Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий диний ўқув юрти бўлиб, Ислом илмлари ва асосларини чуқур эгаллаган, динлар тарихи ва назариясини ўзлаштирган, соф исломий эътиқод билан йўғрилган олий маълумотли диний кадрлар тайёрлайди.
Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, собиқ муфтий Зиёвуддинхон Эшон Бобохон ўғли ташаббуси билан 1971 йил 1 ноябрда ташкил этилган.
Дастлаб “Олий диний мадраса” деб номланиб, “Намозгоҳ” масжидида фаолият юритган.
1974 йилда Имом Бухорий таваллудининг 1200 йиллик тантаналари кенг нишонланиши муносабати билан буюк юртдошимизнинг номи берилиб, “Олий маъҳад”, яъни Тошкент ислом институти деб юритила бошланди.
Кавказорти, Шимолий Кавказ, СССРнинг Европа қисми ва Сибир мусулмонлари диний бошқармаларининг кадрлари ҳам шу ерда таҳсил олди.
2007 йили институтнинг янги биноси фойдаланишга топширилди. 2021 йили 4 қаватли ётоқхона биноси ҳам қуриб битказилди.
Кундузги таълимда талабалар 4 йил таҳсил олади
Ўрта махсус маълумотли имом-хатиблар 3 йил таҳсил олади
18 ёшдан катта Ўзбекистон фуқаролари Қуръони карим ва тажвид илмини ўрганади
Институтда 5 та: Ақоид ва фиҳқий фанар, Ҳадис ва ислом тарихи фанлари, Тиллар, Таҳфизул Қуръон ва Ижтимоий фанлар кафедралари мавжуд.
Институт битирувчиларига исломшунос, имом-хатиб ва араб тили ўқитувчиси ихтисослиги берилади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, шайхул ислом Аллоҳшукур Пошшозода, муфтий Усмонхон Алимов, давлат арбоби Аҳмад Қодиров, Шайх Абдулазиз Мансур, муфтий Умар Идрисв каби уламо ва давлат арбоблари Тошкент ислом институти битирувчилари ҳисобланади.