islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Yanvar 2019

Month

Қуръон – қалб ғийбатининг шифоси

Одамларда кўп учрайдиган қалб касалликларидан бири ёмон гумон қилишдир. Қуръони каримда бадгумонликдан қайтарилган. Зеро, бир одам қалбида қандай ният борлигини – қалб сирларини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Кўзи билан кўрмагунча биров ҳақида ёмон гумон қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Чунончи, гумонга суяниб иш тутиш, ўзгалар ҳақида юзаки хулоса чиқариш тўғри эмас. Қуръони каримда шундай хитоб қилинган: “Эй мўминлар, кўп гумон(лар)дан сақланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилиб юрманг, бир-бирингизни ғийбат қилманг! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродари гўштини ейишни яхши кўрадими?! Ахир ёмон кўрасизлар-ку! Аллоҳдан қўрқинг! Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, Меҳрибондир” (Ҳужурот сураси, 12-оят). Бу ердаги “гумон”дан мурод – бир одам ҳақида ҳеч қандай ҳужжат-далили бўлмай туриб шубҳаланиш. Кўринишдан салоҳиятли, туппа-тузук инсон ҳақида ёмон гумон қилинмайди. Чунки бу туҳмат саналади. Туҳмат қилган, биродаридан шубҳаланган одам гуноҳга ботади. Гоҳида инсон хотирига кимдир ҳақида кутилмаган ўйлар, баъзи иккиланишлар келиб қолади. Буни бадгумонлик билан аралаштирмаслик керак. Ёмон гумонга нафс суянади, қалб мойил бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Сизлар бадгумонликдан эҳтиёт бўлинглар! Зеро, бадгумонлик энг ёлғон сўздир. Жосуслик қилманглар, бир-бирингизга ҳасад қилманг, бир-бирингизни ёмон кўриб қолманг, душманлик қилманг, Аллоҳнинг ака-ука бандалари бўлинглар”. Яна бир ҳадисда шундай дейилган: “Қайси бир мусулмон банда биродаридан шубҳаланса, Парвардигоридан шубҳаланибди. Чунки Аллоҳ “кўп гумонлардан сақланинглар”, деган”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни Каъбани тавоф қилдилар. Кейин Каъбатуллоҳга юзланиб: “Сен нақадар поксан, ҳидинг нақадар хушбўй! Қанчалик улуғсан, ҳурматинг қанчалик баланд! Муҳаммаднинг жони измида бўлган Зотга қасамки, бир мўмин банда ҳурмати Аллоҳ наздида сенинг ҳурматингдан улуғроқдир. Моли, қони, фақат яхши гумонда бўлиш (ҳурмати ҳам сеникидан улуғроқдир)”, дедилар. Ривоят қилинишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: – Умматим орасида учта иллат: шумланиш, ҳасад ва бадгумонлик бўлади, – дедилар. Шунда бир киши сўради: – Ё Расулуллоҳ, улардан қандай қутулиш мумкин? – Агар (қалбингда биродарингга нисбатан) ҳасад пайдо бўлса, (Аллоҳга) истиғфор айт. Бировдан ёмон гумон қилсанг, (унга суяниб) иш тутма. Агар шумлансанг, (қилмоқчи бўлган ишингни тўхтатиб қўйма,) уни амалга ошир. Мусулмон одам биродари ҳақида яхши гумон қилади, ҳеч қандай далили бўлмай туриб ҳар хил ёмон хаёлларга бормайди. Зеро, яхши гумон қилиш Аллоҳга итоат этиш саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Яхши гумон қилиш (Аллоҳга) чиройли ибодат қилиш сирасидандир”, деганлар. Ёмон гумон – маъсият, яхши гумон эса ибодатдир. Мўмин ака-укаларидан яхши гумон қилган инсон Аллоҳнинг амрига чиройли итоат этган бўлади, Парвардигорига қурбат ҳосил қилади. Кўнглида кири йўқ, шубҳа-гумонлардан холи инсонни Аллоҳ яхши кўради. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади: “Биродаринг оғзидан чиққан сўзни яхшиликка йўйиш имкони бўлса, ундан ёмон гумон қилма”. Шунга кўра, мусулмон одам биродари қилаётган ишни, гапираётган гапини имкон қадар яхшиликка йўяди, “Бу билан нима демоқчи”, “Гап бу ёқда экан-да, мен билмай юрганаканман”, деб бўлар-бўлмас гапларни айтиб мусулмон биродари ҳақида гап тарқатиш яхши эмас. Салафи солиҳлар тавсиясига кўра, мўмин биродари сиртдан номаъқул иш қилаётганини кўриб қолса, унга етмишта узр қидирилади. “Мен билмаган бирон сабаби бордир”, “Бекорга бундай қилмаётгандир”, деб яхши гумонда бўлинади. Бадгумонликдан йироқ инсоннинг қалби хотиржам бўлади. Чунки бировнинг кетидан тушиб, хатосини қидириш, ғийбат қилиш билан киши ҳаёти пароканда бўлади, тинчи бузилади. Одамлардан яхши гумон қиладиган инсоннинг кўнгли тоза, ҳаёти осуда бўлади. Зиёвуддин РАҲИМ, “Қуръон – қалблар шифоси” китобидан Манба 261

