга қадар тикилган мактаб формаси савдосини ташкил қилиш жараёнида чин етимларга – бепул, кам таъминланганларга – имтиёзли равишда етказиб бериш бўйича ҳам ташаббус кўрсатиш билдирилди.

Халқ таълими вазири ўз навбатида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги 666-сон қарори ўз кучини йўқотмагани, шу билан бирга кўплаб ота-оналар, айниқса кўп фарзандли, эҳтиёжманд оилалар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар ҳамда вазирликка келиб тушаётган эътирозларни инобатга олган ҳолда мажбурий мактаб формасига ўтиш муддатини кечиктириш зарурияти туғилгани ҳақида тушунтириш берди.

Учрашувда 2019-2020 ўқув йилида умумтаълим мактабларида Вазирлар Маҳкамасининг 666-сонли қарорида белгиланган мактаб формаларидан ташқари бошқа фасондаги формаларни марказлашган ҳолда харид қилишга йўл қўйилмаслиги ҳамда ота-оналарга жойларда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси томонидан белгиланган тадбиркорлар маҳсулотларини харид қилиш бўйича барча мутасадди раҳбарларга кўрсатма берилиши таъкидланди», дейилади Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

2018/2019-ўқув йилида ягона мактаб формасини кийиш ўқувчилар учун ихтиёрий эди. Янги ўқув йилидан бошлаб эса мактабга ягона формада келиш мажбурий бўлиши кутилаётганди.

Вазирлар Маҳкамаси 2018 йилнинг 15 августида ягона мактаб формаси тўғрисидаги қарорни қабул қилган эди.

Жорий йилнинг майида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева янги ўқув йилидан мактаб формасини мажбурий қилмасликни айтиб, мактабларда бошқа камчиликлар ва муаммоларга эътибор қаратиш кераклигини таъкидлаганди.

Июнь ойида эса Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мактаб формаси 2019/2020-ўқув йилида ҳам ихтиёрий бўлиши, бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилиниши кутилаётганини айтиб ўтди.

Манбаа:http://kun.uz

92740cookie-checkМактаб формаси ҳозирча мажбурий бўлмайди. Форма етказиб бериш бўйича иш бошлаб қўйган тадбиркорлар вазирликка боришди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: