islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Fevral 2019

Month

Одамларнинг орасини ислоҳ қилиш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин. Исломда мусулмон киши ўзи тўғри йўлдан юриб, зарарли нарсалардан четда туриб, фақат ўзини-ўзи тузатиш билан овора бўлиб қолишга яхшилик деб қаралмайди. Балки ҳақиқий мусулмон одамлар орасида ҳам ислоҳ ишларини олиб бориши зарур. Одамлар орасини ислоҳ қилиш, мусулмончилик ғояларидан биридир. Чунки икки шахс орасидаги адоват бориб-бориб икки тараф орасидаги адоватга айланиши турган гап. Кўпчилик халқлар ўзаро келишмовчилик натижасида бир неча жамоаларга бўлиниб кетади, улар орасида келишмовчилик авж олиб, ҳатто беҳуда қон тўкилишига ҳам сабаб бўлади. Одамлар орасини ислоҳ қилиш олий даражадаги инсоний сифатлардан бўлиб, бу нарса фақат пок қалблардан чиқади. Одамларнинг орасини тузатиш, ҳар бир жамиятга кўп яхшилик ва манфаатлар келтиради, унинг аъзоларини жипслаштиради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ мўминлар орасини ислоҳ қилишга буюрган. «Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг» («Ҳужрот» сураси, 10-оят). Қуръон, шунингдек, эр-хотин орасини ислоҳ қилишга ҳам чақирган: «Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, эрнинг аҳлидан бир ҳакам ва хотиннинг аҳлидан бир ҳакам ажратинг. Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ эр-хотиннинг орасини мувофиқлаштиради» («Нисо» сураси, 35-оят). Аллоҳ одамлар орасида ислоҳ қилиш савобини баён қилиб шундай дейди: «Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор. Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берамиз» («Нисо» сураси, 114-оят). Манба: Islom.uz 130

ЧАҚИМЧИЛИК

Аллоҳ таоло буюк китоби бўлмиш Қуръони каримда: “Эй, иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир” (Ҳужурот, 12), – деб марҳамат қилди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Орангиздаги ахлоқи энг яхши кишиларни, оиласига нисбатан ўз вазифасини ўринлатиб адо қилувчиларни, улфат орттирган ва ўзи ҳам кўпчиликка улфат бўла олган кишиларни Аллоҳ яхши кўради. Ундан бунга гап ташувчи, одамлар орасини бузувчи ва тўғри кишиларнинг айбини қидирувчи кимсаларни эса, Аллоҳ яхши кўрмайди”. Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири – чақимчилик ҳисобланади. Чақимчилик, гап ташиш ҳеч ким хуш кўрмайдиган ва айб ҳисоблайдиган бир хусусиятдир. Ҳозири кунда бу иллат “баъзи” инсонлар орасида шу даражада кўп тарқалганидан гап ташишларини ўзлари ҳам англаб етмайди. Ва яна “чақимчилик бўлмасин-у” ёки “ғийбат бўлмасин-у” деб ҳам қўшиб қўйишади. Ҳар соҳага жуда аҳамиятли бўлган динимиз бизга бу каби иллатлардан сақланишни ўргатади. Жумладан, оятдаги: “Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи” жумласида аввал билмай гуноҳ қилиб, кейин ўз гуноҳига афсусланиб, тавба қилган кимса учун Аллоҳнинг фазли карами кенг эканлигига далолат қилади. Ҳасан Басрий, Аллоҳ улардан рози бўлсин, айтадиларки: “Ким сенга гап етказса, билгинки, сенинг гапингни бошқага ҳам етказади”. Шунингдек, агар бирор кимсани чақимчилик қилаётган ҳолатида кўрса, уни дарҳол бу ишдан қайтариш кераклиги ва бу каби ёмон ишдан қайтаришлик вожиблиги динимизда таъкидланган. Нақл қилинадики, бир одам ҳикмат аҳлидан бўлган бўлган кишининг олдига 7 масала юзасидан 700 фарсах йўл юриб бориб, у кишига дедики: “Менга айтинг-чи: – Осмонлардан каттароқ ва оғирроқ нарса борми, бўлса нима у? – Ердан кенгроқ нарса борми, бўлса у нима? – Тошда қаттиқроқ нарса борми, бўлса у нима? – Оловдан қизғинроқ нарса борми, бўлса у нима? – Қаҳратон қишдан совуқроқ нарса борми, бўлса у нима? – Денгиздан ҳам бойроқ нарса борми, бўлса у нима? – Етимдан ҳам хорроқ зот борми, бўлса у ким? деб сўраса, донишманд шундай жавоб берди: -Ор-номусли кишига туҳмат қилмоқ осмондан ҳам катта ва оғирроқ; – Ҳақиқат ердан ҳам кенгроқ; – Иймонсизнинг қалби тошдан ҳам қаттиқроқ; – Ҳирс ила ҳасад оловдан ҳам қизғинроқ; – Ночор қолиб, қариндошга бош уриб бормоқ қаҳратон қишдан ҳам совуқроқ; – Қаноатли қалб денгиздан ҳам бойроқ; – Чақимчи, туҳматчилар фош бўлганда етимдан ҳам хорроқ бўладилар”. Аллоҳ таоло барчамизни ёмон иллатлардан узоқ қилсин! 2-курс талабаси Ғофурова Омина 333

Аллоҳ мўминларга раҳмли зот

عن ابن عمر رضى الله عنهما قال: قال سمعتُ رسولَ الله صلى الله عليه وسلم يقولُ: ” إنَّ الله يدنى المؤمن فيضعُ عليهِ كنفَهُ ويستُرهُ فيقولُ: أتعرِفُ ذَنبَ كذا أتعرِفُ ذنبَ كذا؟ فيقولُ: نعم أى ربِّ، حتى إذا قرَّرهُ بذنوبهِ، ورأى فى نفسه أنه قد هلك قال سترتُها عليك فى الدنيا، وأنا أغفُرها لك اليومَ، فيعطى كتابَ حسناتهِ، وأما الكافرُ والمنافقُ فيقولُ الأشهادُ : هولاء الذينَ كذَبوا على ربهمْ ألا لعنة الله على الظالمينَ” Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ (Қиёмат куни) мўминни ўзига яқинлаштириб, бир томонини қўйиб тўсади-да, фалон гуноҳингни ва пистон гуноҳингни биласанми?- дейди. У мўмин: “Ҳа, эй Раббим! деб гуноҳларига иқрор бўлади. У ҳалок бўлдим, деб ўйлайди. Шунда Аллоҳ таоло унга қарата: “Дунёдаги ҳаётингда ўша гуноҳингни яширганим каби бу кунда ҳам ўша гуноҳларингни кечираман”,- деб яхшиликлар китобини берилади. Аммо кофир ёки мунофиқ кимсага “Гувоҳлар”: “Ундай кимсалар (қиёмат кунида) Парвардигорларига рўбарў қилинурлар ва барча гувоҳ: “Мана шулар Парвардигор шаънига ёлғон сўзларини сўзлаганлар” дейдилар. Огоҳ бўлингизким, бундай золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлур”, дейди. (Ҳуд-18) Шарҳ: Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) кетаётсалар бир киши йўлда унга йўлиқиб: “Қиёмат куни банда билан Рабб ўртасида бўладиган сўзлашув ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса эшитганмисиз?” деган эди, Ибн Умар (розияллоҳу анҳу): Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан мана шу ҳадисни эшитганман, деб юқоридаги ҳадисни зикр қилдилар. Бу ҳадисда Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган икки қўрқинчли мавқеъни айтмоқдалар. Биринчи мавқеъ: Аллоҳ мўмин бандага яқинлашиб, уни тўсиқ билан иҳота ва беркитиб сир қилган ҳолда: “Сен фалон куни, фалон жойда содир этган гуноҳингни эслайсанми?”- деса, мўмин киши титраб, ҳижолат чеккан ҳолда: “Ҳа эй Раббим, эслайман”, дейди. Яна Аллоҳ таоло: “Ана бу гуноҳингни эслайсанми?” -деса мўминни хавфи кучайиб, қалби ағдарилган ҳолда: “Ҳа, эй Раббим эслайман”, дейди. Мана шу каби Аллоҳ мўмин бандасига гуноҳларини санайверганидан банда изтиробда гуноҳларига иқрор бўлаверади. Бу қўрқинчли ҳолат давом этавергач, у мўмин гуноҳига яраша азобланишга аниқ ишониб қолади. У содир этган гуноҳи сабабли аниқ ҳалок бўлгувчиман, деб фикр қилиб турганида, гуноҳларни кечирувчи меҳрибон бўлган Раҳим Зот Аллоҳ нидо қилиб: “Эй бандам! Мен сени дунёдалик пайтингда гуноҳингни беркитган эдим. Бугун эса гуноҳингни кечираман. Эй фаришталарим, унга яхшиликлар китобини беринглар ва жаннатга элтинглар”, дейди. Иккинчи мавқеъ: кофир ва мунофиқларнинг мавқеъси бўлиб, уларни пешоналаридан тутиб, саф ичига киритиб, худди ҳайвонни бўғизлаш ўрнига олиб борилгани каби олиб борилади. У ердагилар у кимсага қараб туришади. Шу ҳолда уни адолат маҳкамасига олиб борилади, у Аллоҳ ҳузурида ноумид бўлиб туради. Раббиси: “Сенга неъмат бермаганмидим? Сенга элчи жўнатмаганмидим? Ундай ва бундай нарсаларни бермаганмидим? Мендан ҳаё қилмасдан ёмонлик қилиш билан курашдинг-а? Яхшиликларни ато қилсам ҳам Мендан бошқага ибодат қилдинг-а? Фалон куни фалон нарса қилгандинг-а?” дейди. Кофир ёки мунофиқ кимса ўнг томонига қарайди. Дўзахдан бошқа нарса кўрмайди. Атрофини азоб берувчи, қўпол фаришталар ўраб олади. У “Эй Раббим нафсимга ижозат бермасам ҳам гувоҳлик бермоқдаку? дейди. Аллоҳ таоло: “Бугун ўз нафсинг ўзингга қарши етарли ҳисоб-китоб қилгувчидир”- деб, оғзига муҳр уриб қўйилади. Аъзоларига сўзла! дейилади. У гуноҳ ва хатоларини сўзлайди. Кейин у билан сўзи ўртасини ҳоли қилиб қўйилади. Аъзоси: “Сенга ор бўлсин, мен билан доим курашар эдинг. Мана энди адолатли подшоҳ томонидан ҳукм фаришталарга берилмоқда....