Имом Табарий – тафсир илмининг отаси

Улуғ имом ва мужтаҳид олим, кўплаб машҳур асарлар муаллифи Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Язид ибн Касир ибн Ғолиб ат-Табарий раҳимаҳуллоҳ 224 ҳижрий санада Табаристонда туғилганлар. Ёшлигидан илмга муҳаббат қўйган олим  ўн икки  ёшларида илм талаби билан Миср, Шом, Ироқ диёрларида бўладилар. Сўнг Бағдодда қолиб таълим оладилар, бир қанча талабаларга устозлик қиладилар. Умрларининг охиригача шу ерда истиқомат  қиладилар. У кишининг ёзган машҳур китоблари: Жомеъул баён фи тафсирил Қуръон; Китобут-тарих; Китобул-қироот; Вал-адад ват-танзил; Китоб ихтилофил-уламо; Тарихур-рижал минассаҳобати ваттобеъин. Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ ўз асрининг тенгсиз илм соҳиби эдилар. У киши тафсир, ҳадис, фиқҳ, тарих ва бир қанча илмларнинг билимдони эдилар. Қуръон оятларининг маъноларини дақиқ жойларигача тушунган, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини билувчи, унинг саҳиҳ ва заифи, носих ва мансухини  ажратувчи олим эдилар. Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ тафсир илмида “Тафсир илмининг отаси” деган номга сазовор бўлганлар. Худди шунингдек, тарих илмида ҳам ушбу улуғ номга мушарраф бўлганлар. “Тафсири Табарий” ҳақида “Тафсири Табарий” китоби тафсир китобларининг ичида энг машҳур китоблардан бўлиб, тафсир илмида мукаммал ёзилган китоблардан биридир. Муҳаммад Ҳусайн аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ  айтадилар: “Ибн Жарирнинг тафсири тафсир китобларининг энг буюк ва  машҳурларидан ҳисобланади. Ушбу китоб муфассирлар наздида нақлий тафсирларининг биринчиси, аҳамиятга ақлий тафсир манбаларидан биридир”. “Тафсири Табарий” китобининг дастлабки нусхаси (ўттиз минг варақ) ҳозирги нусхасидан (уч минг варақ) анча катта ва кенг бўлган, сўнгра муаллиф уни қисқартириб, ҳозирги кўринишга келтирганлар. Имом Табарий раҳимаҳуллоҳнинг Қуръони каримни тафсир қилиш усуллари ҳар жиҳатдан очиқ-равшанлиги билан алоҳида аҳамиятга эга. Ҳар бир оятни тафсир қилишда: “Бу сўз Аллоҳ таоло каломининг таъвилида мана бундай ва бундай”, – дер ва ундан сўнг оятни тафсир қиладилар ва далил сифатида саҳоба ёки тобеъиндан қилинган ривоятларни санади билан келтирадилар. Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ ушбу китобнинг шаъни ҳақида сўз юрита туриб, жумладан, қуйидагиларни айтганлар: “Бу уммат  Имом Табарийнинг тафсиридек тафсир китобини ёзмаганига ишонч ҳосил қилдим!”. Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Абдусамад Тожиддинов 307

