islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Dekabr 20, 2018

Day

ЁШЛАР ЎРТАСИДА ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ВА ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ БАРВАҚТ ОЛДИНИ ОЛИШ

Дарҳақиқат, бугунги глобаллашув ва тараққиёт асри ҳар кимдан кучли билим ва тафаккур эгаси бўлишни, замонавий ахборот технологияларидан унумли ва мақсадли фойдаланишни, содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан мустаҳкам фуқаролик позицияси билан ёндашишни талаб этади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси билан ҳамкорликда жорий йилнинг 20 декабрь куни Тошкент ислом институти 1 курс талабалари учун “Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси масъул ходими, подполковник Абдувоҳид Шукуров ўзининг сермазмун маърузаси билан иштирок этди. Тадбирни Тошкент ислом институти Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.Собиров ҳозирги кунда ёшлар тарбияси ва таълими ҳар жиҳатдан долзарб эканлиги таъкидлаб сўзни подполковник А.Шукуровга берди. Юртимиздаги тинчлик ва барқарорлик олий неъматлиги, ҳар бир миллатнинг маънавиятини унинг тарихи, урф-одатлари, анъаналари, барҳаёт қадриятлари ташкил этиши, уни асраб-авайлаш кераглиги ва турли ваъдаларга ишониб алданиб қолмасдан, балки, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ўз ҳиссасини қўшиш, ҳалол меҳнат қилишга одатланиш, келгусида малакали мутахассис бўлиб етишишга ҳаракат қилиш бугунги ёшларнинг асосий вазифаларидан бири бўлиши керак – деди А.Шукуров. Шунингдек, тадбирда талабаларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, диний бағрикенглик ва диний ташкилотлар фаолияти тўғрисида Республикамизда олиб борилаётган ишлар ва қабул қилинган хужжатлар тўғрисида маълумотлар берилди. Маърузада бугун дунёда кечаётган таҳликали жараёнларнинг иштирокчилари ёшлар бўлиб қолаётганлигини афсус билан қайд этилиб, мазкур ҳолатларга қарши курашиш борасида батафсил маълумот берди. Хусусан, исломга ёт норасмий диний жамоаларнинг хозирги даврда Интернет ахборот тизимининг турли сайтлари оркали таъсир ўтказишлари мумкинликлари, хамда бу борада ёшларимизни огоҳ бўлишга чақирди. Эслатиб ўтамиз, бу каби тадбирлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тасдиқланган “Диний соҳада ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастури”га мувофиқ ўтказилмоқда. Тошкент ислом институти Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.СОБИРОВ   134

Шубҳали ва ҳалол-покиза амаллар хусусида ислом тарихидаги буюк шахсларнинг сўзлари ва амаллари

Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳу: “Ҳаром бўлиб қолишидан қўрқиб, айрим ҳалол нарсаларни тарк этиш камоли тақводир”. Абу Абдурраҳмон Амрий: “Тақводор банда шубҳали нарсаларни шубҳа туғдирмайдиган ҳалол-покиза нарсаларга алмаштиради”. Фузайл: “Одамлар тақвони оғир нарса деб ўйлашади. Мен икки йўл турган бўлса, ҳамиша қийинроғини танладим. Сени шубҳага солган нарсаларни қўйиб, шубҳага солмайдиган аниқ-ҳалол нарсаларни тут”. Ҳассон ибн Абу Синон: “Тақводорликдан осон нарса йўқ: қачон сени бирор нарса шубҳалантирса, уни тарк этгин”. Язид ибн Зариъ ўзига теккан беш юз минг (тилла) меросни тарк этди. Унинг отаси султонлар хизматини қиларди. Улкан меросни тарк этган Язид бир умр сават тўқиб, шунинг орқасидан кун кечирди. Мисвар ибн Махрама тижорат учун жуда кўп дон сотиб олди. Куз пайтида кўкка булут чиққанини кўриб, кайфияти бузилди. Сўнг ўзининг бу қилиғидан норози бўлиб деди: “Во ажаб! Ҳали мен мусулмонларга фойдали бўлган ёмғирни ёмон кўрдимми?!” Шундан кейин ўша сотиб олган молидан мутлақо фойда қилмасликка қасам ичди. Унинг қароридан хабар топган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шундай дедилар: “Аллоҳ сени хайрли мукофотлар билан тақдирласин!” Иброҳим ибн Адҳамдан сўрадилар: – Нега Замзам сувидан ичмаяпсиз? – Челагим бўлганда ичардим! – деб жавоб бердилар Ибн Адҳам. Замзам ёнига қўйилган челак султоннинг молидан эди. Ибн Адҳам унинг шубҳали эканига ишора қилдилар. Юқорида айтилган мисоллар кимгадир ҳаддан зиёд муболаға бўлиб туюлиши мумкин. Бироқ бир ҳақиқат ҳеч вақт хотиримиздан кўтарилмасин: уммат нопок-ҳаром ишлардан ўзини покиза сақламоғи ва ҳалол ҳаёт кечирмоғи учун ҳамиша ёрқин ҳаётий намуналарга эҳтиёж сезади. Агар ана шундай солиҳ мисоллар ва таъсирли сўзлар изсиз йўқолса, уммат аста-секин шубҳали ҳамда ҳаром нарсаларга кўникиб кетади. Зеро, меҳрибон, доно насиҳатгўйидан айрилган Ислом уммати ҳаёт сўқмоқларида жонли мисолларга доимо муҳтож. «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Шамсиддинхўжа Сулаймонов 154

“Энг маърифатли имом – 2018” кўрик танлови ғолиблари аниқланди

Бугун, 20 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Энг маърифатли имом – 2018” кўрик танловининг республика босқичи ўтказилди. Унда танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар босқичида биринчи ўринни эгаллаган 14 нафар имом-хатиб беллашдилар, деб хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбар ходимлари, уламолар, имом-хатиблар ва оммавий ахборот воситаси ходимлари иштирок этди. Йиғилган баллар бўйича ғолиблар аниқланди. 1 ўрин: Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги «Худоёрҳожи» жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Аҳмадалиев. Унга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг биринчи даражали дипломи ва “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан тақдим этилган ноутбук ва 3.000.000 сўм пул мукофоти топширилди. 2 ўрин: Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги «Кулолқўрғон» жоме масжиди имом-хатиби, Тошкент ислом институти ўқитувчиси Яҳёхон Абдураҳмонов. Унга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг иккинчи даражали дипломи ва “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан тақдим этилган LCD 42 телевизор ва 2.500.000 сўм пул мукофоти топширилди. 3 ўрин: Тошкент вилояти Қибрай туманидаги «Саъдулло ота» жоме масжиди имом-хатиби Обиджон Мирҳамидов . Унга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг учинчи даражали дипломи ва “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан тақдим этилган микро тўлқинли печ ва 2.000.000 сўм пул мукофоти топширилди. Бундан ташқари, бир қанча номинациялар бўйича ҳам ғолиблар номи эълон қилинди. “Энг кўп обуна уюштирган имом” номинацияси бўйича Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги “Нурул Ислом” жоме масжиди имоми Озод Назаров; “Энг кўп мақола чоп этган имом” номинацияси бўйича Қашқадарё вилояти Касби туманидаги “Фазли” жоме масжиди имоми Азамат Усмонов; “Энг обод масжид” номинацияси бўйича Урганч шаҳридаги “Охун бобо” жоме масжиди; “Энг инновацион ёндашув” номинацияси бўйича Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги “Домло Омонулло” Ғанижон Абиев ва Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги “Далварзин” жоме масжиди имоми Искандар Ортиқов тақдирландилар. 124

Имом Муҳаммад Жаъфар Содиқ роҳимаҳуллоҳнинг ҳикматли сўзлари

Имом Жаъфар Содиқ ҳазратларининг ўғли Мусо Козим ҳазратларига шундай насиҳат қилди: “Эй ўғлим, ўз ризқингдан рози бўл. Ризқидан рози бўлган одам ҳеч кимга муҳтож бўлмайди. Кўзи бошқа бировнинг молида бўлган одам фақирликда ўлади. Аллоҳ таолонинг тақсим этгани ризққа рози бўлмаган кимса, уни қазо ва қадарда истаганини яратишда туҳмат остига олган ҳисобланади. Ўз қусурларини кичик кўрган киши бошқаларнинг қусурларини катта кўради. Доим ўз қусурларингни катта кўр. Бошқа бировнинг сирли нарсасини ошкор қилган кимсанинг уйидаги сирли нарсалар ошкор бўлади. Биродарига чуқур қазиган, унга ўзи тушар. Аҳмоқлар орасида бўлган – хўрланар,олимлар орасида бўлган инсон – ҳурмат кўрар. Эй ўғлим, инсонлардан жаҳлинг чиқмасин, акс ҳолда, уларнинг сендан жаҳли чиқарлар. Бўш гап ва ишга аралашма, обрўйинг тушади. Сенга фойда бўлса ҳам, зарар бўлса ҳам – тўғрисини айт. Шунда инсонлар сен билан маслаҳатлашадилар, фикрингни оладилар. Эй ўғлим, дўст тутинганинг, зиёратига кетганинг яхши ахлоқли инсонлар бўлсин. Ёмон ахлоқлилар билан дўст бўлма, улар билан кўришма. Чунки улар суви бўлмаган чўл, шохлари куртакламаган дарахт, ўт битмаган тупроқдир. Эй ўғлим, Аллоҳ таоло китобининг ўқувчиси, яхшиликларни ўргатувчи, ёмонликларни тақиқловчи, сенга келмаганга борувчи, сен билан гаплашмаган ила гаплашувчи бўл! Ғийбатдан, чақимчиликдан сақлан! Гап ташимоқ инсонлар кўнглида душманликни орттиради. Инсонларнинг айбларини кўрмагин, инсонларнинг айбларини кўрган уларнинг нишонига айланар”. Мир араб ўрта махус ислом билим юрти мударриси Абдусамад Тожиддинов 292

“Энг маърифатли имом – 2018” кўрик танловининг республика босқичи бўлиб ўтмоқда

Мамлакатимиз тараққиётнинг янги даврида муҳтарам Президентимиз томонларидан диний соҳада олиб бораётган ислоҳотлар айниқса диққатга сазовордир. Ушбу ислоҳотларнинг ҳаётга татбиқ этилишида диний соҳа ходимлари ҳам муносиб иштирок этишларини таъминлаш Ўзбекистон мусулмонлари идораси олдида турган энг олий вазифалардан биридир. Бугун, 20 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “ЭНГ МАЪРИФАТЛИ ИМОМ – 2018” кўрик танловининг республика босқичи бошланди, деб хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. Унда танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар босқичида биринчи ўринни эгаллаган 14 нафар имом-хатиб беллашмоқда. “ЭНГ МАЪРИФАТЛИ ИМОМ–2018” кўрик-танловини ўтказишдан мақсад, бугунги кун имом-хатиби ҳам диний ҳам дунёвий билимларни пухта эгаллаши, Қуръони карим оятлари тафсирини мукаммал билиши, дунёда юз бераётган воқеликдан хабардор бўлиб, халқни эзгулик ва бирдамликка чақириши, ёшларга ҳақ билан ботилни етказа билиши каби фаолиятларни янада жадаллаштиришдан иборат. Шунингдек, ҳозирги пайтда дунёда кечаётган мураккаб сиёсий жараёнларда Ислом дини ниқоби остида рўй бераётган уруш ва тўқнашувлар, бузғунчи ғоялар таҳдидидан аҳолини огоҳ этиб, уларга тўғри исломий таълимотни етказиш каби вазифаларни қай даражада уддасидан чиқаётганларини билиш ҳам мақсад қилиб қўйилган. Тадбир Қуръон карим тиловати билан бошланди. Шундан сўнг ҳакамлар ҳайъати ва иштирокчилар таништирилди. Эслатиб ўтамиз, ушбу танловда Тошкент ислом институти ўқитувчиси Яҳё Абдураҳмонов ҳам иштирок этмоқда. Уларга Аллоҳдан зафарлар тилаймиз! 124
1 2