islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Эй, фарзанд! Волидайн ҳақини адо этяпсанми?

Фарзандларига яхшилик қилиш ота – онанинг фитратларида бор. Эҳтимол, шу сабадан ҳам бирор оят ёки ҳадисда ота-онани ўз фарзандига меҳр кўрсатиб, яхшилик қилишга алоҳида тарзда тавсия қилганини кўрмаймиз. Улар ҳатто ўзлари касал бўлишлари эвазига ҳам болалари  соғ-саломат юришларини, оч қолишса ҳам, фарзандлари тўқ бўлишларини хоҳлашади. Қўлларидаги мазали таомни  болаларига едириб, ҳузурланишади. Лекин баъзилар улғайгач, қандай катта бўлишганини тез унутиб қолишади. Шу боис фарзандларга ота-онанинг ҳақини қайта – қайта эслатиб  туриш керак. То фарзандлар боласини деб тунларини бедор ўтказган, ўғил – қизини ўзидан ҳам ортиқ кўрган зотларнинг қадрига етишсин. Энг муҳими Қуръони каримда ота-она ҳақи Аллоҳнинг ҳақидан кейин зикр этилганини, ота-онага шукр қилиш Аллоҳга шукр қилиш билан тенг эканини ҳамда Аллоҳнинг розилиги ота-онанинг розилигига боғлиқ эканини унутмасин.

Ота-онага яхшилик қилиш ва унинг мукофати борасида оят ва ҳадисларда қуйидаги кўрсатмаларни кўришимиз мумкин:

“Аллоҳга ибодат қилинглар  ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онанинга эса яхшилик қилинг! Шунингдек, қариндош…га ҳам” (Нисо 36).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам  ота-онага яхшилик қилишни Аллоҳга суюкли амалларнинг энг улуғи деганлар. Абдуллоҳ ибн Масъуд  розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Мен Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан: ” Аллоҳ таолога  қайси амал энг суюкли?” деб сўрадим. У зот “Ўз вақтида ўқилган намоз”, дедилар. Мен: “Кейин қайси амал? дедим. У зот: “Ота –онага яхшилик  қилиш ” , дедилар” (Муттафақун алайҳ). Фарзанд зиммасига ота –онанинг бир қанча ҳақлари бор:

  1. Яхшилик қилиш. Уларни моддий жиҳатдан муҳтож ҳолатда қолдирмаслик, яшаш шароитларини яхшилаш, қўллаб-қувватлаш. Яъни, уларнинг диний ва дунёвий манфаатлари йўлида сайъ-ҳаракат қилмоқлиги лозим бўлади.
  2. Ширин сўз ва чиройли муомалада бўлиш. Ота-онанинг ёши ўтган сайин ёрдамга ва эътиборга зориқади. Фарзанд уларга доимо чиройли муомала қилиб, ширинсўз бўлиши керак. Аммо ғазаб қилиш, сиқилганини кўрсатиш, ота-онанинг юрагини ларзага солади.

“Роббингиз, Унинг Узигагина ибодат қилишингиз ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Эй инсон! Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, улага “уф!…” дема ва уларни жеркима! Уларга доимо ёқимли сўз айт!” ( Исро,23) .

  1. Тавозе ва мулойимлик кўрсатиш. Гоҳо фарзандлар оталаридан кўра бойроқ, бошқалар разарида обрўлироқ бўлиб қодишади. Динимиз бундай ҳолатда, болалар қанча бой ва обрўга эга бўлмасин, ота-онасига мулойим ва меҳрибон бўлишни буюрган: “Уларга меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут…” (Исро,24).
  2. Ота-она ҳаққига дуо қилиш. Фарзанд гўё ота-она парваришлаган ниҳол. Инсон яхшиликни қайтаришга ожиз бўлса, унинг учун дуо қилиш гўзал вафодорликдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам  ҳадисларида одам вафот этилганида, унинг барча амали тўхтаб, фақат уч нарсадан савоб етиб туриши айтилган. Улардан бири солиҳ фарзанд қилган дуодир.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “…Ва айт: “Эй Раббим! Мени гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!” (Исро,24).

  1. Ота-онанинг дўстлари билан алоқани мустаҳкамлаш. Фарзандлар ота-онанинг вафотларидан кейин қариндошлар билан алоқаларини мустаҳкамлашлари, уларнинг дўстлари ҳолидан хабар олиб туришлари керак. Бани Салама қабиласидан бўлган бир киши Пайғамбаримиздан: “Эй Аллоҳнинг Расули! Ота-она вафотларидан кейин улар учун яхшилик қилишимга бирор иш борми?” деб сўради. Пайғамбаримиз: “Ҳа, уларнинг ҳақига дуо қилиб, истиғфор сўрашинг, васиятларини амалга оширишинг, қариндошлари билан алоқани мустаҳкам-лашинг ва дўстларини ҳурмат қилишинг” дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Имом Муслимдан қилинган ривоятда Пайғамбаримиз: (Ота-она вафотидан кейин) қилинадиган энг катта яхшилик – уларнинг  дўстлари билан алоқа ўрнатишдир” , деганлар.

Уламолар ота-онага нисбатан қилинадиган мазкур ҳақларда онанинг ҳаққи отанинг ҳаққидан уч баробар ортиқроқ бўлишини алоҳида таъкидлайдилар. Зеро Оналар заиф ва кўнгилчан, доимо бир суянадиган, саховатини ҳис қилиб турадиган кишига муҳтож бўлади. Шу сабабдан ҳам Аллоҳ таоло онанинг ҳақини алоҳида таъкидлаган.

“Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдик:) “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтиш Менинг ҳузуримгадир”” (Луқмон,14).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир саҳобий келиб: “Менинг гўзал суҳбатимга энг ҳақли инсон ким” деб сўради. Пайғамбаримиз: “Онанг” дедилар. У: “Сўнг ким?”, деди. Пайғамбаримиз: “Сўнг онанг дедилар”. У: “Сўнг ким?”, деди. Пайғамбаримиз: “Сўнг онанг дедилар”. У: “Сўнг ким?”, деди. Пайғамбаримиз: “Сўнг отанг дедилар”.

Динимиз ота-онага яхшилик қилишни буюрар экан, уларни яхши-ёмонга ажратмайди. Ота-онага яхшилик қилиш фарз, ҳар бир фарзанд зимммасидаги бурчдир.

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси

Фарҳод Жўраев

45000cookie-checkЭй, фарзанд! Волидайн ҳақини адо этяпсанми?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: