islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Фарзанд тарбияси

Бўлимлар

Оилада фарзанд тарбиясида одоб – аҳлоқ ўрни

Носоғлом муҳитда тарбияланаётган боладан “маънавий касал” инсонлар шаклланади. Бугунги ғоят таҳликали, ҳам иқтисодий, ҳам маънавий инқирозлар кучайиб бораётган, ёшлар онгини ёлғон ва сохта ахборот хуружлари дахл қилаётган, уларнинг қалбига дин ниқоби остидаги зарарли таъсирлар ортиб бораётган хатарли замонда барчамиздан уйғоқлик, хушёрлик талаб қилинади. Интернетдаги диний экстремизм, терроризм, ахлоқсизликни тарғиб қилаётган “Одноклассники” сайтини олайлик. Ҳозирда мазкур сайтга мурожаат қилаётганлар сони 1,5 миллиард кишини ташкил этмоқда. Сайтга аъзо бўлганлар 205 миллион нафарни ташкил этса, уларнинг саккиз миллиони ўзбекистонлик бўлиб, аксарияти ёшлардир. Ўнлаб сайтлар ёлғон ваъдалар билан ёшларни тузоққа илинтиришга зўр бермоқда. Оилада, одоб-ахлоқ ва таълим-тарбияга эътибор қон-қонимизга сингиб кетган бурчларимиздандир. “Бир болага етти қўшни ота-она” деган ибратли мақол ҳам айнан халқимизга хос. Мана шу мақолнинг ўзи ҳам фарзанд тарбияси, оилапарварлик биз учун нечоғлик муҳим эканини билдиради. Маҳалла аҳли, айниқса кексалар кўчада нобоп иш қилаётган бола олдидан ҳеч қачон бепарво ўтиб кетмаган, шу заҳотиёқ танбеҳ бериб тўғри йўлга чақирган. Зеро, ҳар томонлама чиройли, одобли, гўзал хулқли бўлиш, нафсни поклашга буюрувчи муқаддас динимиз оилага катта аҳамият беради. Оиладаги муҳит ота-она ўз маъсулиятларини ҳис қилиши билан барқарор бўлади. Болаларнинг одобли бўлиб улғайиши учун ота-она билан бир қаторда маҳалла-куй ҳам катта ибрат мактабидир. “Қуш уясида кўрганини қилади”, деб бежиз айтмаган халқимиз. Фарзанд тарбиялаётган ота-она ҳар бир ҳаракати, юриш туриши, муомаласи, бошқалар билан ўзаро муносабатида олижаноб фазилатларни намоён эта билиши керак. Чунки бола табиатан ниҳоятда тақлидчан ва кузатувчан бўлади. Шунинг учун унинг атрофдагилари ўз одатлари билан баъзан ўзлари сезмаган ҳолда уларга таъсир қиладилар. Оиладаги қўпол муносабатлар, кўп ёлғон гапириш, ёқимсиз хатти-ҳаракат бола тарбиясига салбий таъсир қиладиган носоғлом муҳитни келтириб чиқаради. Фарзанд тарбиясида ота-онанинг муомаласи муҳим ўрин тутади. Бола ота-она томонидан қўпол, дағал сўзлар эшитиб, калтак еб катта бўлса, бу унинг табиатига салбий таъсир қилади. Бу эса ўз навбатида оиладаги носоғлом муҳитда тарбияланаётган боладан “маънавий касал” инсонлар шаклланади. Улар эса жамият маънавиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Оилада ота-оналар “оммавий маданият” таъсирига берилиб кетиши оқибатида фарзандларнинг тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Албатта бола тарбияси ўта мураккаб ва маъсулиятлидир. Бу ҳар бир ота-онадан ўз устида мунтазам ишлашни, болалар тарбиясига оид барча маълумотлардан бахобар бўлиб боришни талаб этади. Фарзанд тарбияси бу шунчаки тажриба, оддий кўрсатма ва билимлар жамланмаси эмас, балки ўз ичига диний-ахлоқий билимлар, тиббиёт, этика, психология, педагогика каби соҳаларига оид билимларни ҳам қамраб оладиган мураккаб жараёндир. Бугунги кунда оилавий тарбиянинг қийинлашуви шундаки, биринчидан, жамият тараққий этиб боргани сари ҳар томонлама етук инсонни шакллантириш талаблари ортиб бораверади. Бу эса оилада болага эстетик, жинсий тарбия, ахлоқий тарбия бериш сифати ва кўламини ошириш талабини қўяди. Таълим-тарбия, одоб-ахлоқ болаликдан берилгани маъқул. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Биронтангиз ўз фарзандларингизни тартиб-интизомга ўргатса, бу ҳар куни садақа бергандан яхшироқдир”, дея марҳамат қилганлар.    Болаларни интизомга ўргатиш оила мустаҳкамлигига асос бўлади. Ислом шу маънода ота-оналарни ўз фарзандларига соғлом тарбия беришга рағбатлантиради. Ҳадиси шарифда “Фарзандларингизни ҳурмат қилинг ва уларни яхши хулқ билан хулқлантиринг” деб таъкидланган. Фарзанд тарбияси жараёнида бола ҳуқуқларининг камситилмаслиги талаб этилади. Оилавий тарбия ижтимоий тарбияга нисбатан болаларнинг руҳий оламига, ҳиссиёти ва туйғуларига чуқур таъсир кўрсатади. Фарзанд тарбиясини қачондан бошламоқ керак?, деган савол кўпчиликни ўйлантиради. Кўпчилик олимлар унга турлича жавоб бериб келганлар. Хусусан, Ибн Сино бола тарбияси билан унинг туғилишидан аввалроқ,...

