islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Noyabr 2017

Month

ИМОМ БУХОРИЙГА МУНОСИБ ВОРИС БЎЛАЙЛИК!

Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида жорий йилнинг 29 ноябрь куни ҳадис фанидан “Имом Бухорийга муносиб ворис бўлайлик!” шиори остида 2-курс талабалари ўртасида мусобақа бўлиб ўтди. Талабаларнинг билим савиясини ошириш ва мутахассислик фанларига бўлган иштиёқни янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси кўрсатмасига биноан институтда алоҳида фан ойлиги ташкил этилган. Жорий йилнинг  “Ноябрь ойи –  Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис фанлари ойлиги” деб эълон қилиниши муносабати билан ўтказилган мазкур мусобақа талабалар ўртасида ҳадис фанига бўлган қизиқишни янада мустаҳкамлади. Мусобақа муҳаддислар ва уларнинг асарларига, мусталаҳул ҳадис атамаларига оид саволлар, Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асарида келган илмга оид ҳадисларни ёддан айтиш каби шартлардан ташкил топган. Мусобақага Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари И.Иномов, Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими бошлиғи Ж.Нуриддинов ташриф буюришди. Иштирокчилар томонидан берилган жавобларни Ж.Нуриддинов (ҳайъат раиси), У.Ғафуров, “Диний фанлар” кафедраси ўқитувчилари М.Жангиров, Ф.Маманосиров ва А.Ғиёсовлар баҳолаб боришди. Мусобақа Қуръони карим тиловат билан бошланди. Институт ректори У.Ғафуров кириш сўзини айтиб, мусобақа иштирокчиларига мувоффақият тилади. Тўртта шарт бўйича пухта тайёрланган 2-курс талабалари ҳадис ва мусталаҳал ҳадис фани бўйича эгаллаган бор билим ва маҳоратларини намойиш қилишди. Мусобақа жараёнида томошабинларга ҳадис фанига оид қисқа саволлар берилди. Жавоб беришда фаол бўлганлар эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Мусобақа якунига кўра, 170 балл билан 2-Г гуруҳи биринчи ўринни, 167 балл билан 2-А гуруҳи иккинчи ўринни, 166 балл билан  2-Б гуруҳи учинчи ўринни эгаллашди. Ғолибларга қимматбаҳо совғалар топширилди. Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан “Ноябрь ойи – Абул Муин Насафий ойлиги” деб эълон қилингани муносабати билан талабалар ўртасида реферат ёзиш танлови эълон қилинган эди. Ушбу танлов якунларини ҳам тадбир охирида эълон қилинди. Унга кўра, 1-ўринни сиртқи йўналиш 1-г гуруҳ талабаси Уринбаев Равшан, 2-ўринни 3-Б гуруҳ талабаси Абдураҳмонов Муҳаммадюсуф, 3-ўринни 1-З гуруҳи Нигматова Моҳира ва 2 В гуруҳ талабаси Ниёзалиева Мунаввар эгаллашди. Ноябрь ойи давомида талабалар ўртасида ҳадис ва мусталаҳул ҳадис фанларига доир савол-жавоблар танлови эълон қилинган эди. Мусобақа якунида ушбу танлов ғолиблари ҳам эълон қилинди. Унга кўра, 1-ўринни Ниёзалиева Мунаввар, 2-ўринни Парпиева Маҳлиё, 3-ўринни Нодиров Ҳумоюн ва Атаджанова Ёқутхонлар эгаллашди. Мусобақа сўнгида ғолибларга институт раҳбарияти томонидан тақдим қилинган қимматбаҳо совғалар ва китоблар мажмуаси топширилди.        ТИИ “Диний фанлар” кафедраси мудири Соатмурод  Примов 176