Қуръони каримни тeз ва осон ёдлашда замонавий инновацион ёндашувлар(1-қисм)

بسم الله الرحمن الرحيم Ҳурматли Қуръон мухлислари! Сўнги йилларда юртимизда Қуръони Каримни ўрганишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бунга, ҳар йили ўтказиб келинаётган Республика Қуръон мусобақаларининг, 2018-йилда кенг миқёсда, оммавий тарзда ўтказилганини мисол қилиш мумкин. Шунингдек, юртимиздаги фаолият юритаётган барча Ислом билим юртларида Қуръон ёдлашга ихтисослашган алоҳида гуруҳлар ташкил қилингани ҳам сўзимизнинг тасдиғидир. Ушбу хайрли ишлар давоми сифатида, келажакда Қуръон таълимида яна-да катта натижаларга эришиш, таълимни самарали олиб бориш мақсадида, дунёнинг таниқли қироат уламолари томонидан таълиф этилган, Қуръони Каримни тез ва осон ёдлашга доир тавсияларни келтирамиз: Биринчи ёдлашда: Қуръон ёдлаш учун қулай, ортиқча чалғитувчи нарсалардан холи, тинч хона танлаб олинади; Гавдани тик тутган ҳолда ўтирилади, мусъҳафни кўкракдан баландроқ бўлган лавҳа устига, сал чапроқ қилиб қўйилади; Ёдлаш учун, кўпи билан бир ёки бир ярим қатор оят белгилаб олинади. Агар оят бир ярим қатордан узун бўлса, маъно бузилмайдиган жумлагача бўлиб олинади; Мусъҳафга диққат билан қараб, имконият даражасида баландроқ, ўртача тезликда, бироз тараннум билан, 3 маротаба ўқилади; Кейин мусъҳафни ёпиб, ўша қаторнинг ўзини ёддан, худди шу тарзда етти мартагача ўқилади. Мана шунда жами ўн марта ўқилган бўлади ва бир қатор тўлиқ ёд бўлади. Кейинги қаторларни ҳам худди шундай услубда ёдланади. Ярим саҳифа бўлганда, шу услубда (уч марта қараб ва етти мартагача ёддан ўқиб) битта жамланади. Мана шунда жами йигирма (20) марта ўқилган бўлади. Ва бир саҳифа бўлганда, шундай шаклда яна бир жамланади ва барчаси бўлиб ўттиз (30) марта бўлади. Бунинг учун ярим соат вақт сарфланади ва бир саҳифа тўлиқ ёд бўлади (иншаАллоҳ). 4-курс талабаси Йўлдошбек қори Нуриддинов 216