Ҳақиқий меросхўр мулкига кўз тикиш гуноҳи кабирадир

Афсуски, ёшроқ эркак вафот этса, келинни гўдаклари билан отасиникига ҳайдаб юбориш ҳоллари  ҳам учрайди. Оила бошлиғи вафот этгач, унинг ҳовлисига ака-укалари кўз тикиб, қазо қилган одамнинг хотини вояга етмаган болаларини –марҳумнинг меросхўрларини, меросга энг ҳақли инсонларни олиб, ота ҳовлисига қайтиб боришга мажбур бўляпти. Фароиз илмига кўра, марҳумдан қолган мол-мулк дарҳол меросхўрлар ўртасида тақсим қилиниши керак. Бу қонунни ўзича тасарруф қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Нега менга кам, бунга кўп дейиш ёки ҳатто менга керак эмас дейиш Аллоҳ таолонинг ҳукмига норози бўлишдир, Масалан, қизлар ўғилга тегадиган улушнинг ярмини олади. Аслида бунда катта адолат бор. Зеро, Исломда қиз боланинг нафақаси эркак кишининг зиммасига юклатилган. Қиз бола ҳали туғилмасидан унинг нафақаси ҳал қилиб қўйилган бўлади. Аёл кишининг нафақаси аввал отаси, отаси бўлмаса ака-укалари ёки амаки-тоғаларининг зиммасида бўлади, никоҳдан сўнг эса эрининг зиммасига юклатилади. Аммо шунда ҳам ўғил болага тегадиган улушнинг ярми миқдорида қизларга ҳам мерос ажратилиши айни ҳикмат, олий ҳимматдир. Бугунги куннинг ифодаси билан айтганда, ижтимоий адолатдир. Илмсизлик, жоҳиллик қилиб, етимларни, ҳақдор ворисларни ҳалол улушидан маҳрум қилаётганларнинг ҳисоб-китоби ниҳоятда оғир бўлади, Аллоҳ асрасин. Озгина ерга, мулкка эга бўлиб оламан, деб хомтама бўлаётганлар ана шу азоб-уқубатларни ҳам эсга олиб қўйсинлар! Тошкент ислом институти ўқитувчиси Раҳматуллоҳ Сайфуддинов 222

Ёлғончи она

Бу воқеа ҳаётда рўй берган бўлиб, онаси вафот этган кичик бола ҳақида. У онасини ниҳоятда яхши кўрар эди… Боланинг онаси вафот этгач, отаси бошқа аёлга уйланди. Отаси доим ундан янги онаси қандай эканлиги, унга кўрсатаётган муомаласи ҳақида сўраб турарди… Кунларнинг бирида отаси ўғлидан янги аёли ҳақида ўғлининг фикрини билишни истаб шундай дели: – Онанг билан бу аёлнинг ўртасидаги фарқ қандай?! Бола шундай жавоб берди: – Ҳақиқий онам кўп ёлғон гапирарди, бу аёлингиз доим рост гапирар экан… Ота бу жавобдан даҳшатга тушганча: – Нима деганинг бу?! – деб сўради. Ўғил: – Онам уйга қайтмасанг, ўйнашни тўхтатмасанг, овқат бермайман дердилар. Мен эса, онамнинг айтганларини қилмасдан ўйнайверардим. Онам эса ҳеч қачон мени овқатдан маҳрум қилмаганлар.  Бу аёлингиз эса, унинг гапини эшитмасам ёки унга жаҳл қилсам, “агар гапимга кирмасанг, қулоқ солмасанг, сенга oвқат бермайман” дейди ва доим гапининг устидан чиқади…  Мана икки кун бўлдики, ҳамон туз тотганим йўқ… Араб тилидан Абдуллоҳ Қосим таржимаси 286

Болалар учун зарарли овунчоқ

Америка педиатрлар академияси ва Канада педиатрлар жамияти 18 ёшгача бўлган болалар бир кунда қўл телефони, планшет, ноутбук ва ҳ.к.дан қанча вақт фойдаланиши мумкин деган саволга аниқлик киритди. Расмий ҳисоботга кўра, 2 ёшгача бўлган болалар технологик воситаларга умуман яқинлаштирилмаслиги, 3-5 ёшгача бўлган болалар узоғи билан бир соат, 6-18 ёшдагилар кўпи билан икки соат фойдаланиши мумкин экан. Кайзер фонди ва Канада соғлом фаол болалар ташкилотининг ўтказган тадқиқоти бугунги болалар юқорида келтирилган меъёрлардан камида 4-5 баробар кўп фойдаланаётган экан. Технологик воситалар ҳатто ўлимга олиб келгани ҳам аниқланган. Дунёнинг ривожланган давлатларида олиб борилган кенг кўламли тадқиқотлар натижасида аниқланган зарарлар сабабли педиатрлар болаларга 12 ёшгача технологик воситаларни (мобил телефон, планшет, ноутбук ва ҳ.к.) қатъий тақиқлаш керак деган хулосага келдилар. Қуйида зарарларнинг энг асосийлари келтирилган: Мия ҳажмининг тез кенгайиб кетиши Инсоннинг мияси 21 ёшгача ўсиб боради. Аммо мия ривожланиши энг фаол фазадаги икки ёшгача бўлган болалар технологик воситалар билан мулоқотга киришганда мия ҳаддан ташқари жадал ишлай бошлайди. Натижада диққатни жамлай олмаслик, узиқ-юлиқ когнитив (ақлий) ривожланиш ва кучли ҳаяжонланиш билан бир қаторда мия ҳажмининг номутаносиб кенгайиши юз беради. Ривожланишдан ортда қолиш Технологик воситалар ҳаракатланишни чеклагани боис болаларда турли физиологик касалликлар келиб чиқади. Бу эса ўз навбатида мия фаолиятининг сустлашишига олиб келади. Чунки жисмоний ҳаракат диққатни жамлаш ва илм ўзлаштириш қобилиятини фаоллаштиради. Семириш Хонасида телевизор ёки видео ўйинлар мавжуд болаларнинг 30 фоизида ортиқча вазн олиш касаллигининг оғир кўриниши кузатилган. Канадада болаларнинг 25 фоизи, АҚШда 33 фоизи семириш касаллигидан азият чекади. Ортиқча вазн олишни давом этаётган болалар диабет ва юрак хуружига мойил бўлиши аллақачон исботланган. Бундан 15 йил олдин, 2002 йилда Би-Би-Сига интервью берган Профессор Эндрю Прентис болалардаги семириш балоси оқибатида инсоният тарихида илк бор ХХI аср болалари ўз ота-оналаридан олдин вафот этиши мумкинлигини айтган эди.  Бугунги кундаги статистика маълумотлари ушбу хавотирни тасдиқламоқда. Уйқусизлик Инсон танаси уйқу воситасида қувватини тиклаб олади. Уйқунинг ўз вақтида ва етарли бўлмаслиги тананинг ҳар бир аъзосига мислсиз салбий таъсир қилгани боис физиологик жараёнларга алоҳида тўхталиб ўтмадик. Руҳий касаллик Технологик воситаларнинг ишлатилиши болаларда чуқур руҳий тушкунлик, қаттиқ ҳаяжонланиш ва аутизм каби касалликларни келтириб чиқаради. Канадада яшовчи ҳар олти боланинг биттаси руҳий касалликка чалинган. Тажовузкорлик Даҳшатли саҳналари мавжуд медиа контент болаларда тажовузкорлик пайдо қилади. АҚШда ваҳшиёна саҳналар мавжуд медиа контентларни жамоатчилик соғлигига хавф солувчи хатар категориясига қўшганиниг асосий сабаби ҳам болаларда тажовузнинг кучайганидан. Рақамли ақли заифлик Воқеалар ривожи тез суратда ўзгарадиган ўта фаол саҳнали медиа асарлар болаларда диққат қилиш ва хотирани сусайтиради. Бунга олд мияга келувчи нейронлар каналчаларининг кесилиб қолиши сабаб бўлади. Маълумки, диққат қила олмайдиган болалар ўргана олмайдилар. Технологик воситаларга кушандалик Ота-она технологик воситаларга боғланиб қолгани сайин болалар улардан узоқлаша бошлайди. Ўз навбатида, ота-онадан узоқлашган фарзанд телефон, компьютер ёки телевизор билан дўст тутинади. 8-18 ёшдаги болаларнинг 10 фоизи технологик кушандалик касаллигидан азият чекади. Радиацион нурланиш Бутундунё Соғлиқни сақлаш ташкилоти уяли телефонларни (ва бошқа симсиз қурилмалар) радиацион нурланиш хавф категориясининг 2Б даражаси деб 2011 йилда баҳолаган эди. Аммо 2013 йилда Торонто университетининг соғлиқни сақлаш факультети доктори Антони Миллер янги илмий изланишлар ўтказгандан кейин уяли алоқадан нурланиш аслида анча жиддий эканини ҳисобга олиб 2Б хавф категориясидан 2А категорияга ўтказишни тавсия қилган. Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси А.Сатторов тайёрлади...

