islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Иймон ҳаловати

Иймон-нақадар таъсирли, сермаъно ва ҳаётбахш сўз. Бу сўзни эшитган заҳоти юраклар ларзага келади. Беихтиёр инсоннинг инсонийлигини эслатадиган, ҳамма илмларни мукаммали бўлган, гўзал хулқларни ўзида жамлайдиган сўздир. “Иймон” сўзи луғатда “тасдиклаш, ишониш” деган маьноларни англатади. Унинг истилоҳий маъноси “Қалб билан тасдиқлаб,тил билан иқрор бўлмоқликдир”. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ҳадис ривоят қилганлар: “Илм исломнинг ҳаёти бўлса, иймон унинг таянчидир”. Иймон ҳар бир инсоннинг залолат ботқоғидан ислом, иймон нурига олиб чиқадиган энг буюк сўздир.

Биз бу гўзал иймон ҳаловатини тотиш ва иймон нурларимизни зиёда қилиш учун ислом мутафаккирлари таъкидлаганидек зикр ва тафаккурга эътибор қаратишимиз даркор.

1. Қалбимиз ва ҳаёлимизни буюк Аллоҳнинг зикри билан банд этишимиз керак бўлади.

Аллоҳ таоло ўзини зикр қилмайдиганларни қоралаган, зикрни унутиб бошқа нарсани эслайдиганларни ҳасрат ва надоматда қолишини таъкидлаган. Зикр нафсни поклайдиган ва аҳлоқни сайқаллайдиган энг кучли омиллардан биридир. Қуръон тиловатидан кейин тил учун энг афзал ибодат ихлос билан зикр қилишдир. “Зикр” сўзи луғатда “эслаш, хотирлаш, тафсифлаш” деган маьноларни англатади. Истилоҳда эса “зикр” банда роббисини тили ва дили билан эслашидир. Аллоҳ таоло “Тоҳа” сурасининг 124-оятида: “Ким менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга торчилик ҳаёти бўлур ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз”, деган. Аллоҳ таоло “Аҳзоб” сурасида: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эрта-ю кеч Уни поклаб ёд этинглар”, (41-42 оятлар) деган. Аллоҳни зикр қилиш қалбни Унга боғлаш ҳамда “У мени кузатиб турибди” деган доимий сергакликда туришдир. Аллоҳнинг буйруқларини бир лаҳза ҳам эсдан чиқармай, холис амал қилишдир. Аллоҳ таоло “Анфол” сурасида: “Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир” (2-оят). Зикр қилиш ҳақида  дастуруламал бўлган Қурьони карим оятларида кўп бор зикр қилинган. Зикр қилиш  ҳақида кўп ҳадисларда ҳам келган.

Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бир қавм ўтириб, Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилсалар,албатта, уларни фаришталар қуршаб олур, раҳмат ўраб олур устиларидан сакийна нозил бўлур ва Аллоҳ уларни Ўз ҳузуридагилар ичида зикр қилур”,-дедилар. Шунингдек яна бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Муфарридлар ўзиб кетдилар”, -дедилар. “Муфарридлар ким, эй, Аллоҳнинг расули?” –дейишди. Аллоҳни кўп зикр қиладиган эркак ва аёллардир”, -дедилар.

Оиша розияллоҳу анҳадан шундай ҳадис ривоят қилинган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Аллоҳни барча вақтларида зикр қилиб юрар эдилар”. Жалолиддин Румий “Ҳикматлар” номли китобида шундай деганлар: “Инсонни бошқарадиган аъзоси бу ҳаёлидир, чунки инсон нимани ҳаёл қилса ўша нарсага интилади, масалан бозорга бориш ҳаёлига келса, ўзи хоҳламаган ҳолида унга боғланиб қолади. Ҳаёлига келгани қалбига ўрнашади ва уни ўйлайди ёки тилига чиқаради.

2. Иймон ҳаловатини тотишнинг яна бир сабаби бутун коинотни тафаккур қилишдир.

Аллоҳ таоло “Оли Имрон” сурасида “Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида эслайдиган, осмонлару ернинг яратилишини тафаккур қиладиганлар: Роббимиз, буни бекорга яратгани йўқ, Ўзинг поксан, бизни ўт азобидан сақлагин, дерлар”, деган (191-оят). Ушбу оятдан кўриниб турибдики, Аллоҳ таолонинг биру борлигини ҳамда чексиз қудрати ва бошқа комил сифатларини тўла англаб етиш учун ибодат, зикр ва тафаккур лозим экан. Қуръони каримда тафаккур ҳақида кўп оятлар келган. Тафаккур 70 йилги ибодатдан афзалдир дейилади. Бу бежиз емас тафаккур хар қандай оқил инсонни Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи, гўзал иймон соҳибига айлантирувчи энг муҳим омил ва енг юксак туйғудир.

Ҳаётда бизни тарбиялайдиган қийинчиликлар бошимизга келганда,айрим ҳолларда “уф”, “оҳ” деган сўзларни кўп ишлатиб, қаттиқ сиқиламиз. Бу сўзларни ўрнига “Алҳамдулиллаҳ”, “Аллоҳ”, “Субҳаналлоҳ” дейишимиз даркор. Сабабики, тиббиётдан маълумки инсон агар қаттиқ сиқилиб “уф”, “оҳ” деса асаб ва нерв толалари узилар, мияда ҳар хил еллар тўпланиб, шишишлар пайдо бўлади. Агар Аллоҳ таолонинг зикрини қиладиган бўлсак ўзимизга фойда қилган бўламиз. Жаҳл келганда ҳам тез суратда Аллоҳ таолонинг исми ва сифатларини зикр ва тафаккур қилмоқлигимиз зарур ва шартдур. Шунда жаҳли келган инсоннинг жаҳли тез кетишлигини Пайғамбаримизнинг кўп ҳадисларида таъкидланганлигини кўришимиз мумкин.

Доимо Аллоҳ таолонинг зикри ва тафаккурида бўлиб қалбларимиздаги иймон нурлари янада зиёда бўлишини ва иймон ҳаловатини ҳар дам тотиб юришни, Ўзининг энг севимли бандалари қаторида бўлишни меҳрибон ва бенуқсон бўлган Роббимиз Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.

49520cookie-checkИймон ҳаловати

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: