islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Ҳаж – 2019”

Айни кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитанинг ишчи гуруҳ ходимлари бу йилги ҳаж мавсумига қизғин тайёргарлик ишларини бошлаб юборишган.

Зиёратчилар ибодатларини чиройли ва мукаммал адо этишлари учун меҳмонхона тоза ва озода ҳолга келтирилиб, барча шарт-шароитлар муҳайё қилинмоқда.

Зиёратчилар Макка шаҳрининг “Азизия” даҳасидаги кўркам, 23 қаватли, ҳашаматли “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида истиқомат қилишади. Ушбу меҳмонхона жуда ҳашаматли бўлиб, Макка шаҳрининг узоқ-узоқ чеккаларидан ҳам кўриниб туради.

Ўзбекистонлик зиёратчилар учун қулай шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита томонидан мазкур меҳмонхонадан барча ҳожиларимизга яхлит жой ҳозирланган.

Меҳмонхонанинг пештоқига илинган давлатимизнинг 16 метрлик байроғи бу бинога ўзбекистонлик зиёратчилар жойлашишидан далолат бериб турибди

Эслатиб ўтамиз, янги қуриб битказилган “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонаси 2016 йилги Ҳаж мавсумида, биринчи бўлиб, юртимиз ҳожиларига хизмат кўрсатган эди.

“Ҳаж – 2016” мавсумида Макка шаҳридаги “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонаси томонидан тақдим этилган хизматлардан юртимиз ҳожилари жуда ҳам мамнун бўлишган. Ушбу меҳмонхона қулайликлари ҳақида гапирганда, аввало, барча хоналар тўрт кишилик қилиб тайёрлангани, ҳар бир хонада ювиниш хонаси мавжудлиги, совуткич, музлаткич, стол-стул, журнал столи, телефон, телевизор ва замонавий мебеллар билан жиҳозланганини таъкидлаш керак.

Яна шуни айтиш керакки, меҳмонхона ошхонасида бир пайтда 2200 киши таомланиши учун мўлжалланган ўринлар ҳозирланган.

Шунингдек, тиббиёт маркази, ишчи гуруҳи штаби, мажлислар зали ҳамда 2000 киши сиғадиган эркак ва аёллар намозхонасига алоҳида жойлар ажратилган. Қолаверса, меҳмонхонада ҳар бири 20 кишилик бўлган 21 та лифт мунтазам ишлайди.

Меҳмонхонанинг яна бир қулайлиги шуки, битта асосий йўл бўйлаб “Ҳарами шариф” масжидига бориш мумкин. Шунингдек, меҳмонхона Мино водийси ҳудудига яқин жойлашгани сабабли зиёратчиларни у ерга олиб чиқиш ва қайтариб олиб келишда кўп енгилликлар бўлади. Хавфсизлик нуқтаи назардан ҳам меҳмонхона яхши қурилган. Меҳмонхона атрофидан серқатнов, катта йўл трассаси бўлмагани сабабли ҳожилар эркин ҳаракат қилиши мумкин. Меҳмонхона раҳбарлари ва ишчи-хизматчилари ҳожиларимизга юқори даражада хизмат кўрсатганларини алоҳида қайд этиш керак.

Ҳаж сафарига отланаётган юртдошларимизни Аллоҳ таоло ибодат ва дуоларини қабул қилиб, сафарларини бехатар айласин!

 

Манбалар: www.voiz.uz. www.muslim.uz, www.muxlis.uz, www.nasihat.uz.

Маънавият-маърифат ва иқтидорли
талабалар билан ишлаш
бўлими
бошлиғи Ў.СОБИРОВ

 

97210cookie-check“Ҳаж – 2019”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: