islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Dekabr 2018

Month

Йил якунларига кўра диний таълим муассасаларининг “Энг илғор ўқитувчи”лари аниқланди

Аввал хабар берганимиздек, 2018 йилнинг 29-декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси мажлислар залида жорий йил якуни бўйича “Ўзбекистонда диний-маърифий соҳадаги йил сарҳисоби” мавзусида йиллик ҳисобот мажлиси бўлиб ўтди. Унда кўплаб масалалар қатори йил якуни бўйича ЎМИ тасарруфидаги Олий ва ўрта махсус ислом билим юртларида самарали фаолият юритган устоз ҳамда ходимлар турли наминациялар бўйича тақдирландилар. Жумладан, институтимизнинг “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари“ кафедраси мудири Баҳодир Аъзамов “Энг илғор ўқитувчи” наминацияси бўйича ЎМИнинг мақтов ёрлиғи билан тақдирланди. Баҳодир Аъзамов, 2015-2017 йиллар мобайнида Андижондаги “Саййид Муҳйиддин махдум“ислом билим юртида ўқитувчи, 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб Тошкент ислом институти “Диний фанлар“ кафедраси Ҳадис фани ўқитувчиси, 2018-2019 ўқув йилидан буён янги ташкил этилган “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари“ кафедраси мудири сифатида фаолият юритиб келмоқда. 426

Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлган тўрт тоифа

Банда учун Аллоҳ таолонинг лаънатига учрашдан ҳам оғирроқ мусибат бўлмаса керак. Ҳа, Аллоҳнинг раҳмати қай даража олий бахт бўлса, лаънатланиб раҳматидан мосуво бўлмоқ шу даража ачинарли бахтсизликдир. Аллоҳ ҳеч бир мўминни раҳматидан маҳрум қилмасин, лаънатига дуч келиб бадбахт бўлишдан асрасин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг куёви, аҳли байт аъзоси Али розияллоҳу анҳудан баъзи асҳоблари бир кун шундай савол сўради: Ҳазрат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли байтга бошқа одамларга ўргатмаган нарсаларни ўргатганми? Биз билмаган нарсалар ҳам бормики хоссатан сизларга ўргатилган. Агар бўлса биз билан бўлишсангиз? Али розияллоҳу анҳу жавоб берди: Йўқ! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг ўзимизга алоҳида бирор нарса ўргатмаганлар. Оммага нимани етказган бўлса, биз ҳам ўшани биламиз холос. Илло, мана бу қиличим қинида сақлаб юрган бир саҳифа бор. Ўшанда ёзилган нарсаларни сизларга айтиб бераман: عن الله من ذبح لغير الله، لعن الله من سرق منار الارض، لعن الله من لعن والديه، لعن الله من آوى محدثا Аллоҳ таолодан бошқасига атаб жонлиқ сўйганларни Аллоҳ лаънатлади! Ўзига тегишли бўлмаган ерни ўзлаштириб олганларни Аллоҳ лаънатлади! Ота-онасини лаънатлаганларни Аллоҳ лаънатлади! Динда янгилик пайдо қилганга жой берганни Аллоҳ лаънатлади! Имом Бухорий ривояти. Изоҳ: Лаънат деб Аллоҳ таолонинг раҳматидан мосуволикка айтилади. Ислом жонлиқни фақат Аллоҳнинг номи ила ва фақат унинг ризолиги йўлида қурбон қилишга буюради. Аллоҳдан ўзгасига аталган қурбонлик ҳам, унинг гўшти ҳам ҳаром бўлади. Бу ишни қилганлар эса тавба қилмаса лаънатга гирифтор бўлишади. Шунингдек, Ўзига тегишли бўлмаган ерни ўзлаштириб олиш ҳам ҳаром саналади. Ҳадисларда ер ўғриларини қабр қаттиқ қисиши ҳақида маълумотлар бор. Бу ҳам жуда оғир гуноҳ. Ҳаттоки, Муҳаммад Ходимий раҳматуллоҳи алай ноқонуний ўзлаштирилган ерда яшовчи инсоннинг уйига мутлақо кириш мумкин эмаслигига алоҳида урғу беради. Касаллигида зиёрат учун ҳам кириш гуноҳ. Тўй қилса, таклиф этилганлар тўйига бориб уйида меҳмон бўлиши ҳам гуноҳ бўлади. Ота-онани лаънатлаш икки хил бўлиши мумкин. Тўғрида тўғри ўз оғзи билан ота-онасини ҳақоратлаб лаънатлаганлар ёки кимнингдир ота-онасини ҳақорат қилади, у ҳам жавоб тариқасида бунинг ота-онасини ҳақорат қилади. Натижада бировнинг ота-онасини ҳақоратлаш билан ўз ота-онасига ҳам лаънат олади. Қиёмат куни булар ҳам тавбасиз кетишса Аллоҳнинг раҳматидан мосуво бўлишар экан. Динда янгилик пайдо қилган одамни бидъатчи дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир бидъат залолат, залолат эса жаҳаннамга олиб бориши тўғрисида куюниб гапирганлар. Ислом уламолари бидъатчилар билан илиқ муносабатда бўлишдан қайтарадилар. Юқоридаги ҳадисда ҳам бидъатчига жой берганни Аллоҳ лаънатлади деб бекорга айтилмаган. Салафи солиҳлар йўлини лозим тутган ҳар бир содиқ мўмин, бидъат аҳлидан иложи борича нарида юриши керак. Жазоирлик шайх Абдулазиз ибн Рийс ҳижрий 1429 ражаб ойининг 8 санасидаги илмий анжумандаги чиқишида сукутий ижмоъ ҳақида гапириб, унинг мисоли тариқасида икки масалани кўрсатиб ўтган эди: 1- Қуръонни махлуқ – яратилган, деган киши кофирдир, деган масалага боғланган ижмоъ; 2- Аҳли бидъатни ҳажр қилишлик ва у билан муносабатларни узишлик лозим эканига боғланган ижмоъ. Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имом хатиби Авазбек Мўминов 166

ҚУРЪОНИ КАРИМ ТИЛОВАТИДА ТАРТИЛ

Қуръони каримни тартил билан тиловат қилиш борасида Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилади: “Ва Қуръонни тартил билан тиловат қил”, деган (Муззаммил, 4). Қуръонни тартил билан ўқиш деб, уни дона-дона қилиб, ҳар бир ҳарфини ўз ўрнидан чиқариб, оятларини алоҳида-алоҳида қилиб, тажвид қоидалари асосида ва оятнинг маъноларини тадаббур қилишга имкон бўладиган ҳолатда ўқишга айтилади. Қуръонни тартил билан ўқишга бўлган фармони илоҳий барча мўмин-мусулмонларга оммавий фармондир. Муҳаммад алайҳиссаломга фаришта Жаброил алайҳиссалом Қуръонни тартил билан ўқиб берганлар. Ўз навбатида Пайғамбар алайҳиссалом умматларига тартил билан ўқиб берганлар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У кишидан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатлари қандоқ бўлган, деб сўралганда, чўзиб ўқиш бўлган, деди ва Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм, деб “бисмиллаҳ”ни чўзиб, “ар-Роҳман”ни чўзиб, “ар-Роҳийм”ни чўзиб қироат қилди”. (Сунан суғро лил имам Аҳмад Бйҳақий 994-ҳадис.). Шарҳ: Албатта, Аллоҳ таоло Қуръони каримни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом орқали нозил қилган. У зот Қуръони каримни қандоқ қабул қилиб олган бўлсалар, худди шундоқ қилиб саҳобаларга ўргатганлар. Саҳобаи киромлар эса худди ушбу ривоятда Анас розияллоҳу анҳу ўргатаётганларидек тобеъинларга ўргатганлар. Ана шу тарзда Қуръони карим ва унинг қироати авлоддан авлодга омонат ила ўтиб келмоқда. Демак, Қуръони карим тиловати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиловатларига ўхшаши керак. Бунинг учун эса, устоздан ҳар бир ҳарфни, ҳар бир сўзни, ҳар бир оятни ўрганиш лозим бўлади. Устозлар ушбу ривоятда васф қилинаётгандек, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга ўхшаб аниқ қилиб ўргатмоқлари керак. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қироатларини узиб-узиб қилар эдилар. “Алҳамду лиллаҳи роббил аламийн” деб, сўнгра тўхтар эдилар. “Ар-Роҳманир роҳийм” деб, сўнгра тўхтар эдилар. Кейин “Малики явмидийн” деб, қироат қилар эдилар”, (Термизий Шамоил Муҳаммадийя 307-ҳадис.). Шарҳ: Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо Қуръони каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тўлиқ ёдлаган ҳамда бошқаларга устозлик қилган зотлардан эдилар. У киши бу ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатларидаги бир хусусиятни, ҳар бир оятнинг охирида тўхташларини баён қилмоқдалар. Бу ҳақдаги барча далилларни ўрганиб чиққан уламолар, ҳар бир оятда тўхтаб қироат қилиш мандубдир, деганлар. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон соҳибига: қироат қилиб кўтарилавер. Дунёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охири қироат қилган оятинг маконидан бўладир, дейилади”, дедилар”, (Сунан Термизий 3914-ҳадис.). Имом Шофеий эса: тартилнинг энг ози тиловатда шошилишни тарк этишдур деганлар. Ёдда сақланг! Тажвид илми қуйидагиардан иборат: Чўзиш ҳарфларини табиий миқдоридан ортиқча чўзиш Ғунналарни чўзиш Сакта (нафас олмай бир оз тўхтаб сўнгра давом эттириш) Танғим (овозни гўзал қилиш) Табиий савол туғилади тажвид китобларидаги булардан бошқа қоидаларчи? Улар нима? Жаваб: Улар соф араб тилининг асл қоидаларидур. Соф араб тилида у қоидаларга амал қилинган ва ҳозирда ҳам амал қилинади. Юқоридаги 4 қоида Аллоҳнинг каломига хос бўлган қоидалардир. Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Абдусамад Тожиддинов 506

Ўзбекистонда диний-маърифий соҳадаги йил сарҳисоби

Ўтаётган йилни сарҳисоб этиш, иш фаолиятни таҳлил қилиш, режалар тузиб, келгуси йил учун мустаҳкам пойдевор тайёрлаш яхши анъанага айланган. Ҳар бир йилнинг ўзига хос номда аталиши эса давлатимиз тараққиётининг муҳим асоси бўлмоқда. Муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида Қуръон мусобақалари билан бошланган 2018 йил қут-баракали ўтди, Аллоҳ таолонинг неъматлари бисёр бўлди. Юртбошимизнинг диний-маърифий соҳани такомиллаштириш тўғрисидаги бир қатор фармон ва қарорлари асосида: – Халқаро ислом академияси таъсис этилди; – Халқаро Ислом цивилизация маркази ташкил этилди; – “Вақф” хайрия жамоат фонди тузилди; – Ҳадис илми мактаби номли олий диний таълим муассаси иш бошлади; – масжид-мадрасаларни давлат рўйхатидан ўтказишда бир қатор имтиёз ва енгилликлар берилди; – 13 та янги масжид очилди, 39 таси янгидан қурилди, 100 га яқини капитал таъмирланди; – Ҳаж қилувчилар сони 7200 дан ошди, умра сафарига чекланмаган миқдорда зиёратчилар бориши мумкин бўлди; – Рамазон ойида 1149 та масжидда хатми Қуръон ўтказилди; – “Қуръони карим ва тажвид” ҳамда “Араб тили” курслари ташкил этилди, бундан элу халқимиз жуда ҳам мамнун бўлди. Диний соҳада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни бутун дунё ҳамжамияти эътироф этмоқда. АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонда диний эркинлик йўлидаги ишларни тан олди. БМТ сессиясида Ўзбекистон ташаббуси билан “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли муҳим ҳужжат қабул қилинди. Юртимиз уламолари халқаро анжуманларда муносиб иштирок этди. Саудия Арабистони, Франция, Испания, Россия, Туркия ва бошқа кўплаб давлатлар мезбонлик қилган нуфузли халқаро тадбирларда вакилларимиз муваффақиятли қатнашди. Ислом олами билан алоқалар мустаҳкамланиб, мусулмон дунёсининг энг мўътабар уламолари ўлкамизга ташриф буюришди. Азҳари шариф шайхи Аҳмад Тоййиб, йирик муҳаддис Муҳаммад Аввома ва тариқат пешвоси Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий каби зотларнинг ташрифи ўзгача файз бахш этди. 2018 йил 28 декабрдаги Президентимиз Мурожаатномасидан келиб чиқсак, 2019 йилни – “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилиниши мамлакатимизда тобора куч-қувватга тўлиб бораётган ислоҳотларнинг давоми бўлади. Бошқача айтганда, келгуси йил жамиятимиз ҳаётида инвестиция ва ижтимоий соҳадаги ривожланиш янги босқичига кўтарилади, иншо Аллоҳ. Ушбу йўналишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишга тайёргарлик кўрмоқда. Хусусан, “Вақф” хайрия жамоат фонди аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларини қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда жамиятни ижтимоий ривожлантириш лойиҳаларини ҳам ҳаётга тадбиқ этишни ўз олдига мақсад қилган. Сармоядорлар билан ҳам ҳамкорлик ўрнатишни назарда тутган. Юқорида қайд этилганлар 2018 йилдаги кенг кўламли ишларнинг мухтасар баёни эди. Аллоҳ таоло мана шундай неъматларини янада бардавом айласин. Манба 164
1 2 3 24