Илм сўқмоғига йўл

Фарзандни кўзага қиёслайдиган бўлсак, уни лой ҳолатида тўғри шакл берилмаса, офтобда тобланган кўзани тўғрилаш фақат унинг синишига олиб келади. Илм шундай беқиёс неъматки, уни жисмонан ҳис қилиб, таъмини тотиб кўриб, қўл билан миқдорини аниқлаб бўлмаса-да, унга эришиш оқибатида онгда юзага келадиган роҳат ва қаноатни бу дунёдаги ҳеч бир жисмоний роҳат билан қиёслаб бўлмайди. Инсон ана шундай неъмат билан неъматланган-ки, унинг заррасини ҳам йўқотмасдан ўз вақтида тўғри англай олиши ва қадрига ета олиши, уни ҳам моддий ҳам маънавий юксакликка олиб чиқади. Аксинча, бу неъматни ҳис қила олмаслик, уни қадрига етмасдан, моддий неъматлар қаърига шўнғиб кетиш охир-оқибат инсонни жарликка юзтубан қилади. Инсон тафаккурининг илмни қандай қабул қилиши, шубҳасиз унинг ёшига боғлиқ. Илм ўрганишнинг йўллари ва усуллари кўплиги, инсон учун унинг ёшига мувофиқ эгаллашда енгиллик туғдиради. Бунда услуб ва ёшни тўғри мувофиқлаштириш муҳим ўрин тутади. Илмни эгаллай олмаслик ва уни тафаккур қила олмаслик аксар ҳолда ана шу мутаносибликнинг йўқлигидан юзага келади. Ўқув муассасаларида ўқувчининг ёш меъёрига қарамасдан дарсликлар танланиши ва нотўғри услублардан фойдаланилиши илм савиясининг тушиб кетишига ҳамда ўқувчиларда у ёки бу фанга қизиқишнинг сўнишига олиб келади. Мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида бу муаммо анча сезиларли даражада кўзга ташланади. Бу икки даргоҳ боланинг илм олиш дебоча манзили бўлиб, таълимнинг тўғри йўлга қўйилиши шу даргоҳлардан бошланиши лозим. Бунинг учун ҳар бир фаннинг ўзига хослигидан келиб чиқиб ёндашиш муҳим ўрин тутади. Хорижий тилларни ўрганиш ҳам ўзича услуб ва ёндашувни талаб этади. Бу соҳа илмини эгаллашда ҳам инсоннинг ёшини ҳисобга олиш ўта муҳим ўрин эгаллайди. Агар ёндашув тўғри бўлса, ҳали она тилида гаплашмайдиган боланинг нутқини ҳам ўз тили билан баробарида хорижий тилга ҳам йўналтириш мумкин. Боланинг тафаккурида кўриш, тинглаш ва эслаб қолиш томонлари кучли бўлади. Кўриш деганда, у катта ва рангли шаклдаги ҳарф ва суратларни яхши қабул қила олади. Бунда у ҳарфни ҳам суратни ҳам сурат деб қабул қилади ва қулоғи орқали эшитиб уларнинг номларини эслаб боради. Боланинг тафаккурида турли тилларни фарқлаш ҳали ривожланмаганлиги учун, у бир неча тилни (таъкидлаш жоизки, бир неча тилни бола чалкаштириб юбормайди) баробар эгаллаб бориши мумкин. Албатта, бола кўрган ва эшитган нарсасинигина олиб қолади ва юздан ошиқ сўзларни эслаб қолиши мумкин. Тажрибаларда бундан ҳам кўп натижалар кузатилган. Муҳими шундаки, бу узвийликни тўхтатмаслик керак. Чунки, кўрмаётган ва эшитмаётган нарсасини унутиш бола учун кўп вақтни олмайди. Қанчалик тез эгаллаган нарсасини, шунчалик тез унутади. Албатта, бу машаққатли йўлда илк устоз боланинг ота-онаси ҳисобланиб, илм саройининг илк ғиштларини улар қўядилар. Мактаб боланинг қандай шаклланишида асосий ўрин тутадиган восита бўлиб, у ерда эришилган ютуқ ёки йўл қўйилган ҳар бир камчилик боланинг шаклланишида ўз натижасини кўрсатмай қолмайди. Бунда устоз, белгиланган дарслик ва қўлланиладиган услубнинг ўрни беқиёс. Устозда ўз фанига ва ўқувчиларига муҳаббати бўлмаса, дарслик ўқувчининг ёшига ва халқ менталитетига мос бўлмаса ҳамда услуб тўғри танланган бўлмаса, ўқувчи мактабни тамомлаганда, худди бўш хонанинг у эшигидан кириб бу эшигидан чиққандек ҳолатда бўлади. Оқибатида, бошланғич таълимни ололмаган боланинг ўрта-махсус ва олий таълим даргоҳларида таҳсил олиш сифатини тасаввур қилиб кўриш қийин эмас. Хорижий тилларга келсак, болалигида тилларнинг фарқига бормай онгсиз ёдлаб бораётган бола мактаб ёшига етганда, она тили ва хорижий тиллар ҳақида тасаввур ҳосил бўлгандан кейин, албатта, чўчиш пайдо бўлади. Энди...
1 23 24 25 26