АЖДОДЛАРДАН БИР ИБРАТ…

Шундай халқмизки, бизнинг шонли ва буюк тарихимиз бор. Қайси соҳани олманг хоҳ у диний бўлсин, хоҳ дунёвий уларнинг кўпига аждодларимиз асос солган ёки ривожига салмоқли ҳисса қўшганлар. Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун баъзи мисолларни келтириб ўтамиз. Кундалик ҳаётимизнинг асосий қисмига айланиб улгурган қўл телфонини олайлик. Уни дунёга келишида ўтган ота–боболаримизнинг каттагина ҳиссалари бор. Қандай қилиб, ахир, у пайтларда телефон бўмаган–ку  дейсизми? Ҳозирги замонавий техналогияларнинг ишлаш усулларига арифметика фани асос бўлиб хизмат қилади. Бу соҳада аждодларимиз тузиб кетган арифметик қонун – қоидаларга мурожаат этмасликнинг умуман иложи йўқ. Мана шу томондан қаралганда улар бизга ҳақ тўлашлари керак. Чунки пойдевор бўлмаса бино қандай қурилади?! Ёки бошқа мисол. Бугун тиббиёт ва доришунослик ўзининг чўққисига чиққан бўлса – да унга назарий ва амалий жиҳатдан Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” китоби асос бўлиб келмоқда. Диний соҳани – ку айтмай қўяқолайлик. Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғилоний, Имом Мотрудий, Имом Замахшарий (Аллоҳ уларнинг барчаларини Ўз раҳматига олган бўлсин) бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Уларнинг қолдирган ўчмас илмий мероси дурдоналари дунё тургунча инсонларга хизмат қилади. Ўтган аждодларимиз биргина диний илмни ўзига чекланиб қолмаганлар. Улар диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаганлар. Биргина мисол: Имом Бурҳониддин Марғилоний раҳматуллоҳи алайҳнинг “Ат тажнис вал мазид” – “Ўхшаш ва зиёда қилинган масалалар” китобида бир ажойиб масала келтирилади. 194 – масала. Агар ит инсоннинг бирор аъзосини ёки кийимини ғазаб ҳолатида тишлаган бўлса уни ювиш вожиб бўлмайди. Ҳазиллашиб тишлаган ҳолатида эса (теккан жой ва кийимни) ювиш вожиб бўлади. Биринчи кўринишда ит фақат тиши билан тишлайди, бошқача бўлмайди. Иккинчи кўринишда эса тиши ва ҳўл лаблари билан бирга тишлайди. Ўтган аждодларимизнинг илми ва заковатига бир қаранг! Ҳақиқатда уларнинг илми, маърифати, маънавияти жуда кучли бўлган. Масалага эътибор қаратинг. Ит бир, инсон бир лекин масаланинг жавоби икки хил. Қарангки, теккан жойни нажосат қилувчи итнинг сўлаги унинг лабида бўларкан. Шунинг учун итнинг ҳазиллашиб тишлаган ҳолатида теккан жой ва кийимни ювиш вожиб бўлар экан. Чунки бу кўринишда тиш ва нажосат жойлашган лаблар иштирок этади. Ғазаб билан тишлаган ҳолатда эса лабларини орқага тортиб, тишларнинг ўзи иштирок этади. Бунда на кийим, на бадан нажас бўлмайди. Энди ўзингиз хулоса чиқаринг. Агар Марғилоний ҳазратлари зоология фанини ўрганмаган бўлганларида бундай нозик фарқни қаердан билган бўлардилар?! Қуруқ қошиқ оғиз йиртар, деганларидек баъзи бир ёшларнинг ўтган буюк аждодларимиз билан фахрланиб ўқишни, ўрганишни бир четга суриб, интернетга муккасидан кетиб, бор вақтини сарфлаб у билан “мароқли” ҳаёт кечираётганини кўриб таассуфда қоласан киши. Интернетдан яхши томонга фойдаланса қандай яхши. Ҳар хил ёд ғоялар йўғурилган ёки беҳаёликни тарғиб этувчи сайтлар қармоғига илиниб элга, юртга фойда етказиш ўрнига гулдек умрини мана шундай иллатларга сарфлаётгани ачинарли ҳол. Ҳозирги ёшларга айтар сўзимиз: ўтган аждодларимизга муносиб фарзанд бўлинг. Ўткинчи ҳойу – ҳавас эмас, илм – маърифат ортидан қувинг. Сизни ҳам шонли тарих кутмоқда. Ота – боболарингиз қолдириб кетган пешқадамлик таёқчасини ҳеч кимга берманг. Ўқинг, ўрганинг, кашфиётлар қилинг. Зеро, ҳақиқий бахт илм ўрганишдадир. Равшанбек  ЎРИНБОЕВ,   Тошкент ислом институти  Махсус сиртқи бўлим талабаси     193

Ватаним – жон ва таним

Ватан ҳақида сўз кетар экан, бу борада кўп ва хўп гапириш мумкин. Ватан тушунчаси баъзилар ўйлагандек, шунчаки оддий тушунча эмас. Яқин бил, кимни кўпроқ айласанг ёд, Бўлур  дўстунг  сани,  эй  одамизод. Билур  ҳар  одам  ўғли  бўлса  уйғоғ, Ватаннинг аслидур бизларға туфроғ. Ватандошимиз машҳур мутасаввиф олим Сўфи Аллоҳёр раҳматуллоҳи алайҳ юқоридаги байтда бизга қуйидагиларни насиҳат қилмоқдалар. У зот сўзида ўзини ҳазрати инсонга мансуб эканлигини даъво қилувчи ҳар бир ғафлат уйқусидан уйғоқ, сергак одам Ватан деганда яшаб турган тупроқини тушунмоғи кераклиги уқтирмоқдалар. Бошқача қилиб айтганда инсоннинг асли тупроқдан яралган. Ким шу тупроқни қадрлар, Ватаним, деб ҳурматини жойига қўяр экан, билсинки, у инсон аввало бу билан ўзини, аслини ҳурмат қилаётир. Ўзини, аслини ҳурмат қилмайдиганлар эса ўзгаларни ҳеч қачон ҳурмат қилмайди! Бугунги шиддат билан ривожланиб бораётган асримизда бузғунчи ғояларни тарқатиб тинч юртларни вайрон қилаётганларнинг борлиги ҳам айни ҳақиқат. Нима эмишки, ислом динида Ватан тушунчаси йўқ, унга ҳеч қандан таъриф берилмаган. Инсон эга бўлган нарсалар ичида энг қимматбаҳоларидан бири туғилиб ўсган Ватанидир. Бирор инсон йўқки, Ватанини улуғламаса. Қандай улуғламасин?! Чунки, Ватан_ унинг киндик қони тўкилган, гўдаклик чоғи ўтган, илк қадамларини қўйган, ёшлик, кексалик  даврларини сурган, хотиралари муҳрланган, ота – боболарининг юрти, фарзанд – у набиралари улғайган заминдир! Ёлғиз инсон эмас, ҳаттоки ҳайвонлар ҳам ўз Ватани – инини бошқа ҳеч бир нарсага алишмас. Унга рози ҳам бўлмайди. Унинг йўлида ҳар қандай қиммат ва нафис нарсаларини қурбон қилади. Қушлар инида бахтиёр яшайди. Бирор нарсани ҳас – чўпдан бўлган инига алишмайди. Балиқлар денгиз ва океанлар оша минглаб чақиримларни сузиб ўтадилар. Яна барибир ўз Ватанларига қайтадилар. Митти чумолини кўринг, ризқ талабида қанча жойларга боради, тепаликларга қийналиб чиқади. Бу ҳам ўз инига – Ватанига қайтади. Баъзи ҳайвонлар асл Ватанидан бошқа жойга кўчирилса нобут бўлиб қолади. Кўряпсизми, ҳамма ҳазрати инсондан тортиб то майда ҳашоратларгача ўз Ватанини севадилар. Демак, бу мавжудотлардаги Аллоҳнинг одати, қалбига солган туйғу! Уни инсонни фитратига Аллоҳ солиб қўйган. Бўлмаса ҳарорати олтмишга етадиган иссиқ жойларда ёки ҳарорат нолдан паст бўлган шимолий қутбларда ёҳуд ўрмонларда, ҳар кун ҳаёт учун хавфли ерларда яшашга уларни нима мажбур қилади?! Уларни бунга ундаган нарса фақатгина Ватанларига бўлган муҳаббатдир. Шундай экан, Исломда инсонни фитратида жойлашган, ери устида покиза неъматларини еб ҳаёт кечирадиган, осмони остида тинч осуда Роббисига ибодат қиладиган Ватанининг қандай ҳақлари бор? Инсоннинг Ватани олдида бир неча ҳақ ва вазифалари бор. Уларнинг энг муҳимлари учта: Биринчи ҳаққи: мана шу Ватаннга чин муҳаббат қўйишдир. Иккинчи ҳаққи: уни ерини обод этиш. “У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди”.  (Ҳуд сураси 61 – оят). Учинчи ҳаққи: унда фасод ва бузғунчилик ишлари билан машғул бўлмаслик. “Ва ислоҳ қилингандан кейин ер юзида фасод қилманг”. (Аъроф сураси 56 – оят). Ҳамаср олимлардан шайх Муҳаммад Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ Ватан ҳақида оз ва соз, зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўядиган, жуда гўзал  таъриф айтган: «Башарият ўз ерини ундаги нарсалари билан, гарчи у ҳеч ким яшамайдиган чўл бўлса ҳам яхши кўраверади. Ватанни севиш юракка сингиб кетган, инсонни унда бўлганда хотиржам, йироқ кетганда талпинадиган, ҳужум қилинганда асрайдиган, камситилганда ғазабланадиган қилиб қўядиган туйғудир». Шайх Муҳаммад Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ айтганларини бироз шарҳлайлик. Башарият ўз ерини ундаги нарсалари билан, гарчи у ҳеч ким яшамайдиган...

