islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Бори бебарака…

Ўзбек миллий дўпписини ғурур ила кийиб олган нуроний отахонлар… Оппоқ рўмолда, муборак юзларидан нур балқиб турган малаксиймо хожи оналар… Не-не умид ва ниятлар билан келиб, биринчи сафда ўтириб, ҳаяжонда, қўлларини кўтариб дуолар қилиб, энг яхшисини беришни сўраб, умид қилиб, фарзандларига омад тилаб, ҳаққига дуо қилган ҳолида ўтирибдилар… Сўзловчининг ҳар бир сўзига диққат ила эътибор бериб, қулоқ солиб, тинглаб, ҳўп бўлади, деб итоат ила ўтирибдилар. Бирор сўзини эътибордан четда қолдирмаяпдилар. Ана энди умидлари ижобат бўладиган вақт… ҳаяжонда… борига бараканинг бошловчиси: “Сизга Оқ тепа соҳил бўйи уйи чиқди!!!”, – дея бақирадиган вақт!…

Ўзбек халқининг мана бу ҳолати нақадар аянчли… Ота-боболари азиз авлиё-ю уламолар бўлиб, барча нарсасини ҳалол меҳнат ила топган биз – ўзбек халқининг мана бу ҳолати нақадар аянчли… Ота-боболаримиз ҳеч қачон пулни осон топиш йўлларига юрмаганлар. Топаётган, уйига, болаларига олиб келаётган нарсаларига диққат-эътиборли бўлганлар. Мўмина оналаримиз эса хўжайинларини ишга кузатаётиб: “Бизга оз бўлсада ҳалол нарса олиб келинг. Бизни дўзах оловига ташламанг”, – дея кузатиб қолар эдилар.

Эндичи?… Биз қандай ҳолатга тушиб қолдик? Энди ўзбек аёллари: “Дадаси, уйга қайтаётиб лотерея эсдан чиқиб қолмасин”, ёки “Бугун борига барака бор-а, кеч қолманг”, – деб кузатишмоқдами?
Ўзбек эрлари эса: “Онаси, борига баракага қатнашиб қўйдингизми? Яна эсингиздан чиқиб қолмасин-а”, – деб айтишмоқдами?

Тафаккур қилайлик, ҳалол бўлмаган нарса ҳеч қачон юқмайди, бу нарсани барчамиз биламиз, бунга тарих ҳам, кундалик ҳаёт ҳам гувоҳ. У каби ўйинларнинг қиморлиги эса куп бора айтилди. Кеч бўлмасдан улардан тийилиш керак. Одамлар ўрганиб қолиши ва қалбларига сингиб, ҳаромдан хазар қилмайдиган даражага етиб бориб қолишидан олдин уларни йўқотиш керак. Акс ҳолда оммавий зарарларга сабаб бўлади.

Дарҳақиқат, юртларда рўй берайтган балоларнинг сабаби – гуноҳ кўпайиб кетганлиги.
Бозорлардаги қимматчиликнинг сабаби – гуноҳ кўпайиб кетганлиги.
Ҳатто ер қимирлашининг сабаби ҳам гуноҳ кўпайиб кетганлигидан.
Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум бўлишнинг сабаби ҳам гуноҳ оммавийлашиб кетганлигидан бўлади.

Барчамиз юртимиз равнақи ва фаровонлиги йўлида меҳнат қилмоқдамиз. Ҳаммамиз келажак авлод тарбияли, одоб-ахлоқли, юксак маънавиятли, илмли, ор-номусли, ҳалол касб қиладиган бўлиб улғайишини олдимизга қўйган энг катта мақсад қилиб олганмиз. Олиб бораётган барча ишларимиз ҳам айнан шу мақсадда қилинмоқда. Юқорида айтиб ўтган нарсамиз эса бу юксак мақсадларимизнинг оёғига болта билан уради.  Юрак томирини чопади. Ҳаракатларимизни кўкка совуради. Ишларимизнинг самарасини кўриш ҳамда келажакда тотли мевасини тотиш учун тўғаноқ бўладиган бу ишларни кеч бўлмасидан олдин тўхтатишимиз лозим.

Аллоҳим ўзбек халқини ҳозир ва келжагини юксак қилсин!

4-курс талабаси
Нажмиддинов Бахтиёр

94100cookie-checkБори бебарака…

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: