islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Тошкент ислом институти 5-ректори

Яшаган йиллари: 1952-2015

Ректорлик йиллари: 1987-1989

Таваллудлари

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1952 йил 15 апрель куни Андижон вилоятининг Асака туманидаги Ниёзботир қишлоғида таваллуд топди. 

Талабалик йиллари

  • Бошланғич диний таълимни отаси Муҳаммад Юсуф домладан олди
  • 1959-1969 йиллар – Булоқбоши қишлоғидаги ўрта мактаб ўқувчиси
  • 1970-1971 йиллар – Бухородаги Мир Араб мадрасаси талабаси
  • 1971-1975 йиллар – Тошкент ислом институти талабаси
  • 1976-1980 йиллар – Ливия Араб Жамоҳириясидаги «Ислом даъвати факультети» талабаси

Устозлари

  • Тошкент ислом институтидаги талабалик даврида Юсуфжон домладан балоғат илмини, Исмоил Махдум ҳазратларидан фиқҳ илмини, муфтий Зиёвуддин Эшон Бобохон ҳамда Абдулғани домлалардан ҳадис илмини ўрганди.
  • Ливияда Тоййиб Ан-Наосдан «Оётул аҳком», «Усулул фиқҳ» фанларидан, Муҳаммад Робитийдан ҳадис ва фиқҳдан, Иброҳим Руфайдадан «Улумул Қуръон»дан, доктор Ҳулайлдан балоғат илмидан, Комил Баннодан тарихдан ва бошқа устозлардан илмул ахлоқ, илмун нафс, мантиқ, ақоид каби фанлардан таълим олди.

Меҳнат фаолиятлари

  • 1975-1976 йиллар – Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасига қарашли «Совет Шарқи мусулмонлари» журнали ходими
  • 1980-1984 йиллар – Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси Ташқи алоқалар бўлими ходими
  • 1981-1989 йиллар – Тошкент ислом институти ўқитувчиси
  • 1984-1987 йиллар – Тошкент ислом институти ректор муовини
  • 1987-1989 йиллар – Тошкент ислом институти ректори
  • 1989-1993 йиллар – Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий
  • 1989-1993 йиллар – Ўзбекистон СССР Олий Кенгаши депутати

Ректорлик даврида

  • Тошкент ислом институтидаги ректорлик даврида ўқув дастурига «Улумул Қуръон» (Қуръон илмлари), «Улумул ҳадис» (ҳадис илмлари), «Фирақ исломия» (фирқалар ва йўналишлар ҳақидаги фан), «Фаннул хатоба» (нотиқлик ҳақидаги фан) каби янги фанлар киритилди.
  • Тафсирдан Муҳаммад Алий Собунийнинг «Оётул аҳком» китоби, ҳадисдан «Ал-Манҳалул ҳадис фи шарҳил ҳадис» китоблари ўқитила бошлади. Ушбу китоблар диёримизда бўлмагани боис, уларни хорижий мамлакатлардан олиб келиш учун кўп саъй-ҳаракат қилди. Кейинчалик муфтийлик йилларида бу диний адабиётларнинг бир қанчасини Ўзбекистонда чоп ҳам қилдирди.

Муфтийлик даврида

  • Диний идора қошида ёрдамчи хўжалик ташкил қилиниб, иссиқхона қурилди, олинган даромад эса диний идора, масжид-мадрасаларнинг сарф-харажатларига, устоз ва талабаларнинг ойлик маошларига, диний китоб ва рисолалар чоп қилиш каби мақсадларга йўналтирилди.
  • Кувайт давлатига ташрифида мамлакат Вақф ва исломий ишлар вазирлиги раҳбарлари билан келишиб, Ўзбекистонда Кувайт Халқаро Ислом хайрия жамғармасининг бўлимини очди. Бу хайрия жамғармаси ўша даврдаги Диний идора таркибида бўлган барча жумҳуриятларда турли хайрия ишларини амалга оширди, масжид-мадрасалар қуришда ёрдам берди.
  • 1989 йили Диний идорага раис-муфтий қилиб сайланиши муносабати билан ўтказилган Қурултойда Ўзбекистон ҳукумати томонидан Тошкентдаги тарих музейида сақланаётган Мусҳафи Усмонийнинг Диний идорага топширилди.

Депутатлик даврида

  • Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси ҳамда СССР Олий Кенгашининг халқ депутати сифатида СССР ҳукуматига мусулмонларнинг аҳволи ёритилган, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурматлаш ва Ислом дини арконларини адо этиш имкониятини қайта тиклаш масаласи кўтарилган баённомани тақдим этди.
  • Собиқ Иттифоқ раҳбари Горбачёвга расман мурожаат қилиб, диёримиздан ҳаж зиёратига борувчи мусулмонлар сонини кескин кўпайтиришга муваффақ бўлди ва 1990 йили Марказий Осиё республикаларининг ўзидан беш юз нафар мусулмонни Тошкент шаҳри орқали ҳаж зиёратига олиб боришга эришди. Бундан аввал собиқ Иттифоқнинг барча республикаларидан жами 20-30 кишигина ҳажга борар эди.
  • Саудиядаги «Робитатул оламил исломий» раҳбарлари билан мулоқотлар қилиб, уларга собиқ Иттифоқда яшовчи мусулмонларнинг мусҳафи шарифга муҳтожлигини тўғри тушунтиришга ва Саудия подшоҳи, марҳум Фаҳд ибн Абдулазиз номидан собиқ Иттифоқ мусулмонлари учун бир миллион ададда турли ҳажмдаги мусҳафи шарифларнинг ҳадя қилинишига эришди. У киши Робита раҳбарларидан ушбу мусҳафларни рамзий (арзон) нархда мусулмонларга сотиб, тушган маблағларни Диний идора сарф-харажатлари ҳамда масжид ва мадрасаларни таъмирлаш, диний китоб ва журналлар нашр қилишга йўналтириш учун келишган эди.
  • Шайх Муҳаммад Содиқ Ўзбекистондаги иқтидорли имом-домлаларни чет элда малакаларини ошириш учун ўқишга юбориш ҳақида Миср Вақф ва исломий ишлар вазирлиги билан ҳамда Покистондаги дин ишлари бўйича масъул давлат идоралари билан келишиб, бир қанча имом-домлаларимиз ушбу мамлакатларда таҳсил олиб, малака оширишларига имконият яратди.
  • Диний идоранинг фақат чет элликларга мўлжалланган ва бир неча хорижий тилларда нашр қилинадиган «Совет Шарқи мусулмонлари» журналини «Мовароуннаҳр мусулмонлари»га ўзгартириб янги ном ва янгича мазмун билан нашр эттирди. 1990 йилдан бошлаб эса «Ислом нури» газетаси катта нусхада чиқа бошлади. Бу журнал ва газетада шайх Муҳаммад Содиқнинг, диний таълим муассасалар устозлари, имом-хатиблар ва ёзувчиларнинг долзарб диний мавзулардаги мақолалари чоп этила бошланди.
  • Исломдаги икки байрам – Рамазон ва Қурбон ҳайитларини нишонлаш, бу кунларни мамлакатимизда дам олиш кунлари деб эълон қилиш ҳақида шайх Муҳаммад Содиқнинг ҳукумат идораларига киритган таклифи ижобий қабул қилиниб, шундан буён бу байрамлар Ўзбекистонда кенг нишонланиб ва ҳар йили дам олиш кунлари деб эълон қилинмоқда.
  • Шайх Муҳаммад Содиқ афғон мужоҳидларининг Пешовардаги қароргоҳида музокаралар олиб бориб, тинчликпарварлик борасида ҳам жонкуярлик қилди. Шайх Муҳаммад Содиқ Совет Иттифоқи ҳудудида яшовчи мусулмонларнинг диний ҳуқуқлари, диний таълим ва маданиятини тиклаш йўлидаги тўсиқларни олиб ташлашда ҳам ўзига берилган ваколатдан унумли фойдаланди.

Хориждаги ҳаёти

  • 1993 йили муфтийлик лавозимидан истеъфога чиқди. Истеъфодан сўнг ҳам унга қарши иғво, туҳмат, адоват тўхтамагач, Ватандан, халқдан, ота-она ва қариндош-уруғдан айро ҳолда, фироқда яшаш бизга Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан мерос деб, жондан ортиқ кўрган Ватанини, халқини вақтинча тарк қилишга мажбур бўлди.
  • 1993–1994 йиллар давомида Саудия Арабистонининг Маккаи мукаррама шаҳрида истиқомат қилди. Аллоҳнинг ҳикмати, иродаси ила шоҳ асари бўлмиш «Тафсири Ҳилол»ни айнан Қуръони Карим нозил бўлган маконларда ёзишни давом эттирди.
  • Шайх Муҳаммад Содиқ оиласи билан 1994 йилда Ливияга кўчиб ўтиб, 2001 йили она юрти Ўзбекистонга қайтгунга қадар илмий фаолиятини ўша ерда давом эттирди.
  • Шайх ҳазратлари Миср Араб Республикаси, Ливия Жамоҳирияси ва Россия федерацияси каби қатор давлатларнинг фахрий унвон ва мукофотлари билан тақдирланган.
  • Миср Араб Республикасига уюштирган сафари давомида у кишига Мисрнинг ўша вақтдаги президенти Муҳаммад Ҳусни Муборак томонидан мамлакатнинг биринчи даражали «Нил лаври» олтин нишони топширилди.

Юртга қайтиш

  • Ўзбекистонга қайтиб келгач, 2001–2015 йиллар мобайнида улкан диний-маърифий фаолият кўрсатди, юздан ортиқ китоблар, рисолалар, мақолалар, овозли ҳамда тасвирли ёзувларда илмий суҳбатлар, мавъизалар, туркум дарслар, маърака-йиғинлардаги маърузалари, islom.uz порталидаги 25000 дан ортиқ турли мавзулардаги савол-жавоблари билан ўз юртида Ислом динининг ривожига, халқнинг диний савиясини оширишга салмоқли ҳисса қўшди.
  • Ҳар йили Рамазон ойида масжидларда туркум суҳбатлар уюштириб, муайян мавзу асосида илмий мавъизалар қилар эди. Бу туркум суҳбатларнинг овози ва тасвири ёзиб олиниб, миллий ва хорижий радиоканаллар ҳамда интернет орқали кенг жамоатчиликка тақдим қилинар эди.

Халқаро ташкилотлар аъзолиги

  • Маккаи мукаррамадаги Ислом олами Робитаси таъсис мажлиси
  • Бутун жаҳон тасаввуф уюшмаси
  • Бутунжаҳон исломий халқ бошқарувининг бош котибияти
  • Бутун дунё даъват уюшмаси
  • Бутун жаҳон мусулмон уламолари халқаро уюшмаси
  • Исломобод шаҳридаги Бутун дунё Ислом уюшмаси
  • Маккаи Мукаррамадаги Бутун дунё мутафаккир уламолари йиғинининг ижроия қўмитаси
  • Бутун дунё масжидлар уюшмаси
  • Иорданиядаги Оли Байт «Исломий тафаккур» қироллик академияси

Шогирдларига таълим берган китоблари

  • «Тафсиру Насафий»
  • «Манор фи улумил Қуръон» (Муҳаммад Али Ҳасан)
  • «Улумул Қуръон» (Манноъ Қаттон)
  • «Саҳиҳи Бухорий»
  • «Асарул ҳадисиш-шариф фии ихтилафил аиммал фуқаҳо» (Муҳаммад Аввома)
  • «Мусталаҳул ҳадис» (Маҳмуд Тоҳҳан)
  • «Шарҳу Ақоидин-Насафийя»
  • «Шарҳу Ақоидит-Таҳовийя»
  • «Усулул фиқҳ» (Ваҳба Зуҳайлий)
  • «Қоваиду фиқҳийя» (Аҳмад Зарқо)
  • «Закот» (Кувайт ҳайъати)
  • «Қоваид фиқҳийя» (Алий Надавий)
  • «Фароиз» (Собуний)
  • «Ашбааҳ ван-назоир» (Ибн Нужайм)
  • «Замонавий молиявий масалалар» (Муҳаммад Тақий Усмоний)
  • «Фиқҳ муомалот молийя» (Рофиқ ал-Мисрий)
  • «Муамолот молийя муъосира» (Ваҳба Зуҳайлий)
  • «Ҳикамул Атоийя» (Ибн Атоуллоҳ Сакандарий)
  • «Қоваидут тасаввуф» (Шайх Аҳмад Зарруқ)
  • «Ҳақоиқ анит-тасаввуф» (Шайх Абдулқодир Ийсо)
  • «Шариатул Ислам солиҳатун лит-татбийқ фи кулли заман ва макан» («Ислом шариатини барча замон ва маконларга татбиқ қилиш мумкин», Қаразовий)
  • «Фиқҳул авлавийят» (Қаразовий)

Islom.uz портали

Islom.uz порталига 2003 йилда етук аллома, муҳаддис, фақиҳ, Ислом оламининг йирик намояндаси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ томонидан асос солинган.

Мақсади: Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатишдан иборат.

Чоп этилган китоблари

  • «Тафсири Ҳилол»
  • «Қуръони Карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси»
  • «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласи
  • «Иймон»
  • «Васатия - ҳаёт йўли»
  • «Дин насиҳатдир»
  • «Шоядки, тақводор бўлсак»
  • «Поклик иймондандир»
  • «Ҳаж ибодати»
  • «Исломда инсон ҳуқуқлари»
  • «Ислом мусаффолиги йўлида»
  • «Ислом маънавий жиноятларга қарши»
  • «Рамазонни қандай қаршилаймиз»
  • «Ислом ва атроф-муҳит муҳофазаси»
  • «Сунний ақийдалар»
  • «Усулул фиқҳ»
  • «Мусталаҳул ҳадис»
  • «Қуръон илмлари»
  • «Кифоя» («Мухтасарул виқоя» шарҳи, 3 жилд).
  • «Одоблар хазинаси» (Имом Бухорий қаламига мансуб «Адабул муфрад» китобининг шарҳи, 4 жилд).
  • «Руҳий тарбия» (3 жилд).
  • «Яхшилик ва силаи раҳм китоби» (Ҳасан Марвазийнинг шу номли китоби таржимаси ва шарҳи, 2 жилд)
  • «Мазҳабсизлик – Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир» (Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий)
  • «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам»
  • «Соф табиат дини»
  • «Мукаммал саодат йўли»
  • «Зикр аҳлидан сўранг» (7 жуз)
  • «Ижтимоий одоблар»
  • «Бахтиёр оила»
  • «Фиқҳий йўналишлар ва китоблар»
  • «Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар»
  • «Ақийдатут-Таҳовия шарҳи талхийси» (Анвар Бадахшоний)
  • «Ихтилофлар: сабаблар, ечимлар»
  • «Мазҳаблар – бирлик рамзи»
  • «Исроф»
  • «Ёлғон»
  • «Бозор ва унга боғлиқ масалалар»
  • «Қарз ва унга боғлиқ масалалар»
  • «Самарқанднинг сара уламолари»
  • «Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш каби ишларнинг ҳақиқати»
  • «Соғлом бола»
  • «Мўминнинг меърожи» (муфассал намоз китоби)
  • «Мўминнинг қалқони» (муфассал рўза китоби)
  • «Мўминнинг нажоти» (муфассал закот китоби)
  • «Мўминнинг умр сафари» (муфассал ҳаж китоби)
  • «Сарахс аҳли сўраган масалалар. Касбнинг баёни» (Ҳаким Термизий)
  • «Очиқ хат»
  • «Кексаларни эъзозлаш»
  • «Хислатли ҳикматлар шарҳи» (5 жилд)
  • «Ислом тарихи» (2 жилдлик)
  • «Олам ва одам, дин ва илм»
  • «Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар»
  • «Фақиҳ имомлар ихтилофида ҳадиси шарифнинг ўрни» (М.Аввома)
  • «Нақшбандия (вазифалар, зикрлар)»
  • «Исломнинг мадори бўлган ҳадислар» туркуми
  • «Тафсир Хилал»
  • «Хадисы и Жизнь»
  • «Суннитские вероубеждения»
  • «Разногласия: причины и решения»
  • «Истина о сути гадания, колдовства, изгнание джиннов и нетрадиционных методов лечения»
  • «Счастливая семья»
  • «Заем и связанные с ним вопросы»

«Олтин силсила» туркуми

Шайх Муҳаммад Содиқнинг сўнгги йиллардаги энг буюк хизматларидан яна бири – «Олтин силсила» деб номланган ҳадислар мажмуасининг академик нашрига бош-қош бўлганидир. «Набавий ҳадисларнинг олтин силсиласи» деб номланган ушбу улкан илмий лойиҳага Ислом оламида эътироф этилган «Кутубу ситта» муаллифлари ҳамда яна уч буюк муҳаддиснинг ҳадислар тўплами киритилди.

  1. «Саҳиҳи Бухорий»
  2. «Саҳиҳи Муслим»
  3. «Сунани Абу Довуд»
  4. «Сунани Термизий»
  5. «Сунани Насоий»
  6. «Сунани Ибн Можа»
  7. «Муваттои Молик»
  8. «Сунани Доримий»
  9. «Саҳиҳи Ибн Ҳиббон»

Ушбу улкан академик мажмуа жами 50 жилдга яқин бўлиши кўзда тутилган.

Ҳадиси шарифлар, хусусан, буюк ватандошимиз, муҳаддислар султони имом Бухорий ҳазратларининг Ислом оламида Қуръони Каримдан кейин иккинчи ўринда турувчи «Жомеъус-саҳиҳ» тўплами мухтасар шаклда аввал ҳам ўзбек тилига таржима қилинган. Бироқ «Олтин силсила» мажмуасининг ўзига хос жиҳати, юксак илмий аҳамияти шундаки, ушбу асардаги ҳадислар Ислом уламоларининг илмий адабиётларга, хусусан, ҳадис тўпламларига қўйган шарт ва талабларига тўла риоя қилинган ҳолда берилган. Аввал араб тилидаги, энг мўътамад нусхалардан олинган асл матн, сўнгра имкон қадар асл матнга сўзма-сўз мосланган, ҳозирги замон ўзбек адабий тилидаги таржима берилган. Зарур ҳолларда ўқувчилар учун айрим истилоҳлар, янги ёки нотаниш сўзларга изоҳ ва иловалар келтирилган.

«Нilol-nashr» нашриёт-матбаа мажмуаси

«Нilol-nashr» нашриёт-матбаа мажмуаси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ташаббуси билан 2011 йилда фаолият юрита бошлаган.

«Нilol-nashr» нашриёт-матбаа мажмуаси асосий фаолиятини қуйидаги йўналишларда олиб бормоқда:

  • Диний, маърифий, илмий-оммабоп, публицистик ва бадиий асарларни нашр этиш;
  • Илмий-маърифий мазмундаги аудио ва видео маҳсулотлар тайёрлаш;
  • Китоб, аудио ва видеомаҳсулотлар савдоси.

«Нilol-nashr» нашриёт-матбааси 2014 йилдан китоб ва медиамаҳсулотларнинг https://e-hilolnashr.uz  ва https://hilolnashr.uz онлайн савдосини ҳам ташкил қилди.

Шахсий фазилатлари ва кун тартиби

  • Шайх Муҳаммад Содиқнинг асосий вирдлари илм эди. У киши: «Оддий мўминнинг вирди зикр, қорининг вирди Қуръон, толиби илмнинг вирди талаби илм, олимнинг вирди илм тарқатиш», дер эдилар.
  • Кун тартибларига келсак, қишин-ёзин саҳарлаб турардилар, таҳажжуд ўқиб, сўнгра ишга ўтирардилар. Бомдод вақти кирганда намозни ўқиб, вирдга ўтирардилар. Вирдлари суннатда келган тонгги зикрлар ва ўзлари ихтиёр қилган баъзи зикрлар бўларди. Кўпинча эрталаблари турли маросимларга таклиф қилинар, у ерда ҳам амри маъруф ва наҳйи мункар қилар эдилар. Ҳар куни ўн саҳифа китоб таълиф қилишни ўзлари учун вазифа қилиб олган эдилар. Вазифаларини тугатмагунча бошқа ишга қўл урмас эдилар. Ҳатто сафарда ҳам, имкон топилди дегунча, ишларини давом эттирардилар.
  • Ҳазрат бирор лаҳзани ҳам зое қилмас эдилар. Вазифаларни ўтаб бўлган пайтлари Қуръон тинглар эдилар. Қуръони Каримни кўп ўқир ва эшитар эдилар. Озгина фурсат бўш қолсалар, зикр қилиб ўтирар эдилар. У киши бадиий адабиётга ҳам қизиқардилар. Илмий ишлардан бўшаган пайтлари турли бадиий асарларни ўқир, ҳикматли шеърларни ўқишни, тинглашни яхши кўрар эдилар.