islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Sentabr 4, 2019

Day

Илм икки дунё саодати

Аллоҳ таоло бир оятда бундай дейди: Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми? Мана янги ўқув йили бошланди. Бу таълим даргоҳларида ўқувчи ва талабалар учун билим олиш имкониятлари очилди демак. Илм хазиналарини қўлга киритиш умидида бўлган ёш авлод илм эгаллашда нималарга эътибор беришлари ва нималардан эҳтиёт бўлишлари керак бўлади. Аввало ният чиройли ва тўғри бўлиши лозим, яъни ўқиб ўрганиб хаётга тадбиқ қилишлик билан халқимизга фойдаси-манфаати етадиган бўлиши керак. Ислом дини барча мусулмонларни илм олишга чақиради. Илмни эса хеч ким ўз холича ўргана олмайди. Илм эгаллашда муайян устозга, унинг салоҳияти ва йўналишига эхтиёж сезади. Ёш авлодни чуқур билимли ва етук мутахассис бўлиб етишишларида устоз ва мураббийларнинг хизматлари беқиёс. Дарҳақиқат муқаддас динимиз таълимотлари инсон зотини жахолат зулматидан нурли хаётга етишишда муҳим омил бўлиб устоз ва мураббийларнинг хизматлари беқиёс. Қуръони каримда илмли кишиларнинг ва устозларнинг мартабалари юксак даражаларга кўтаришини баён қилиб шундай дейди: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато қилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”. Шунингдек илм ўргатаётган устозини хурматини қилиб бўлар бўлмас ишлар билан ранжитмайди, зероки ўзбек халқ мақолларида “Устоз отангдек улуғ” дейилади. Ўзи билан ўқиётган синфдош ва курсдошларини хурмат қилади. Ўқишда дангасаликка йўл қўймайди ҳамда дарсларга бардавом қатнашади, қолдирмайди. Ота-онасига мен дарсга кетдим, деб интернет клубга кириб, бўлмағур, бемаъни сайтларга кирмайди ва ҳар хил ўйингохларига кириб, вақтини беҳуда ўтказмайди. Хикматли сўзларда “Вақт қилич кабидур, сен уни кесмасанг у сени кесади” дейилган. Бизлар исломий ва дунёвий илмлар эгаллаган Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Ал-Хоразмий, Алишер Навоий, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғ зотларнинг авлоди эканлигимизни хеч қачон эсдан чиқармаслигимиз лозим. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Илм талаб қилиш хар бир эркак ва аёлга фарздур”. Машҳур саҳобалардан ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос шундай ривоят қиладилар: “Сулаймон алайҳиссаломга илмни мол ва мулкдан биттасини танлаш таклиф қилинганида, илмни танладилар, унинг сабабидан молга хам мулкка ҳам эга бўлдилар”. Луқмон Ҳаким ўғлига бундай насиҳат қилган экан: “Эй ўғлим, олимлар билан ҳамнафас бўл, устозлар орасида ўтир, чунки Аллоҳ еру осмони сув билан обод қилганидек, қалбларни илм-у ҳикмат нури билан билан мунаввар қилади”. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бир саҳобийга шундай деб айтган экан: “Илм молдан афзалдур. Илм ўз эгасини қўриқлайди, молни эса эгаси қўриқлайди. Молни сарф қилсанг камаяди, илмни сарфласанг, ўргатсанг, кўпаяди”, деганлар. Ёшларни илм олишларида ота-оналарнинг хизматлари беқиёс. “Ёшликда олган билим тошга ўйилган нақш кабидир”, деб бежиз айтилмаган. Ота-оналар ўз фарзандларига тўғри маслаҳатлар бериб, уларнинг соғлом ва бақувват ўсиб улғайишларига илм, маърифатлик бўлишлари учун ғамхўр бўлишлари керак. Бугунги кунда юртимизда ёшларимиз илм олиш учун хеч қандай монеълик йўқ, барча шароит ва имкониятлар бор. Юзлаб ўқув юртлари, коллеж ва лицейлар, умумтаълим мактаблари фарзандларимиз ихтиёрида. Илм даргоҳларида ўз соҳасида етук мутахасис бўлиб чиқиш имконияти мавжуд. Юртимизда кадрларни таёрлаш, уларни тизимли таълим ва тарбиялаш ишларига катта аҳамият бериб келинмоқда. Қомусимизда узлуксиз таълим олиш бепул эканлиги ўз ифодасини топган. Аллоҳ таоло илм йўлида саъй-харакат қилаётган илм толибларига диний ва дунёвий илмларни мукаммал эгаллашларида ҳамда уларни ҳаётга тадбиқ этишларида улуғ муаффаққиятлар ато айлаб, барчаларимизни икки дунёда саодатлик ва солиҳ бандалардан бўлишимизни насиб айласин. Андижон шаҳар Шаҳидтепа жомеъ масжиди имоми Абдуносир Ахбоев  208

“Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида мустақиллик дарслари бўлиб ўтди

Бугун 2019 йил 4 сентябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Ўзбекистон Республикаси истиқлолга эришганлигининг 28 йиллиги муносабати билан “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида мустақиллик дарслари бўлиб ўтди. Мустақиллик дарси 2-3 курс талабалари учун Тошкент ислом институти Ахборот ресурслар маркази биносида ўтказилди. Дарсда Ўзбекитон халқаро ислом академияси профессори, сиёсий фанлар доктори Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов ҳамда Ўзбекиcтон Фанлар академияси Тарих институти катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Хуршид Жуманазаров маъруза қилиб бердилар. 1-4 курс талабалари учун ҳам ушбу дарс институт Ахборот ресурслар маркази биносида ўтказилиб, унда Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Эргаш Даминов ҳамда Тошкент ислом институти проректори Жаҳонгир Мелиқўзиевлар маъруза қилдилар. “Таҳфизул Қуръон” кафедраси талабалари учун эса мустақиллик дарси “Аҳмаджон қори” жоме масжиди биносида ўтказилди. Мустақиллик дарсини Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи Фахриддин Муҳаммадиев ҳамда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани “Мулло Холмирзо ота” жоме масжиди имом хатиби Абдурасул Абдуллаевлар олиб бордилар. Шунингдек, Тошкент ислом институтининг мажлислар залида институт талаба қизлари иштирокида “Жонажон Ўзбекиcтоним, мангу бўл омон!” мавзусидаги мустақиллик дарсида Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров, “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси раиси Амирқул Каримов ва Тошкент шаҳар “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти раҳбари Муҳаммадамин Насриевлар маъруза қилдилар. Мустақиллик дарсларида истиқлол йилларида кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тиклангани, ушбу неъматни қадрига етиш, уни асраб-авайлаш лозимлиги таъкидлаб ўтилди. Дарсда шунингдек, сўнгги йилларда диний соҳада олиб борилаётган ўзгаришлар, янги ўқув даргоҳлари, илмий марказларининг очилиши тўғрисида сўз борди. Ижтимоий фанлар кафедраси кабинет мудири Ҳамидуллоҳ Нажмиддинов 392

Муфтий ҳазрат барчани янги ўқув йили билан қутладилар

4 сентябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги ҳамда 2019-2020 ўқув йилининг бошланиши муносабати билан “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янгради. Анъанага кўра, Қуръони карим тиловат қилинди ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари томонидан янги ўқув йилини баракали ўтишини сўраб дуолар қилинди. Сўнг Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров сўзга чиқиб, институтда эришилган ютуқлар ва ўзгаришларни таъкидлаб, бошланаётган ушбу ўқув йилига омад ва зафарлаб тилаш учун сўзни муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига берди. Муфтий ҳазратлари барчани янги ўқув йили билан қутлаб, шундай дедилар: – Сиз азизларни мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллик байрами ҳамда бошланаётган янги ўқув йили билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти номидан ҳамда шахсан ўз номимдан самимий муборакбод этаман. Кейинги йиллар мобайнида диний таълим муассасалари фаолиятида катта ютуқларга эришилди. Сизлар яратиб берилган шароитлардан унумли фойдаланиш билан бирга, ўз устларингизда янада самарали меҳнат қилиб, халқимизга муносиб фидокор, юртимизга, динимизга сидқидилдан хизмат қиладиган етук инсонлардан бўлишингизни Аллоҳ таолодан сўраб дуолар қиламиз, – дедилар.Муфтий ҳазратлари бу олий даргоҳдан қандай улуғ алломалар, дин арбоблари ўтганини эслаб, талабаликка қабул қилинган илму толибларга аждодларга муносиб авлод бўлишини тилаб, зарур тавсиялар бердилар. Шунингдек, “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси раиси А.Каримов талабалар, аввало кучли билимга эга бўлиши, бу ерда устозлардан илм олишда ва одоб-аҳлоқ сабоқларини ўрганишда тиришқоқ, қолаверса Ислом динини нафақат ўз юртида, балки дунёга етказа оладиган салоҳиятга эга бўлишлари кераклигини таъкидлади. Тадбирдан сўнг муфтий ҳазратлари Ислом институтида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар билан танишдилар. Аллоҳ таборака ва таолодан барча илм толибларига манфаатли илм ато этишини сўраймиз. 160