Биз умматлар…

Бугун сизга атаб мавлид ўқилмоқда, Мадҳингизга минг салавот тўқилмоқда, Лек юрагим чок-чокидан сўкилмоқда, Суннатингиз қилолмаган ғўр умматмиз, Қадрингизга етолмаган шўр умматмиз. Таҳажжудга белларимиз букилмаса, Саҳар туриб Каломуллоҳ ўқилмаса, Кўзимиздан бир қатра ёш тўкилмаса, Уммат деган даъвоимиз ёлғонмикин, Ёки нифоқ қалбимизда қолғонмикин? Салавотни ўз ўрнига қўёлмасак, Соғинганда меҳрингизга тўёлмасак, Риё ила қилган ишдан уялмасак, Суннат ўрнин бидъат қоплаб олғонмикин, Ёки шайтон ўз йўлига солғонмикин? Насиҳатдан қотиб кетган юзларимиз, Оҳ, бунчалар ёлғон бўлди сўзларимиз, Ҳабибини кўрмоқ истар кўзларимиз, Илмсизлик адаштирди йўлимиздан, Тутинг энди биз нодоннинг қўлимиздан. Фарзандингиз ўлганда ҳам чидадингиз, Гулларингиз сўлганда ҳам чидадингиз, Душманингиз кулганда ҳам чидадингиз, Оҳ, не қилай нуқсонларим ёполмадим, Устозликда сиздан зўрин тополмадим? Дунё бугун ихтилофда, ҳар хил фикр, Васвасадан қутқарувчи фақат зикр, Сизга уммат қилганига минг бор шукр, Кунда, тунда тилимизда сизни дермиз, Расулимсиз, дилимизда сизни дермиз. Тўлин ойим, ҳам офтобим, гулрухсорим, Меҳрингизга зор-интизор, садқа жоним, Суннатингиз маҳкам тутай бор имконим, Абу Бакру, Умар, Усмон, Шери Худо, Каби бу жон мудом сизга бўлсин фидо. Ё Ҳабибим, Ё Муҳаммад, Ё Мустафо, Даврамизга хуш келибсиз Ё Аҳмадо, Сизни кўриб қалб тўридан чиқди садо: Суюклигим ёнимизда юринг ҳар дам, Умматим, деб бизни қўллаб туринг ҳар дам! Эркин Қудратуллоҳ 165
1 2 3 20