Умавийлар давлатида тиббиёт ва тажрибавий илм-фаннинг ривожланиши

Форс ва Рум давлати мағлуб бўлиб, Умавийлар давлати қўлига ўтганидан сўнг, улардан улкан илмий меърос қолди. Энди вазифа бу илмий манбалардан фойдаланиш эди. Давлат сурёний ва юнон тилларини яхши билган одамларни жалб қилиб китобларни сўзма-сўз араб тилига таржима қилдирди[1]. Ўз навбатида, бу таржимонлар тажрибавий илмларни ҳам пухта билишар эди. Бу илмий ишларни амалга оширишда мутахассисларнинг фаолиятига яраша мукофот беришни умавий ҳукмдорлари жорий қилдилар.  Муовия розияллоҳу анҳу илмий тадқиқотлар олиб борадиган марказ ва кутубхона ташкил қилди. Айниқса,бу марказда марвликлар алоҳида аҳамиятга эга олимлар бўлиб, ҳатто сафар ва юришларда ҳам уларнинг кўрсатма ва тадқиқотларидан унумли фойдаланишар эди[2]. Баъзи тарихчилар Муовия розияллоҳу анҳунинг шахсий табиби Ибн Осол насроний бўлиб, тиббиётга доир китобларни араб тилига ўгирганини айтишади[3]. Тиббиёт ва кимёга тегишли китобларни араб тилига ўгиришни Холид ибн Язид биринчи бошлаб берган шахс ҳисобланади. Шунингдек, халифалар Искандария мадрасасида таълим олган мутахассисларга юнон ва қибтий тилидаги асарларини араб тилига таржима қилишни буюрган эди[4]. Яна тиббиётда машҳур Жолут-Галеннинг китоблари ҳам таржима қилинган. Бунинг натижасида ислом диёрларида тиббиёт илмига асос вужудга келди. Жолутнинг ўзи таржимон, файласуф, донишмандлар ва ҳунармандларга яқин инсон эди. У нужум (астрономия), кимё, ҳарбий урушлар, қурол-аслаҳалар ва ҳунармандчиликка оид китобларни таржима қилган. Муовия розияллоҳу анҳунинг шу каби хайрли ишлари натижасида исломда улкан хазина, яъни Дамашқ кутубхонаси ташкил вужудга келди[5]. Муовия розияллоҳу анҳу даврида 534 нафар энг кўзга кўринган табиблар бор эди. Басранинг ўзида биргина Зиёд ибн Абиҳни қўли шикастланганда 150дан ортиқ табиб даволаш учун тўпланганди[6]. Ўша вақтда Басра аҳолиси тахминан саккиз минг эди[7]. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев [1]ФилибҲати.Тариху Сурия.Франция: Лейсн. 1985.Ж 1. – Б 132 ва Ҳамдий Шоҳин Аддувлатул уммавия. – Байрут: Дор ас-салам, 1966. – Б 459. [2]Юсуф Иш.Аддувлатул уммавия. – Миср: Дор ал-Азҳар, 1897. – Б 348. [3]Муаллифи номаълум. Алуъюн вал вал ҳадоиқ. – Қоҳира. 1871, Ж 3. – Б 1717. Ибн Аби Усайба. – Байрут. 1969. [4]Ҳамдий Шоҳин Аддувлатул уммавия. – Байрут: Дор ас-салам. 1966. – Б 460.  [5]Муҳаммад Курдий Али. “Хутатуш Шом” Мактаба ан-Нурий Дамашқ. 2011. Ж 4. – Б 23. 24.Ҳамдий Шоҳин Аддувлатул уммавия. – Байрут: Дор ас-салам, 1966. –Б 460. [6]Абул Фидо Исмоил ибн Умар ибн Касир. Ал-Бидоя ван-ниҳоя. – Қоҳира: Дор ал-ҳажр, 1997. Ж 11. – Б 261. [7]Доктор Исом ибн Ҳошим Жуфарий. Аттатоввурул иқтисодий фил асрил уммавий. Магистирлик ишидан. – Мадина: Умм ал- Қуро. 2012. – Б 255. 193
1 2 3 19