“Имом Бухорий” ордени соҳиби, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига ташриф буюрди. Тадбирни институт ректори Уйғун домла Ғафуров кириш сўзи билан очиб берди. Ректор домла меҳмон ҳақида сўз юритиб: –“Бугунги меҳмонимиз файзли ва баракали сулола вакили, дастлаб шу даргоҳда таълим олган, кейинчалик шарқшунослик соҳасида таҳсилни давом эттирган, “Имом Бухорий” ордени соҳиби, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусовдир. Биз таълим берувчи, улар эса иш берувчи – буюртмачи. Яъни қандай мутахассис кераклигини айтади, биз эса шу асосда талабаларни тайёрлаймиз”, — деди. Шунингдек, ректор домла бу олий орден жаҳонда фақатгина бир нечта президентларга берилганини, дин соҳасидан эса 6 нафар инсонгина бу мукофотга сазовор бўлганини таъкидлаб, бу эътироф талабалар учун катта мотивация эканини қайд этди. Абдуқаҳҳор домла Юнусов ўз нутқида институт тарихи, ўтган авлод уламоларининг заҳматлари ҳақида тўхталиб, талабаларга бир қатор насиҳатлар берди: • фаолиятда холислик ва барқарорликни сақлаш; • одамлар фикрига ортиқча реакция билдирмаслик; • ростгўйликда ҳам ҳикмат билан иш тутиш; • масжид ва маъҳад обрўсини ҳимоя қилиш; • илмни мансаб учун эмас, холис ният билан ўрганиш. Шунингдек, Абдуқаҳҳор домла талабаларни нотиқ, имом ва мударрис бўлишга даъват этди. “Талабалар халқ учун, юрт учун энг олижаноб инсонлардир. Биз сизларни ишга йўналтирилганингиздан сўнг қўллаб-қувватлаймиз, ҳатто орқангизда туриб ибодат қилиб, йўл-йўриқ кўрсатамиз”, – деди домла. Тадбир давомида масжидларда маърузаларни халқ билан баробар даражада қилиш зарурлиги, фатво масалаларида масъул марказга мурожаат этиш кераклиги ва уммат бирлиги йўлида ҳамжиҳатлик муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга, институт раҳбарияти талабалар амалиётининг янги тизими ҳақида маълумот берди. Унга кўра, бу йилдан бошлаб: • 2-курс талабалари таътил пайтида ЎМИ ва шаҳар вакилликларига, • 3-курс талабалари ўз ҳудудларидаги ЎМИ вакилликларига, • 4-курс талабалари эса мадрасаларга амалиётга юборилади. Тадбир сўнгида институт раҳбарияти томонидан меҳмонга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. 201
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида сентябрь ойи “Ислом тарихи ва сийрат” фан ойлиги деб эълон қилингани муносабати билан “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси томонидан бир қатор маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.8–20 сентябрь кунлари талабалар ўртасида “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълим ва тарбия усуллари” мавзусида мақола ёзиш мусобақаси бўлиб ўтди. Натижаларга кўра: • 1-ўрин: 402-гуруҳ талабаси Рихсибоев Азимжон Акромжон ўғли; • 2-ўрин: 304-гуруҳ талабаси Одилжонов Абдулазиз Озодбек ўғли; • 3-ўрин: 202-гуруҳ талабаси Салимов Саидакбар Бекзодбек ўғли ва 101-гуруҳ талабаси Чориев Муҳаммадсодиқ Акбар ўғли. 12–19 сентябрь кунлари институтнинг расмий Telegram (https://t.me/oliymahad) канали аъзолари ўртасида “Оламларга раҳмат Пайғамбар” мавзусида онлайн викторина мусобақаси ўтказилди. Якуний натижаларга кўра: • 1-ўрин: Жангирова Муборак; • 2-ўрин: Анварова Моҳигул; • 3-ўрин: Абдуллажонова Гули, Намозов Сирожиддин ва Хушвақтов Низомиддин. Шунингдек, “Ҳидоят маёғи” номли сийрат мусобақасида ҳам ғолиблар аниқланиб, талабалар ўз маҳоратларини намоён этдилар. Барча ғолиблар институт раҳбарияти томонидан диплом, китоб ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. 213
Сентябрь – “Ислом тарихи ва сийрат” фан ойлиги доирасида Тошкент ислом институтида “Ҳидоят маёғи” номли маърифий сийрат мусобақаси бўлиб ўтди. Мусобақа институтнинг 3-курс талабалари ўртасида ташкил этилди ва уни “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ташаббуси билан ўтказди. Тадбирнинг асосий мақсади – талабаларнинг илмий-ижодий салоҳиятини юзага чиқариш, сийратга муҳаббат ва ҳурматни тарғиб қилиш ҳамда ёшларни маънавий тарбиялашдан иборат. Тадбирда ЎМИ Ички назорат бўлими етакчи мутахассиси Умиджон Ходжаев, ТИИ ректори Уйғун Ғафуров, Илмий ишлар ва фан бўйича проректор Соатмурод Примов, шунингдек, институт устозларидан иборат ҳакамлар гуруҳи, ходимлар ҳамда талабалар иштирок этдилар. Мусобақага институт матбуот котиби Абдулқаййум Исмоилов модераторлик қилди. Анъанага кўра, тадбир Қуръон тиловати ва хайрли дуолар билан бошланиб, институт ректори Уйғун домла Ғафуровнинг кириш сўзи билан очиб берилди. Беллашувда Ибн Касир, Ибн Ҳажар Асқалоний ва Имом Заҳабий жамоалари қуйидаги шартлар бўйича беллашишди: • Ижодий чиқиш (мақола, шеър ёки видео – 5 дақиқа), • Савол-жавоб (шамоил асосида – 10 савол), • Илмий чиқиш (пайғамбаримиз раҳматлари мавзусида – 5 дақиқа), • Бадиий қисм (сийратга оид саҳна кўриниши – 10 дақиқа). Ҳар бир шарт якунида ҳакамлар томонидан қўйилган баллар ва иштирокчиларнинг чиқишлари юзасидан фикр-мулоҳазалар ҳам билдириб борилди. Қизғин баҳс-мунозара ва ижодий чиқишлар билан ўтган мусобақа якунига кўра: • 1-ўрин – Ибн Касир жамоаси (145 балл), • 2-ўрин – Имом Заҳабий ва Ибн Ҳажар Асқалоний жамоалари (131 баллдан). Ғолиб ва совриндор жамоалар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Шунингдек, барча ҳакамлар ва иштирокчилар “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчиси Саидаҳмедов Абдулазим домланинг китоблари жамланмаси билан рағбатлантирилди. 220
Имoм Бухoрий нoмидаги Тошкент ислом институтида “Ислом энциклопедияси”нинг дастлабки 1–3 жилдлари тақдимоти ўтказилди. Ушбу муҳим маънавий-маърифий тадбирда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси Ислом энциклопедияси бўлими мудири, иқтисодиёт фанлари доктори, академик Нурислом Тўхлиев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов ҳамда Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири, фалсафа фанлари доктори (PhD) Маъмуржон Эркаев иштирок этдилар. Шунингдек, институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ва ходимлар тадбирда фаол қатнашдилар. Энциклопедия – исломшуносликда улкан қадам Тадбирни институтнинг Илмий ишлар ва фан бўйича проректори С.Примов очиб берди ва сўзни институт ректори, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Уйғун Ғафуровга берди. Ректор ўз нутқида энциклопедиянинг исломшуносликдаги аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, унинг узоқ умр кўрувчи, келажак авлод учун ҳам манба бўлиб қоладиган асарлардан бири эканини билдирди. Шунингдек, у совет давридаги машаққатли шароитда ҳам Қуръони карим маънолар таржимаси каби буюк ишлар амалга оширилганини эслаб ўтди. Нурислом Тўхлиев: “Энциклопедия – давлат раҳбарининг шахсан назаридаги иш” Академик Нурислом Тўхлиев нутқида энциклопедиянинг яратилиш тарихи ва мақсадларига тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, бу иш 20 жилддан иборат қилиб режалаштирилган бўлиб, давлат раҳбарининг шахсан назоратлари остида амалга оширилмоқда. Н.Тўхлиев энциклопедия мақолаларини тайёрлашда бирламчи манбалардан фойдаланиш, илмийлик, холислик ва оммабоплик тамойиллари асос қилинаётганини қайд этди. Ушбу асарнинг фарқли жиҳати шундаки, уни кенг жамоатчилик ҳам осон англай олади. Маърузачи турли мисоллар келтирди: “Уйғониш даври одамлари” асарида 99 нафар Бухорий нисбали, 30–40 нафар Термизий ва Насафий алломалар тилга олингани, Шаҳрисабз ва Иштиҳондан йигирмадан ортиқ муҳаддислар етишиб чиққанини, энциклопедиянинг мақсадларидан бири – кенг омма билмаган, аммо ислом илмида из қолдирган алломаларни ҳам тарихга муҳрлаб қўйиш эканини таъкидлади. Шунингдек, Н.