ҚУРЪОНИ КАРИМ ТИЛОВАТИДА ТАДАББУР

Аллоҳ таоло ўз каломида тиловат қилувчи Аллоҳнинг каломини тиловат қилаётганда тадаббур ила тиловат қилиши кераклиги ҳақида марҳамат қилиб айтганки: “Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир”, деган (Сод, 29). “Албатта, у (Қуръон) сенга ҳам шарафдир, қавмингга ҳам. Ва, албатта, сўралурсизлар”, (Зухруф, 44). Дунё ва охиратнинг барча баракаси ушбу китобдир. Ким икки дунёнинг баракасини олишни хоҳласа, ушбу муборак китобга амал қилсин. Ким икки дунёнинг бахт-саодатига эришишни истаса, ушбу Қуръонни ўзига дастур қилиб олсин. “Қуръон (оятларининг маънолари) ҳақида (чуқурроқ) фикр юритмайдиларми?! Агар (у) Аллоҳдан ўзганинг ҳузуридан (келган) бўлса эди, унда кўпгина қарама-қарши гапларни топган бўлур эдилар”, (Нисо, 82). Мана, ўн тўрт аср  ўтаётган бўлсада, илоҳий мўжиза – Қуръони карим оятларида келтирилган маълумотларда бирорта хато  жумла топилгани йўқ, топилмайди ҳам. Фалакиёт, коинот, ҳайвонот, наботот, илоҳиёт, табииёт ва бошқа нарсаларга доир оятларнинг нақадар тўғри ифода этилгани кун сайин ўз тасдиғини топиб келмоқда. Қуръон каримни тадаббур қилиш, яъни, уни чуқурроқ англашга интилиш жуда зарур ишдир. Исломни билмоқчи бўлган одам, ҳақиқатни англамоқчи бўлган киши бевосита Қуръони каримга мурожаат қилмоғи керак. Қуръонга мурожаат этиб, уни тадаббур қилиб кўрган одам ҳақиқатни англаб етади. У илоҳий китобдир, унинг илоҳийлигини тадаббур қилган одам дарҳол англайди. Чунки Қуръонни жиддий ўрганишга киришган одам, унда ҳеч қандай зиддият йўқлигини пайқайди. “Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганда, ундан кўп ихтилофлар топар эдилар”. Албатта, инсон ақли етганича ўрганади. Ҳеч ким: “Мен Қуръонни охиригача фаҳм этдим, бундан бошқа тушунча бўлиши мумкин эмас”, дея олмайди. “Ахир, улар Қуръон (оятлари) ҳақида фикр юритмайдиларми?! Балки дилларда қулфлари бордир?!” (Муҳаммад, 24). Бу ердаги баъзи мунофиқларнинг дилларида, эҳтимол, келажакда имон келтириш ниятининг ўзи йўқдир. Балки уларнинг дилларига Аллоҳ “имон келтирмайди” деб муҳр босиб қўйгандир, дейилмоқда. Қуръон оятлари ҳақида фикр юритишга ҳам ўша муҳрланган қалбларда салоҳият бўлмаслиги мантиқ юзасидан барчага маълумдир. Қуръони карим тиловат қилинаётган вақтда, уни тинглаш, жим туриб қулоқ солиш кераклиги ҳақида Аллоҳ таоло ўз каломида қуйдагича амр қилади: “Қуръон тиловат қилганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд раҳматга эришсангиз” (Аъроф, 204). Ушбу оятдан уламоларимиз Қуръони карим тиловат қилинганда унга жим туриб қулоқ осиш вожиблиги ҳақидаги ҳукмни чиқарганлар. Ҳанафий мазҳаби уламолари эса, намозда имом қироат қилганида, иқтидо қилувчилар жим қулоқ осиши лозим, деб ҳукм чиқарганлар. Умуман, Қуръон карим Аллоҳнинг каломи, уни ўқиш, тинглаш, ўрганиш ва унга амал қилиш зарурий ишдир. Ҳар бирининг ўзига яраша зарурати ва ҳаловати бор. Ҳар бир мўмин-мусулмон Қуръони карим тиловати қулоғига тушиши билан Аллоҳ таолонинг ушбу оятдаги амрини эсга олиб, дарҳол уни тинглаши ва жим туриши вожиб бўлади. Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Абдусамад Тожиддинов 141
1 13 14 15