islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Iyul 2019

Month

“Араб тили” ўқув курси 6-давра тингловчиларидан ТАШАККУРНОМА

“Биз “Араб тили” ўқув курси 6-давра тингловчилари 3 ой мобайнида Аллоҳ таолонинг марҳамати ила муқаддас Қуръони каримни ўқишга муяссар бўлганимиздан беҳад бахтиёрмиз. Бизга бу шароитни яратиб берган Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти раҳбарияти ва ташкилотчиларига чексиз хурмат ва миннатдoрчилигимизни билдирамиз. Каломуллоҳга нисбатан қалбимизда муҳаббат уйғотган, уни тафаккур ила ўқишни ўргатган, ўзининг беминнат илм маърифати, сабр-тоқати, таълим тадқиқоти ва юксак инсоний фазилатлари ила дарс берган устозимиз Аҳмадхон Рашидовга юксак ташаккур изҳор этамиз. Аллоҳ таолодан уларни икки дунё саодатига сазовор бўлишларини тилаб қоламиз. Ҳар бир эзгу ишнинг пойдевори илм ва маънавият бўлганлиги сабабли, халқимизнинг тинч-фаровон келажаги, маънавият ва маърифатининг юксак ривожи учун бундай илм даргоҳлари ва тажрибали-малакали устозларнинг кўпайишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз. Биз каби талабаларга муқаддас илм ўргатишдек хайрли ишни ташкиллаштирда муносиб хизмат қилган инсонларни ҳамда институтнинг Ўқув-услубий бўлим услубчиси Баҳодирхонов Усмонхонни доимо Аллоҳ таолонинг ҳифзи ҳимоясида бўлишларини тилаб қоламиз. Чексиз ҳурмат ва эҳтиром ила 6-давра тингловчилари 188

“Қуръони карим ва тажвид” ўқув курси 4-давра тингловчиларидан Ташаккурнома

Биз “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курси 4-давра тингловчилари 3 ой мобайнида “Қуръонни қалбимизга жо айлаб” уни ўқий олиш бахтига муяссар бўлдик, бунинг учун Аллоҳимга беҳисоб ҳамд ва санолар бўлсин. Илм олишимиз учун бизга барча шарт шароитлар яратиб берган институт раҳбарияти, ўқув услубий бўлим услубчиси Усмонхон Баходирхоновга ўз миннатдoрчилигимизни билдирамиз. Устозимиз Исматуллаев Абдуманнон қори аканинг илм ўргатиш услуби, сабр-тоқати, ҳар бир ўқувчига индивидуал ёндашиши, олий даражадаги одоб-аҳлоқи, юксак инсоний фазилатлари, чуқур билимлари билан муқаддас Қуръони каримга бўлган меҳримизни зиёда қилди. Устозимизга ўзимизнинг юксак миннатдорчилигимизни билдирамиз. Шундай устозлар борлигидан фахрланамиз. Бизларни “Толиби илм”, деб номланган карвонга кўшган даргоҳни файзини янада юксалишини, устозларга келажак авлодни  тарбиялашдек қийин ишларида сабр-тоқат тилаб ҳамиша Аллоҳнинг ҳифзи ҳимоясида бўлишларини тилаймиз. Ҳурмат ва эҳтиром ила 4-давра тингловчиси Таджибаева Офтобхон. 460

Ҳаж ва унинг маърифати

Каъбатуллоҳ зиёрати – ҳар бир мусулмоннинг орзуси. Таассуфлар бўлсинки, миллатимизнинг не-не фозил фарзандлари учун бу орзу армонга айланган замонлар ҳам бўлди. Яратганнинг буюк инъоми – мустақиллик йилларида ушбу ибодат учун ҳам муайян шароитлар яратила бошланди. Кейинги икки йилда эса бошқа барча соҳаларда бўлгани сингари ҳаж ибодати учун мамлакатимизда ҳар қачонгидан ҳам кенг имкониятлар яратилди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг алоҳида эътибори туфайли юртдошларимизга ҳаж сафари мобайнида кўрсатиладиган хизматлар сифати янада оширилди, сарф-харажатлар арзонлаштирилди. 2016 йилда 5200 нафар ватандошимиз ҳаж амалларини адо этиб келган бўлса, 2017 йилдан бундай шарафга эришганлар сони яна икки минг кишига кўпайиб, 7200 нафарга етди. Бу неъмат учун ҳар қанча шукрлар айтилса оз. Тан олиш керак, оддий одам билан мутафаккир ижодкорнинг ҳаж ибодати бир-биридан кескин фарқ қилади. Ижодкор бошқалардан фарқли ўлароқ бажараётган амалларининг моҳиятини чуқур англайди, ҳаж маърифатини теран ҳис этади. Бу билан ҳам чекланмай, туйғуларини гўзал бадиий шаклда қоғозга муҳрлайди. ЗокиржонХолмуҳаммад ўғли Фурқатнинг “Ҳажнома” асари бунинг ёрқин исботидир. 1891 йил сентябрь ойининг охирида Истанбулга борган Фурқат мазкур шаҳардаги “Миллат боғи”да сабога хитобан ёзилган машҳур шеърий мактубида ўзининг бундан кейинги саёҳат режаси, хусусан, ҳажга бориш нияти ҳақида ҳам маълум қилган эди. Жумладан, тошкентлик дўс­ти Авлиёхўжага салом йўллар экан, шоир мана бундай ёзган: Қулоғиға дегил оҳиста онинг: “Ўшал Фурқат деган аҳбоби жонинг. Дилида бор экан бир муддаоси, Муяссар ўлғай ўлса Ҳақ ризоси. Яқин фурсатда мақсудиға етгай, Насиб ўлса, Мадина сори кетгай”. Фурқатшуносликка оид шўролар даврида яратилган тадқиқотларда шоирнинг Араб мамлакатларига боргани қайд этилган бўлса-да, унинг ҳаж арконларини адо этгани, диний-маърифий мавзуда кўплаб асарлар ёзгани, ҳаж таассуротлари акс этган “Ҳажнома”си хусусида мулоҳаза юритилган эмас. Алишер Навоий номидаги давлат Адабиёт музейи Фурқат фондида 5 ашёвий рақами билан сақланаётган ҳужжатда шоирнинг ҳаж арконларини адо этганига доир қуйидаги маълумот берилган: “Қўқонлик машҳур шоирларимиздан Фурқат, исмлари Зокиржонҳожим, бирмунча вақт Хўқандда туруб, шеърлар айтиб, охири Маккаи аъзамға бориб, дастлаб боби ислом дарвозаларидин қараб, Байтуллоҳни ўз кўзи билан кўруб туруб… айтган шеърларидур. Байтуллоҳга қараб айтқонлар…”. Муаллифи номаълум ушбу ҳужжатда шундан кейин шоирнинг “Қаройғон дилга бергилнури покингдин зиё, ё Раб” мисраси билан бошланувчи ғазали берилган. Фурқат ҳаёти ва ижоди бўйича олиб борилган изланишлар шоирнинг шах­сий муҳрида ҳам ҳожи унвони акс этганига оид далилларни аниқлаш имконини берди. Жумладан, шоирнинг Ўзбекистон Марказий Давлат архивида сақланаётган Ёркентдан 1896 йил август ойида ва сана қўймасдан йўллаган дастхат мактубларида “Зокиржон ҳожи” унвони билан, шунингдек, 1905 йил 10 июлда юборган мактубида “Ҳаким Зокиржонҳожи” деган битик билан муҳр босилгани ушбу фикрни тасдиқлайди. Фурқатнинг Жидда-Макка йўлидан ёзган дастхат мактубидаги “…йигирма бешинчи моҳи ражабда Жиддаи муборакка дохил бўлуб, уч-тўрт кун туруб, Маккаи мукаррамага чиқиб кетдим” деган сўзларига қараганда, шоир 1892 йил 24 февралида Жиддага борган ва февралнинг охирида Маккаи мукаррамага жўнаган. Шоир мактубда бундан кейинги режалари ҳақида ҳам маълумот беради: “Эмди хоҳлайманки, ҳаж қилғондин кейин Бўмбайға ўтуб, Калкуттағача боруб ва ғайри Ҳиндустон мамлакатларини саёҳат қилиб, андин сўнгра Тошканд­ға борсам деб”. Бўмбайдан йўллаган мактубидаги: “муҳаррам ойида Жиддадин ҳаракат айлаб, бандаримаъмураи Бўмбайға келгани”га доир хабари шоирнинг Араб мамлакатларида қанча муддат бўлганини аниқлаш имконини беради. Агар Фурқатнинг 1892 йил февраль ойининг охирида Маккаи мукаррамага боргани, шоир Бўмбайга келган муҳаррам ойи 1892 йил августига тўғри келиши ҳисобга олинса, у Араб мамлакатларида олти ойдан кўпроқ бўлган, деб ҳисоблаш мумкин. Бу муддат давомида Фурқат қизғин ижодий фаолият билан шуғулланди. 216 мисрадан иборат “Ҳажнома”си, мусаббаъ жанридаги фалсафий шеъри, диний-маърифий мавзудаги ғазаллари шоирнинг Араб мамлакатларидаги ижод­и самарали бўлганини кўрсатади. Шоир “Ҳажнома”си – адабиётимиз тарихида ушбу мавзуда ёзилган асарларнинг энг мукаммал намунаси. Асар ҳажм жиҳатидан салмоқли, моҳиятан теран, бадиият нуқтаи назаридан юксак экани билан алоҳида ажралиб туради. Ўша даврда тузилган кўплаб қўлёзма ва тошбосма...

Ўзбекистонда Халқаро Туристик ташкилотларнинг «Мусулмон меҳмондўстлиги» йўналишида баҳолаш рейтинги жорий этилади

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан 2019-йил 29-июль куни Цингапур «CресcэнтРатинг» агентлигининг мусулмон меҳмондўстлиги хизматлари рейтинги юртимизда жорий этилиши муносабати билан тақдимот ўтказилиши режалаштирилган. Маълумот ўрнида: «CресcэнтРатинг» агентлиги Жаҳон ҳалол туризм бозорида йирик экспертлардан саналади. Ташкилот 2015-йилдан бошлаб «Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси» (Глобал Муслим Травел Индех) рейтингини эълон қилиб келади. Мазкур рейтингга 130 та мамлакат аъзо бўлиб, унда 40 дан ортиқ мезонлар асосида мусулмон сайёҳлар учун таклиф этиладиган хизматлар баҳоланади. Рейтингга кўра юртимиз 2019-йилда «Жаҳон мусулмон сайёҳлик индекси»да 22-ўринда бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 10 поғона юқори натижа дегани. Маълумки, жорий йилнинг 21-23 февраль кунлари Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташабуси билан Бухорода ўтказилган «I Халқаро зиёрат туризми форуми» доирасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси «CресcэнтРатинг» агентлиги ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, ушбу халқаро ташкилот билан келгусидаги истиқболли лойиҳалар бўйича келишувларга эришилди. Жорий йилнинг май ойида мазкур келишувлар доирасида «CресcэнтРатинг» агентлиги мусулмон меҳмондўстлиги хизматлари рейтингини мамлакатимиздаги туристик ташкилотларга жорий этиш юзасидан агентлик «Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази» ДУК билан шартнома имзолади. Мазкур баҳолаш рейтинг тизими ихтиёрий бўлиб, ундан фойдаланишда истаган туристик ташкилотлар мусулмон меҳмондўстлиги соҳасида бир қанча имтиёзларга эга бўлади. Жумладан: • «CресcэнтРатинг» агентлиги томонидан туристик ташкилот ходимларига бепул малака ошириш курслари; • «ҳалол туризм» йўналишидаги сертификатланган курсларга чегирма; • туристик хизматларини халқаро миқёсда тарғиб қилиш; • маҳаллий бозорда мусулмон меҳмондўстлиги талабларига жавоб берадиган ташкилот сифатида сайёҳларни жалб қилиш орқали даромадини ошириш каби имкониятлар тақдим этилади. Ушбу рейтинг хизматларидан сайёҳлик агентликлари, меҳмонхоналар, овқатланиш масканлари, аэропортлар, вокзаллар, савдо-кўнгилочар масканлари фойдаланиши мумкиндир. Ушбу баҳолаш рейтингида халқаро экспертлар мусулмон сайёҳлар учун юқорида келтирилган туристик манзиллардаги яратилган қулайликлар ва уларнинг эҳтиёжларини инобатга олганлигига алоҳида эътибор қаратади. 2019-йилнинг 29-июль куни соат 10:00 да «Cитизен» меҳмонхонасида ўтказиладиган тақдимотда «CресcэнтРатинг» агентлигининг Бош ижрочи директори Фазал Бахардин жаноблари мазкур рейтинг тизими ҳамда ташкилот томонидан мусулмон меҳмондўстлиги хизматлари соҳасига оид консалтинг ва ўқув курслари ҳақида батафсил маълумот беради. Тақдимотда мусулмон меҳмондўстлиги хизматларини кўрсатувчи туристик ташкилотлар ҳамда юртимиздаги ОАВ вакиллари қатнашиши кутилмоқда. Манба: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати 173

“Вақфмед” дорихонаси ишга тушди

“Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, аҳолининг кўмакка муҳтож, кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган қатламини ҳимоя қилиш мақсадида кўплаб лойиҳалар ҳаётга тадбиқ этиб келинмоқда. 23 июль куни Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги “Олтинтепа” маҳалласи ҳудудида “Вақфмед” дорихонаси иш бошлади. Ушбу вақф мулки бўлган дорихонанинг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, “Вақф” хайрия жамоат фонди бошқарув раҳбари Искандар Халиловлар иштирок этдилар. Муфтий ҳазратлари дорихона фаолияти билан танишиб, уни ҳар томонлама ривожлантириш, дори-дармонлар хилма-хиллигини ошириш, нарх-навосини арзон қилиш ва тушган фойдани бемор ётганларнинг холидан хабар олишга йўналтириш зарурлигини алоҳида таъкидладилар. Якунда шундай хайрли ишларнинг янада бардавом бўлишини тилаб дуо қилдилар. Ушбу дорихонадан ижтимоий кўмакка муҳтож юртдошларимиз учун бепул дори-дармон тақдим этилади. Бунинг учун фуқаролар кўмакка муҳтожлигини тасдиқловчи ҳужжатларни Фонднинг ҳудудий филиалига тақдим этишлари талаб этилади. Ҳужжатлар Фонд ходимлари томонидан ўрганилиб ҳақдор бўлганликлари тасдиқлангач уларга дорихонадан бепул ёрдам бериш бўйича йўлланма берилади. Вақф дорихонасида юздан ортиқ номдаги дори маҳсулотлари келтирилган бўлиб, уларнинг тури кундан кунга кўпайишда давом этади. Дорихона замонавий ҳисоб-китоб техникаси билан таъминланган бўлиб, савдо жараёнини аниқликда олиб боришда муҳим аҳамиятга эга. “Вақфмед” дорихоналар тармоғи мамлакатимиз бўйлаб барча ҳудудларда ташкил этилиши Фонд томонидан режалаштирилган бўлиб, ушбу тармоқлардаги савдо-сотиқдан тушган маблағ вақф мулкини тасарруф этиш ва хайрия ишларига йўналтирилади. Дорихоналар “Ислом қуввати. Ватан равнақи. Халқ манфаатлари учун” шиори остида ўз фаолиятини юритади. “Вақф” хайрия жамоат фонди юртимиз мўмин-мусулмонларини Аллоҳ таоло розилиги учун кўпроқ саҳоват кўрсатишга чақиради. Эҳсонлар минглаб инсонларнинг оғирини енгил қилишда муҳим ўринга эгадир. Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг Каломида эҳсон қилувчиларга ваъда беради: “Албатта, Аллоҳ бир зарра миқдорида (ҳам бировга) зулм қилмагай, Агар (ўша миқдорда) яхшилик бўлса, уни (бир неча баробар) кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан улуғ мукофот (жаннат) ато этур” (Нисо сураси, 40-оят). Аллоҳ таоло барчаларимизни яқинларга, муҳтож кишиларга яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни, берадиган хайр-эҳсонларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саҳоватли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб айласин. Манбаа:http://muslim.uz 123
1 2 3 8