Тўхлиев энциклопедия яратиш тажрибасини халқаро мисоллар билан солиштириб, Туркиядаги ISAM тўплами 60 йил давомида 700 дан зиёд муаллиф иштирокида тайёрланганини ва 44–45 жилддан иборат бўлганини қайд этди. Энциклопедияда кимлар акс этади? Тадбирда таъкидланишича, энциклопедияга: саҳобалар ва тобеинлар, юртимиздан чиққан буюк алломалар, ислом цивилизациясига ҳисса қўшган Европа олимлари ҳам киритилмоқда. Мақолаларда шахслар ҳаёти билан бирга уларнинг асарлари, илмий мероси ва улар ҳақидаги тадқиқотлар ҳам ҳавола қилинади. Бу эса энциклопедияни нафақат умумий маълумот, балки илмий йўналишда ҳам муҳим манбага айлантиради. Меҳмонлар фикрлари ЎМИ раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов нутқида энциклопедиянинг юртимизда илм қайта тикланаётганидан далолат беришини таъкидлади. У Самарқанддаги Чокардиза қабристони ҳақида қизиқарли маълумотлар келтириб, унда 1 млн 240 минг уламо дафн этилгани, уларнинг 400 мингдан ортиғи Муҳаммад исми билан танилганини қайд этди. Маъмуржон Эркаев эса энциклопедиянинг илмий ва оммабоп йўналишда бўлиши лозимлигини айтиб, бу асарнинг ҳар бир атама ва мисоллар билан бойитилиши муҳимлигини қайд этди. Энциклопедиянинг аҳамияти Нурислом Тўхлиев энциклопедиянинг аҳамиятини қуйидагича ифода этди: у дин, илм, фан ва маданият вакиллари учун масъулиятли вазифа, оммага етказишда қисқа, лўнда ва тушунарли бўлиши, мақолалар илмий талабларга жавоб бериши, хар бир мақоланинг муаллифи кўрсатилиши орқали масъулият ва жавобгарлик таъминланиши. Якуний хулоса Тадбир якунида савол-жавоблар бўлиб ўтди. Энциклопедия мақолаларининг ОАК талабларига мослиги, электрон шакли ва Википедия каби очиқ платформалардаги ривожланиш истиқболлари муҳокама этилди. Институт раҳбарияти тадбир меҳмонларига миннатдорлик билдириб, ташакурнома ва эсдалик совғаларини топширди. 222
Юртимиз диний-маърифий соҳа вакилларидан иборат делегация Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигига амалий ташриф билан борди. Делегация таркибида Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов ҳамда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси проректори Зокиржон Рўзиев иштирок этмоқда. Ташриф доирасида Иордания Вақф, ислом ишлари ва муқаддас қадамжолар вазирлиги, шунингдек, Имомлар тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази раҳбарлари билан учрашув ўтказилди. Суҳбатларда мутахассислар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, олий таълим муассасалари талабалари учун стипендия ва тураржой ажратиш бўйича келишувларга эришилди. Делегация аъзолари Иордания халқаро ислом фанлари университети ректори Жафар ал-Фанатсех билан ҳам учрашиб, икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик йўналишлари, магистратура мутахассисликлари, қўшма илмий тадқиқотлар, профессор-ўқитувчиларнинг стажировкалари ва англашув меморандумлари имзолаш масалаларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, делегация аъзолари Иорданияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан учрашиб, “Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш” ва “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” мавзуларида маърузалар ўтказдилар. Учрашувда талабаларга қонунларга риоя қилиш, юртимиз илм-фани ва туризм салоҳиятини тарғиб қилиш тавсия этилди. Ташриф доирасида Иордания халқаро ислом фанлари университети Шариат ва қонун факультети профессорлари билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. Мулоқотда икки томонлама илмий ҳамкорлик, тажриба алмашиш ва халқаро майдонда ҳамкорликни кенгайтиришга оид масалалар муҳокама қилинди. Ўзбекистон делегациясининг Иорданияга ташрифи самарали ва мазмунли кечмоқда. 202